loader
Foto

Ўзига итоат қилдирувчи хасислик

Қалб гуноҳларининг катталаридан навбатдагилари уч ҳалок қилгувчи нарсалардирки, ҳадиси шариф бундан қайтарган:

“Уч ҳалок қилгувчи нарсалар булардир: Ўзига итоат қилдирувчи хасислик, эргашилувчи ҳаво, киши ўзига ажабланиши - кибрланиши”.

Хасисликни ёмонлиги ҳақида кўп ҳадислар келган:

“Ҳеч қачон банданинг қалбида иймон билан хасислик бирга жамланмайди”.

“Кишидаги ёмон нарса қўрқоқ бахиллик ва беҳаё қўрқоқлик”.

“Зулмдан қўрқинглар, чунки зулм Қиёмат Куни зулмат бўлур. Хасисликдан қўрқинглар. Чунки хасислик сизлардан аввалгиларни ҳалок қилган - уларни бир-бирларини қонларини тўкишга, ўзларига ҳаром нарсаларни ҳалол қилиб олишга ундаган”.

“Хасисликдан эҳтиёт бўлинглар. Чунки сизлардан аввалгилар хасислик сабабли ҳалок бўлганлар. Хасислик уларни қариндошлар билан алоқани узишга буюрган, улар узганлар. Бахилликка буюрган, бахиллик қилганлар. Бузуқликка буюрган, бузуқлик қилганлар”.

Уламолар айтади: хасислик очкўз бахилликдир. Хасислик бахилликдан кўра ёмонроқдир. Чунки бахиллик молни қизғониш бўлса, хасислик нафс уни беришдан тўсадиган ҳар нарсада хасислик қилишдир, масалан, пул сарфлаш, яхшилик қилиш, тоат қилиш каби. Хавотирга солувчи хасислик шундай нарсаки, у ўз эгасини хавотирга солади. Ва бу хавотир у инсонни қаттиқ жазавага солади. Яъни, у хасислик пайтида ундан бирор нарса чиқишига кўпроқ жазавага тушади.

Дедилар: Ҳеч қачон Аллоҳни танишлик билан бирга хасислик жамланмайди. Чунки фақирликдан қўрқиш уни инфоқ-эҳсон қилишдан тўсади, бу эса Аллоҳни танимасликдир, ваъдасида турмасликдир, ўша инсоннинг кафолатсизлигининг белгисидир. Бундан келиб чиқадики, инсоннинг қалбида бахиллик ва иймон жамланмайди. Бахиллик ва иймон бир-бирларини қуварлар.

Юсуф Қарзовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш"китобидан