loader
Foto

Ўлгандан сўнг қайта тирилиш ва ундан сўнг келадиган нарсаларга иймон

«Ва қиёмат куни баъсга (қайта тирилишга), амалларнинг жазо ва мукофоти берилишига, арзга (қилинган амалларнинг кўрсатилишига), ҳисоб-китобга, китобни (номаи аъмолни) ўқишга, савобга ва иқобга, сирот ва мезонга (амал тарозисига) иймон келтирамиз».

Ўлимдан кейин бўладиган қуйидаги саккиз ишнинг ҳақлигини тасдиқлаймиз:

1.Ўлимдан сўнг иккинчи бор ҳаётга келиш.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:«Сўнгра сизни ўлдиради ва яна тирилтиради, кейин сизлар Унга қайтариласизлар» (28-оят).

Балки инсон унга жон қаердан келганини ўйлашга кўп ҳам рағбат қилмас, лекин оятда эсга солинаётган ишга - «сўнгра сизни ўлдиради»га тан бермасликнинг иложи йўқ. Дунёнинг энг ақллисиман, деган кофир ҳам ўлим олдида иложсиздир. У абадий яшаб қолмаслигини билади, ўлимга бош эгади. Хўш, барибир бир кун келиб Аллоҳ жонингни олар экан, қандай қилиб У Зотни инкор этасан, қандай қилиб Унга куфр келтирасан?!

Сўнгра Аллоҳ яна инсонни қайта тирилтиради. Бу иш қиёмат куни амалга оширилади. Кофирлар бу босқичга ишонмай, тортишадилар. Лекин ҳужжат-далиллар уларнинг бу қайсарликлари ҳам беҳуда эканини кўрсатади. Жумладан, инсонни йўкдан бор қилиб, жон ато этган Аллоҳ учун барчанинг жонини яна ўзига қайтариш жуда ҳам осондир.Оятнинг охирида «...кейин сизлар Унга қайтариласизлар», дейилмокда.

2.Қиёмат куни яхши ишларнинг мукофоти, ёмон ишларнинг жазоси берилиши.

Аллоҳ таоло Аҳқоф сурасида марҳамат қилади:«Ана ўшалар қилган амаллари мукофотига» (14-оят).Ушбу ояти каримадаги «қилган амаллари мукофотига» деган жумлага алоҳида эътибор бериш лозим. Қаранг-а, «айтган гаплари» ёки «ниятлари», дейилгани йўқ, фақат «қилган амаллари» деб таъкидланмоқда.

Демак, қуруқ гапнинг Исломда эътибори йўқ, балки айтилган гапни амал билан тасдиқлаш содир бўлгандагина мукофотларга сазовор бўлинади. Мукофот - жаннатда мангу қолишдир.

3.Аллоҳнинг ҳузурида арз бўлиши (қилинган амалларнинг кўрсатилиши).

Аллоҳ таоло Ҳаққо сурасида марҳамат қилади:«Ўша Кунда кўрикдан ўтасизлар, бирорта нарсангиз махфий қолмайди» (18-оят)Яъни ҳар бир нарсанинг ҳисоб-китоби бўлади. Ўша Кунда одамлар икки тоифага бўлинадилар: яхшилар ва ёмонларга.

4.Бандалар амалларининг ҳисоб-китоби.

Аллоҳ таоло Ҳаққо сурасида шундай марҳамат қилади:«Албатта, мен ҳисоб-китобимга йўлиқишимга ишонардим» (20-оят).

Яъни бандалар Робблари ҳузурида арз қилиниб, ҳеч бир махфий нарса қолмайдиган ўша қиёмат куни кимнинг номаи аъмол китоби ўнг қўлидан берилса, у жуда ҳам бахтиёр бўлади ва сурурга тўлиб:«Мана, менинг китобимни ўқиб кўринглар!» дейди.

Аллоҳ таоло Иншиқоқ сурасида марҳамат қилади:

«Тезда, осонгина ҳисоб қилинур» ( 8-оят).Бу ишлар қиёмат куни бўлади. Маҳшарда ҳамма тўпланганда одамларга номаи аъмоллари берилади. Кимки бу дунёда мўмин-мусулмон бўлиб, тоат-ибодатда, тақводорлик билан ўтган бўлса, уларнинг номаи аъмоли ўнг тарафдан берилади. Шунинг ўзи яхшилик аломатидир. Уларнинг ҳисоб-китоби осонгина, кўрсатиб ўтиш йўли билан бўлиб, улар жаннатдаги ахдлари ҳузурига хурсанд бўлиб қайтадилар.

5.Ҳар бир кишининг номаи аъмоли ўқилиши.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:«Китобингни ўқи, бугунги кунда ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан» (14-оят).

Бошқа ҳисобчининг кераги йўқ. Ҳамма ишларинг шу китобда ёзилган, ўқиб олсанг бўлди. Узинг ўзингга ҳисобчисан,гувоҳсан.

6.Яхши амалларга савоб, ёмон амалларга иқоб берилиши.

Аллоҳ таоло Залзала сурасида марҳамат қилади:«Бас, ким зарра вазнича яхшилик қилса ҳам кўради. Ва ким зарра вазнича ёмонлик қилса ҳам кўради» (7-8-оятлар).Яъни савоби ва иқобини кўради.

Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлади, қиёматда жавоб бериш керак.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қиладилар: «Соъ-соъа ибн Муовия исмли одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди. У зот унга «Фаман яъмал мисқола зарротин хойрон яроҳ ва ман яъмал мисқола зарротин шаррон яроҳ»ни ўқиб берган эдилар, у: «Бундан бошқа нарсани эшитмасам ҳам, менга шунинг ўзи етарли», деди».Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир хурмонинг ярми ёки бир оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам ўзларингизни дўзахдан сақланглар», деганлар. Бу «яхшиликнинг катта-кичиги бўлмайди», деганларидир.

Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзга илинмайдиган гуноҳлардан сақланинглар, чунки улар тўпланиб, кишини ҳалок қилади», деганлар.

Ҳар доим кўзга кўринмас зарра миқцорида бўлса ҳам яхшиликни қилишга уриниш, шунингдек, кўзга кўринмас зарра микдорида бўлса ҳам ёмонликдан қочиш лозим.

7.Сиротдан (жаҳаннам устига қурилган кўприкдан) ўтиш.

Аллоҳ таоло Марям сурасида марҳамат қилади:«Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ. Бу Роббинг ҳузуридаги кескин ҳукмдир» (71-оят).

«Жаҳаннамга яқинлашиш»дан мурод унинг устига қурилган сирот номли кўприкдан ўтишдир.

8. Яхши амаллар билан ёмон амаллар ўртасидаги фарқни зоҳир қилиш учун амалларни тортиш.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:«Ўша куни тортиш ҳақдир» (8-оят).

Қиёмат куни фақат савол-жавоб билан кифояланиб қолинмайди. Балки ундан ҳам дақиқроқ ишлар бўлади. Ҳар бир инсоннинг қилган амаллари тарозига солиниб, тортилади. Бу тарози аниқ ишлайдиган тарози бўлиб, зарранинг оғирлигини ҳам сезади. Ана ўша тортишда кимнинг амаллари оғир келса, у нажот топади, жаннатга киради.

Ёмонликдан бошқа амаллари йўқлар ҳақида эса Аллоҳ таоло Каҳф сурасида шундай марҳамат қилади:«Қиёмат куни уларга ҳеч қандай вазн бермасмиз» (105-оят).

Яъни қиёмат куни кофирларнинг ҳеч қандай қадр-қиймати бўлмайди. Уларнинг бу дунёда қилган амалларининг вазни ҳам бўлмайди. Чунки Аллоҳнинг наздида ҳамма қадр-қиймат ва амалларнинг вазни иймонга боғлиқ. Иймони йўқнинг қадри ҳам йўқ, қиймати ҳам йўқ. Унинг қилган ишининг вазни ҳам йўқ.

Баъс - ўлгандан кейин қай га тирилиш ва ундан кейинги нарсаларга умумий далил

Билингки, ўлгандан кейин қайта тирилиш ва жисмоний қайтишга Қуръон, суннат, ақл ва соғлом табиат далолат қилади. Аллоҳ таоло азиз Китобида бу ҳақда хабар берган, унга далил келтирган ва Қуръоннинг кўпчилик сураларида бу нарсаларни инкор қилувчиларга раддия келтирган. Қуръонда хабар берилганидек, барча пайғамбар алайҳиссаломлар ўлимдан кейин қайта тирилишнинг ҳақлигига иттифоқ қилганлар. Шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам охиратни бошқа анбиёларнинг китобларида бўлмаган шаклда батафсил баён қилганлар. Аллоҳ Ўз Китобида қайта тирилиш ва унинг воқе бўлиши ҳақлиги ҳамда ундан келиб чиқадиган нарсаларга далолат қилувчи турли далил-ҳужжатларни зикр қилган.Мазкур саккиз ишнинг ҳар бирига тафсилий далиллар

1.Баъс - қайта тирилишга далиллар.

Аллоҳ таоло Тағобун сурасида марҳамат қилади:«Кофирлар ҳеч қайта тирилмасликларини даъво қилурлар. Сен: «Йўқ, Роббим билан қасамки, албатта қайта тирилтириласизлар, сўнгра қилган ишларингиздан хабардор қилинасизлар. Бу Аллоҳ учун осондир», деб айт» (7-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб, кофирлар ўлгандан сўнг қайта тирилиш ҳақида нима дейишлари ҳақида хабар бериш билан бирга, уларнинг бу даъволарига қандай жавоб беришни ҳам ўргатмоқда.«Кофирлар ҳеч қайта тирилмасликларини даъво қилурлар».

Ўлгандан кейин қайта тирилишга ишонмаслик кофирликнинг асосий кўринишларидандир. Агар инсоннинг қиёматда қайта тирилишига ва бу дунёдаги ҳар бир иши учун жавоб бериши муқаррарлигига иймони бўлса, у ҳеч қачон ёмонлик қилмас эди. Аммо кофирлар бу ҳақиқатга ишонмайдилар. Балки таъкид ила: «Ўлгандан кейин ҳеч тирилмаймиз», дейдилар.«Эй Пайғамбар!«Сен «Йўқ, Роббим билан қасамки, албатта қайта тирилтириласизлар, сўнгра қилган ишларингиздан хабардор қилинасизлар. Бу Аллох, учун осондир», деб айт».

Ушбу жумлада ўлгандан сўнг қайта тирилиш қатьий тарзда ва қайта-қайта таъкидланмокда.«Йўқ...»Эй кофирлар! Гап сиз айтгандек эмас, ўлгандан сўнг тирилиш бор.«Роббим билан қасамки...» Ўлгандан сўнг тирилиш борлигига Роббим билан қасам ичаман.«...албатта қайта тирилтириласизлар...»Қайта тирилиш билан иш тугаб қолмайди, балки бу дунёда қилинган ҳар бир ишнинг хабари ҳам берилади. Ҳа,«...сўнгра қилган ишларингиздан хабардор қилинасизлар».

Албатта, хабар қуруқ бўлмайди. Ортидан яхши ишлар учун мукофот, ёмонлари учун жазо ҳам бўлади.«Бу Аллоҳ учун осондир».Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида марҳамат қилади:«Ва албатта, Аллоҳ қабрлардаги кимсаларни тирилтирур» (7-оят).

Бунга баъзи одамлар ишонмаса ҳам, барибир бўладиган иш. Ҳозирча ишонмаслар, лекин қабрларидан тирилиб чиққанларида ишонмасдан иложлари қолмайди. Аммо унда кеч бўлади.

Аллоҳ таоло Муъминун сурасида марҳамат қилади:«Сўнгра, албатта, сизлар қиёмат куни қайта тирилтирилурсиз» (16-оят).

Ана шундан сўнг абадий ҳаёт бошланади. Абадий ҳаётнинг қай тарзда кечиши эса бу дунё ҳаётида иймонли ёки иймонсиз ўтиш, солиҳ ёки гуноҳ амаллар қилишга боғликдир. Ким иймон келтириб, солиҳ амаллар қилган бўлса, жаннатлардаги нозу неъматлардан абадий баҳраманд бўлиб, роҳат-фароғатда ўтади. Ким иймонли ҳолда гуноҳ ишларга «шўнғиган» бўлса, жаҳаннамдаги азоб-уқубатлардан «насибаси»ни олмагунча жаннатга киролмайди. Ва ким куфр келтириб, иймонсиз ҳолда вафот этса, ҳар қанча солиҳ амаллар қилган бўлса ҳам, жаҳаннамдаги азоб-уқубатларда абадий қолади.

Инсонни иймон келтиришга ундайдиган далиллар фақат унинг яратилиши, тузилиши, ҳаёти ва мамоти-дагина эмас, балки атроф-жавонибидаги борликда ҳам жуда кўпдир.Эй инсонлар, бу далилларга эътибор билан боқсангиз, дарҳол англаб етасиз.

Аллоҳ таоло Ёсин сурасида марҳамат қилади:«Улар: «Воҳ, шўримиз қурисин! Бизни ётган жойимиздан ким қўзғатди?! Бу Раҳмон ваъда қил-ган ва (юборилган) расуллар тасдиқлаган нарса-ку?!» дерлар» (52-оят).

Бошларига тушганда кўзлари очилиб, ҳушлари жойига келади.

2.Амалларнинг мукофот ёки жазоси берилишига далил.

Аллоҳ таоло Фотиҳа сурасида марҳамат қилади:«Жазо-мукофот кунининг эгасидир» (4-оят).Яъни «У қиёмат кунининг подшоҳидир».

Ушбу ояти каримада қиёмат куни «явмуддин» деб номланган. «Дин» сўзи араб тилида «ҳисоб», «жазо», «мукофот» деган маъноларни билдиради. «Явмуддин», яъни қиёмат куни барча бандалар қайта тирилтирилиб, ҳисоб-китоб қилинадилар. Яхшига мукофот, ёмонга жазо берилади. Бу оятни ўқиганда қиёматни эслаб, ўша даҳшатли кунда фақат Аллоҳнинг Ўзи ҳукм чиқариши, ўша ерда уялиб қолмасликни ўйлаб, унга тайёргарлик кўришга аҳд қилинади.

Аллоҳ таоло Нур сурасида марҳамат қилади:«Ўша Кунда Аллоҳ уларнинг ҳақ жазоларини тўлиқ берур ва улар Аллоҳнинг Ўзи очиқ-ойдин ҳақ эканини билурлар» (25-оят).Қиёмат куни Аллоҳ таоло уларга тегишли жазони ҳақ - адолат ила тўлиқ беради. Ана ўшанда бу дунёда улар ишонмай юрган Парвардигорлари -

«...Аллоҳнинг Ўзи очиқ-ойдин ҳақ эканини билурлар».

Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади:«Ким бир яхшилик келтирса, унинг учун ўн баробари бор. Ким бир ёмонлик келтирса, у фақат қилганига яраша жазоланур. Ва уларга зулм қилинмас» (160-оят).

Бу Аллоҳ таолонинг Ўзига Ўзи раҳмат ёзиб қўйганидандир. Ким яхшилик қилса, савобини ўн баробар кўпайтириб беради ва ким ёмонлик қилса, фақат ўша ёмонлигига яраша жазо беради.

Аллоҳ таоло Таҳрим сурасида марҳамат қилади:«Эй куфр келтирганлар! Бугунги кунда узр айтманглар, қилиб ўтган амалларингизнинг жазосини олмоқдасиз, холос» (7-оят).

Шу жумладан, қайта тирилишга иймон келтирмаганингиз жазосини ҳам.

Аллоҳ таоло Намл сурасида марҳамат қилади:«Сизларга фақат қилган амалларингизнинг жазоси берилмоқда, холос» ( 90-оят).

Ёмонлик қилганларга, кофирларга, гуноҳкорларга фақат амалларига яраша жазо берилади. Ундан зиёда қилинмайди. Улар юзтубан ҳолда дўзахга судраб киритилади.

Аллоҳ таоло Нажм сурасида марҳамат қилади:«Ёмонлик қилганларни амалига яраша жазолаши ва яхшилик қилганларни яхшилик ила мукофотлаши учун» ( 31-оят).

Ўлгандан кейин қайта тирилиш бўлмаса, ёмонлар ёмонлигининг жазосини олмай, қутулиб кетадилар, яхшилар яхшилигининг мукофотини ола билмайдилар. Бу эса илоҳий адолатга тўғри келмайди.

3.Арзга(Баъзи олимлар арзни бандаларнинг Аллоҳ таолога рўбарў қилинишлари ҳам дейишган.)(бандага қилган амалларининг кўрсатилишига) далил.

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:«Ва Роббингга сафга тортилган ҳолларида рўбарў қилиндилар» ( 48-оят).

Ана ўшандай тўс-тўполон кунда кофирлар Аллоҳнинг ҳузурига саф қилиб олиб келинадилар. Ҳамма тақдирга тан бериб, бошларини эгиб, қаторлашиб туради.

Аллоҳ таоло Аҳқоф сурасида марҳамат қилади:«Куфр келтирганлар оловга кўндаланг қилинган Кунда «Бу ҳақ эмасми?!» (дейилур). Улар: «Роббимизга қасамки, худди шундай», дерлар» (34-оят).Бу ояти каримада дунё ҳаётида ўлгандан сўнг тири-лишни, дўзах азобини уйдирма, афсона деб юрганларга қиёмат куни бериладиган дағдаға саволи ва уларнинг жавоби васф қилинмокда:

«Куфр келтирганлар оловга кўндаланг килинган Кунда «Бу ҳақ эмасми?!» (дейилур)».

Яъни қиёмат куни, кофирлар дўзахга равона қилинаётган вақтда улар ўз ҳолларига вой бўлганини англаб етганларидан кейин уларнинг ўзларидан: «Хўш, айтинг-ларчи, дўзах ва унинг азоби ҳақ эканми?!» деб сўралади.Кофирлар бу саволга дарҳол жавоб берадилар.

«Улар: «Роббимизга қасамки, худди шундай», дерлар».

Барча жиноятчилар қўлга тушганда мулойим бўлиб қолганидек, бу кофирлар ҳам Роббул оламиннинг қаршисида аввалги мутакаббирликларидан асар ҳам қол-май, «Роббимизга касамки», деб турибдилар. Саволга жавоб беришдан аввал Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичиб олиб, кейин «...худди шундай», демоқдалар.

«Ҳа, у дунёда биз инкор этиб юрган дўзах ва унинг азоби ҳақ экан, энди билдик», демокдалар.

Кофирлар «Худди шундай, ҳақ экан» дейиш билан чегараланишса ҳам бўлар эди, лекин у пайтда уларнинг ишончи шу даражага етганки, оддий жумла билан эмас, балки Аллоҳга қасам ичиб, «Роббимизга қасамки» деб, таъкидлаб айтишмокда.

Аллоҳ таоло Аҳқоф сурасида шундай марҳамат қилади:«Куфр келтирганлар оловга кўндаланг қилинган Кунда (уларга): «Дунё ҳаётидаёқ ҳузур-ҳаловатингизни кетказиб, мазасини тотиб бўлгансиз (дейилур)» (20-оят).

Кофирлар, қайта тирилишни инкор қилганлар ва бошқа барча гуноҳкорлар қиёмат куни дўзахга кўндаланг қилинганда улар қўрқиб, бўлари бўлади. Аммо азоб яна ҳам зиёда бўлиши учун жисмоний қийноқлари устига маънавий қийноққа ҳам дуч келадилар. Зеро, уларга ўлганнинг устига тепгандек, тахдидли таъна сўзлари айтилади.

«Куфр келтирганлар оловга кўндаланг қилинган Кунда (уларга): «Дунё ҳаётидаёқ мазангизни қилиб, ҳузурланиб бўлгансиз».

Бугун сизларга ҳеч қандай ҳузур, ҳеч қандай ҳаловат йўқ, сиз «Дунё ҳаётидаёқ ҳузур-ҳаловатингизни кетказиб, мазасини тотиб бўлгансиз...» дейилади. Чунки улар «Бу дунёда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади» каби аҳмоқона гапларни ўзларига шиор қилиб яшаганлар. «Беш кунлик дунёда ўйнаб, маза қилиб олайлик, эртага ўлсак, ҳаммаси ортда қолади, тупроққа қоришиб кетамиз» деб, ўзларини гуноҳ ишларга урганлар. Ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормаганлар. Хулласи калом, охиратга ҳеч нарса қўймай, бу дунёда тугатиб бўлганлар. Шунинг учун натижа ҳам ниятларига яраша бўлган - уларга бу дунёда ҳузур-ҳаловат бўлиб, охиратга фақат азоб қолган.

4.Ҳисоб-китобга далил.

Аллоҳ таоло Муъминун сурасида марҳамат қилади:«Бас, унинг ҳисоби фақат Роббининг ҳузуридадир» (117-оят).

Аллоҳга бошқа илоҳни шерик қилганлар ҳеч бир далил-ҳужжатсиз ширк келтирган бўладилар. Ундай одамлар билан Аллоҳ таоло Ўзи билиб ҳисоб-китоб қилади. Шунингдек, қайта тирилишни инкор қилганлар ҳам.

Аллоҳ таоло Иншиқоқ сурасида марҳамат қилади:«Аммо кимнинг китоби ўнг тарафдан берилса, тезда, осонгина ҳисоб қилинур. Ва аҳли ҳузурига хурсанд ҳолда қайтиб борур» (7-9-оятлар).

Бу ишлар қиёмат куни бўлади. Маҳшарда ҳамма тўпланганда одамларга номаи аъмоллари берилади. Кимки бу дунёда мўмин-мусулмон бўлиб, тоат-ибодатда, тақводорлик билан ўтган бўлса, уларнинг номаи аъмоли ўнг тарафдан берилади. Шунинг ўзи яхшилик аломатидир. Уларнинг ҳисоб-китоби осонгина, кўрсатиб ўтиш йўли билан бўлиб, улар жаннатдаги ахдлари ҳузурига хурсанд бўлиб қайтадилар.

Ушбу оятларда васф қилинган китоби ўнг тарафидан берилган банданинг осонгина ҳисоб-китоб қилиниши унинг номаи аъмолини ўзига шундай кўрсатиб қўйиш билангина бўлади. Чунки ҳисоб-китоб олдиндан маълум бўлади. Қиёмат куни қайта ҳисоб-китоб қилиш-нинг ўзи ҳам азоб бўлади.

Бу ҳақда имом Бухорий ва имом Муслим қуйидаги ҳадиси шарифни ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким ҳисоб қилинса, азоб қилинади», дедилар.

Шунда Оиша розияллоҳу анҳо:«Аллоҳ азза ва жалла: «Тезда, осонгина ҳисоб қилинур», деган эмасми?» дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«У кўрсатишдир. Лекин кимнинг ҳисоби тортилса, азобланади», дедилар».

«Осонгина ҳисоб қилиш» эса қуйидаги ҳадиси шарифда айтилгандай бўлади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, қиёмат куни Аллоҳ таоло бандани Ўзига яқинлаштиради. Ҳаттоки елкасини унинг устига қўяди ва унга: «Бундай, бундай қилганмисан? - деб гуноҳларини санайди. Сўнгра унга: - Ана ўшаларни у дунёда сатр қилдим, бугун эса сени мағфират қиламан», дейди», дедилар».

Аллоҳ таоло Ҳаққо сурасида шундай марҳамат қилади:«Ва аммо кимнинг китоби чап тарафдан берилса, у дейди: «Эҳ, қани эди, менга китобим берилмаса ва ҳисоб-китоб қандайлигини билмасам эди» (25-26-оятлар).

Яъни бандалар Робблари ҳузурида арз қилиниб, ҳеч бир махфий нарса қолмайдиган ўша Кунда кимнинг номаи аъмол китоби чап қўлидан берилса, бу бадбахтлик ва азоб-уқубат аломати бўлади. Шунинг учун у:«Эҳ, қани эди, менга китобим берилмаса...» дейди.

Чунки у китоби чап қўлидан берилиши биланоқ иш нима эканини билиб олади ва хижолату шармандаликни сезган бўлади.

Аллоҳ таоло Набаъ сурасида марҳамат қилади:«Чунки улар ҳисоб-китоб бўлишини кутмаган эдилар. Ва Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқа-ришган эди, ёлғонга!» (27-28-оятлар).

Ана ўша охиратдаги ҳисоб-китобга ишонмаганлари учун турли ёмонликларни тап тортмасдан қилиб ўтган эдилар. Мана энди охиратга, қайта тирилишга, ҳисоб-китобга ишонмаганлари ва бунинг оқибатида қилган гуноҳларининг мувофиқ жазосини тортадилар. Ким охиратга, қайта тирилишга ва ҳисоб-китобга ишонмаса, оқибати шундай бўлади.Ҳа, мазкур жаҳаннамийлар ҳисоб-китоб бўлишига ишонмасдилар.«Ва Бизнинг оятларимизни ёлғонга чиқаришган эди, ёлғонга!»

Албатта, Аллоҳ таолонинг оятларини «ёлғон» деганидан кейин жаҳаннамга тушиб, мазкур азобларни тортиши керакда! Аллоҳ таолонинг оятларини «ёлғон» дейишнинг ўзи ҳар қандай азоб-уқубатга лойиқ иш. Аммо бунинг устига Аллоҳ таолонинг оятларини «ёлғон» деган шахс бутун умрини ёмонлик билан ўтказади. Бу эса дард устига чипқон бўлади. Ана шунга биноан, охиратда ҳам азоб устига азоб бўлади. Бу дунёда қилган заррача гуноҳи ҳам четда қолмайди.

Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади:«Албатта, Аллоҳ ўта тез ҳисоб қилувчидир» (17-оят).

Халойиқдан ҳар бирининг дунё ҳаётида қилган амалини ҳисоблаб чиқиш Унга ҳеч нарса эмас.

5.Номаи аъмолнинг ўқилишига далил.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:«Ва қиёмат куни унга бир китоб чиқарамизки, у унга очилган ҳолда рўбарў бўлур. Китобингни ўқи, бугунги кунда ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур)» (13-14-оятлар).

Ҳар бир инсон яхшими, ёмонми, амал қилса, унинг амали ўзи билан бўлади, ундан ажрамайди. Қуръони Карим инсонга шу маънони мужассам ҳолда ҳис эттириш учун амалини худди бўйинга осиб қўйиладиган нарса қилиб кўрсатмоқда. Инсон яхши билиши лозимки, унинг ҳар бир қилган иши бўйнига осилиб боради. Ундан тониб, «Мен қилганим йўқ» деб қутулишнинг имкони йўқ. Бунинг устига, қиёмат куни унга очиқ бир китоб чиқариб кўрсатилади. Ўша очиқ китобда унинг ҳамма амаллари аниқ шаклда битилган бўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб бўлади. Демак, инсон фақат яхши амал қилиши, ёмон амалдан ҳазар қилиши лозим. Чунки ўша қиёмат куни ҳар бир инсонга:

«Китобингни ўқи, бугунги кунда ўзингга ўзинг ҳисобчиликка кифоя қилурсан (дейилур)».

Бошқа ҳисобчининг кераги йўқ. Ҳамма ишларинг шу китобда ёзилган, ўқиб олсанг бўлди. Ўзинг ўзингга ҳисобчисан, гувоҳсан.

Аллоҳ таоло Каҳф сурасида марҳамат қилади:«Ва китоб қўйилди. Бас, жиноятчиларни ундаги нарсадан қўрққан ҳолларида кўрасан. Улар: «Вой, шўримиз қурсин! Бу қандай китобки, кичикни ҳам, каттани ҳам ҳеч қўймай, ҳисоб қилибди-я!» дерлар. Ва қилган амалларини ҳозир ҳолда топдилар» (49-оят).

Сўнгра уларнинг олдиларига номаи аъмол қўйилади.

«Бас, жиноятчиларни ундаги нарсадан қўрққан ҳолларида кўрасан».

Чунки улар номаи аъмол китобларини олганларида бу дунёдаги ҳамма амаллари бекаму кўст битиб қўйилганини кўрадилар. Кофирлар - жиноятчилар бу дунёда ёмон иш қилиб ўтганлар. Ўша ёмон ишларининг каттаю кичик ҳаммаси ёзиб қўйилганини кўрганларидан кейин, ўзлари қийин ҳолда турганлари сабабли яна ҳам қўрқиб кетадилар. Чунки улар энди ҳар бир жиноятлари учун жазо тортишларини аниқ биладилар.

«Улар: «Вой, шўримиз қурсин! Бу қандай китобки, кичикни ҳам, каттани ҳам ҳеч қўймай, ҳисоб қилибди-я!» дерлар».

Бу дунёда бепарво юриб, гуноҳларни қилаверган эдилар. Қиёмат қоим бўлишига, қайта тирилишга, ҳисоб-китоб бўлишига ва ҳар ким амалига яраша жазо ёки мукофот олишига ишонмас эдилар. Энди қиёмат қоим бўлди, номаи аъмоллари - бу дунёда қилган амаллари ёзилган китоблари қўлларига тегди. Китобга назар сол-салар, каттаю кичик ҳамма амаллари ёзиб қўйилибди. Бу ҳақиқатни тан олишдан бошқа иложлари йўқ. Энди улар «Вой шўрим» демасдан, ким «Вой шўрим» десин?!

Аллоҳ таоло Қамар сурасида марҳамат қилади:«Ҳар бир каттаю кичик сатрларга битилгандир» (53-оят).

Макка мушриклари ўша вақтда «Қандай қилиб инсоннинг ишларини сатрларга ёзиб, ҳужжат тўплаб бориш мумкин?» деб ажабланган бўлишлари мумкин. Аммо биз ҳозирги ҳисоб-китобларни, ёзиш асбобларини кўриб-билиб туриб, қандай қилиб бу ҳақиқатни инкор эта оламиз?

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом Оиша онамизга: «Эй Оиша! Кичик гуноҳлардан эҳтиёт бўлгин, албатта, Аллоҳ томонидан уларни ҳисобловчи бор», деган эканлар.

Саъид ибн Аслам ушбу ҳадиси шарифни Омир ибн Ҳишомга ривоят қилганларида у киши айтибдилар: «Эй азизим Ибн Аслам, бир куни Сулаймон ибн Муғийра кичик гуноҳ қилибди-да, уни ҳақир санабди (эътиборга олмабди). Кечаси тушида биров келиб:

«Гуноҳлардан кичигини ҳақир санама,

Албат кичик эртага катта бўлади.

Агар кичик гуноҳ қай вақт қилинса,

Аллоҳнинг ҳузурида сатрланган бўлади.

Нафсингни бекорчиликдан қайтар ва бўлма саркаш.

Астойдил енг шимарсанг бўларди

Агар муҳиб Илоҳига муҳаббат қилса,

Қалби парвоз этиб, тафаккури илҳом бўлади.

Агар Илоҳдан ният ила ҳидоят сўраса,

Роббинг ҳидоят ва ёрдамга кофий бўлади»,

деган экан».

6.Савоб ва иқобнинг далили.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:«Қилган яхши касби ўз фойдасига, қилган ёмон касби ўз зарарига» (286-оят).

Охиратда ошна-оғайничилик, воситачилик, насл-насабига қараш ёки бошқа имтиёзлар ўтмайди. Ҳар бир шахс ўзи учун ўзи жавоб беради. Шундай экан, ҳар бир банда иймон-ихлос билан Аллоҳнинг амрини бажариши ва доимо Унинг Узига ёлвориб дуо қилиши зарур.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:«Агар яхшилик қилсангиз, ўзингиз учун яхшилик қиласиз. Агар ёмонлик қилсангиз ҳам, ўзингиз учундир» (7-оят).

Бу қоида умумий, ҳамма учун баробар, охират учун ҳам, бу дунё учун ҳам жорий қоидадир. Шунга биноан, инсоннинг ҳар бир иши ўзига қайтади. Ҳамма қилганига яраша мукофот ёки жазо олади. Яхшилик қилса ҳам, ёмонлик қилса ҳам ўзига. Ҳар ким ўзидан кўраверади.

Аллоҳ таоло Тур сурасида марҳамат қилади:«Ҳар бир киши ўз касбининг гаровидир» (21-оят).

Аллоҳ кўрсатмасин, амали ёмон бўлса, оқибати ҳам...

Аллоҳ таоло Анъом сурасида марҳамат қилади:«Ким бир яхшилик келтирса, унинг учун ўн баробари бор. Ким бир ёмонлик келтирса, у фақат қилганига яраша жазоланур. Ва уларга зулм қилинмас» (160-оят).

Бу Аллоҳ таолонинг Ўзига Ўзи раҳмат ёзиб қўйганидандир. Ким яхшилик қилса, савобини ўн баробар кўпайтириб беради ва ким ёмонлик қилса, фақат ўша ёмонлигига яраша жазо беради.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:«Ким охиратнинг савобини истаса, унга ўшандан берурмиз» (145-оят).

Кимки олий уфкдарга интилса, бу беш кунлик дунёнинг тор доираси билан чегараланиб қолмай, охиратнинг чексиз ҳаётига ҳам интилса, иймон йўлини ўзига йўл тутиб, ҳақиқий инсон бўлиб ҳаёт кечирса, ушбу ҳаёти давомида охират савобига эришишни ўзининг олий мақсади қилиб олган бўлса, унга ўша хоҳлаган нарсаси берилади.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:«Бас, Аллоҳ уларга бу дунё савобини ва охиратнинг гўзал савобини берди» (148-оят).

Аллоҳ таоло ҳамма нарсани кўриб, билиб турувчи Зотдир. Мазкур раббоний бандаларнинг амаллари ва юксак одоблари учун уларга бу дунёнинг нарсаларидан дунёни сўровчилар орзу қилганларидан ҳам яхшироғини берди. Охират нарсаларидан эса охиратни сўровчилар орзу қилганидан ҳам яхшироғини берди.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:«Ва Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир» (11-оят).Аллоҳ таолонинг иқоби кучли, шиддатлидир.

7.Сиротга далил.

Аллоҳ таоло Марям сурасида марҳамат қилади:«Сиздан унга яқинлашувчи бўлмаган ҳеч ким йўқ. Бу Роббинг ҳузуридаги кескин ҳукмдир» (71-оят).

Мўминлар жаҳаннамга хусусан, сиротдан ўтаётган-ларида яқинлашадилар, бироқ тушмай, ўтиб кетадилар. Кофирлар эса яқинлашиб, жаҳаннам атрофида тиз чўкиб ўтирадилар ва юқорида айтилганидек, гунохдарига мос равишда кетма-кет дўзахга ташланадилар.

«Сўнгра тақво қилганларга нажот берамиз ва золимларни унда тиз чўккан ҳолларида қолдирамиз» (72-оят).

Машҳур тафсирчи олимларимиздан имом Байзовий: «Ушбу ояти каримада юқоридаги оятдаги «ворид» сўзининг маъноси «кирувчи» эмас, «яқинлашувчи» эканига далил бор», дейдилар. Яъни ҳамма инсонлар ва жинлар яқинлашиб, жаҳаннам атрофида тиз чўкиб ўтирадилар. Сўнгра мўминлар нажот топиб, жаннат томон равона бўладилар. Кофирлар эса жаҳаннамга тушишларини кутиб, тиз чўккан ҳолларида ўтириб қоладилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан У Зот азза ва жалланинг «Ер бошқа ерга ва осмонлар ҳам алмаштириладиган Кунда...» ояти ҳақида сўраб, «Ўша Куни одамлар қаерда бўлишади?» дедим. У зот: «Сиротнинг устида», дедилар».Имом Муслим ривоят қилган.

Суннатда «сирот»нинг кўплаб сифатлари келган. Уларнинг умумий сони мутавотир даражасига етади. Бу ерда уларни бирма-бир зикр қилиб, гапни чўзиб ўтирмаймиз.

8.Мезонга (амал торозисига) далил.

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилади:«Қиёмат куни учун адолат мезонларини қўюрмиз. Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас. Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам келтирамиз. Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз» (47-оят).

Қиёмат қоим бўлганидан кейин дод-войларга, эътирофларга, тавба-тазарруларга ва ёлворишларга қаралмайди.

«Қиёмат куни учун адолат мезонларини қўюрмиз».

У мутлақ адолат тарозиси бўлади. Ҳаммага бир хил муносабатда бўлинади.

«Бирор жонга ҳеч қандай зулм қилинмас».

Фойдасидан камайтирилмайди, зарарига қўшилмайди.

«Агар (амал) ачитқи донаси оғирлигича бўлса ҳам келтирамиз».

Ачитқи донаси жуда кичик бўлади. Агар инсоннинг бу дунёда қилган яхшию ёмон амали ўша кичик донача-лик оғирликка эга бўлса ҳам ҳисобга олинади. Яъни ҳеч бир амал эсдан чиқарилмайди.

«Ҳисобчиликда Ўзимиз кифоя қилурмиз».

«Бизга бошқа ҳисобчининг кераги йўқ».

Демак, қиёмат куни келмасидан олдин ҳаракат қилиб қолиш керак. Унга тайёргарлик кўриш лозим.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Бас, кимларнинг тарозилари оғир келса, ана ўшалар, ҳа, ўшалар зафар топувчилардир» (8-оят).

Қиёмат куни фақат савол-жавоб билан кифояланиб қолинмайди. Балки ундан ҳам дақиқроқ ишлар бўлади. Ҳар бир инсоннинг қилган амаллари тарозига солиб, тортилади. Бу тарози аниқ ишлайдиган тарози бўлиб, зарранинг оғирлигини ҳам сезади. Ана шу тортишда кимнинг амаллари оғир келса, у нажот топади, жаннатга киради.

Аллоҳ таоло Қориъа сурасида марҳамат қилади:«Кимнинг тарозиси оғир келса, бас, у розилик ҳаётидадир» (6-7-оятлар).

Қиёмат қоим бўлиб, одамлар тўзиб кетган капалакларга, тоғлар титилган жунга ўхшаб қолган кунда кишиларнинг бу дунёда қилган амаллари тарозига солинади. Ушанда кимнинг иймон ва амалидан ҳосил бўлган савоби оғир келиб, тарози палласини босса, у розилик ҳаётига - жаннати наъимга эришади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг

"Куръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар"китобидан