8. Ўзлари таомни яхши кўриб турсалар ҳам, уни мискин, етим ва асирларга берарлар.
Ана, биродарлар, аброрларнинг хислати нима экан! Улар ҳаттоки ўзларига таом керак бўлиб, ҳожатлари тушиб турса ҳам, мискин, етим, асирларни ўзларидан устун қўйиб, таомни уларга берадилар. Таом яхши бўлса, албатта, уни кўпроқ тановвул қилишга кишида мойиллик бўлади. Ана шундай ҳолларда уни фақирга бериш бойнинг камбағални ҳурмат қилишидан келиб чиқади. Бу эса ўз навбатида улар орасида тенглик бўлишига олиб келади. Оятдаги «мискин» сўзининг алоҳида таъкидланишини ҳам айнан шунга қаратилган. Чунки мискинга, яъни ўзига ва оиласига етарли еб-ичиш таоми бўлмаган одамга ёрдам бериш ўзига тўқларнинг бурчидир.
Етимларга ёрдам бериш ҳам ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади. Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади. Бунга мисол келтириб ўтириш шарт эмас. Атрофимизга ақл кўзи билан бир назар солсак бас.
Ислом дини кишилик жамиятида қарор топа бошлаган дастлабки кунларданоқ душманлардан қўлга тушган асир ҳаётини сақлаб қолиш, унинг инсонлик ҳуқуқини ҳурмат қилишга даъват этди. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга оятлар ҳам нозил қилинади. Ва ул зот бундан 1400 йил аввал, бутун дунё инсон хуқуқи нима эканини билмай турган бир пайтда Аллоҳнинг ана шундай инсонпарвар ҳукмини эълон қилдилар.
Ислом татбиқ этган бу ҳуқуқларни, жумладан, асирларга яхши муомала қилиш, уларни бирор егулик билан таъминлашни бирлашган Миллатлар ташкилоти яқиндагина эълон қилди. Бундан юз ёки минг йил аввал эмас. Шунинг ўзиёқ Аллоҳнинг дини нима асосига қурилганлигига етарли далилдир.
Мусулмонлар бировга яхшилик қилганларида риё учун, миннат учун эмас, балки савоб умидида, қиёмат куни яхши ҳолатларга эришиш умидида қиладилар. Ушбу хислатлар қуйидаги оятларда ҳам ифода этилади.
9. «Албатта, Биз сизларни фақат Аллоҳнинг розилиги учун овқатлантирамиз. Бунинг эвазига сизлардан мукофот ёки ташуккур хоҳласмиз.
Демак, чин мўмин иккинчи бир биродарига яхшилик ёки ёрдам қилганида фийсабилиллоҳ, яъни Аллоҳ йўлида қилмоғи лозим экан. Қилган яхшилиги эвазига тамаъ талаб қилиш-Парвардигор ғазабини келтирадиган ва ул бандани мунофиққа айлантирадиган амаллардандир.
Тафсири Ҳилолдан, Инсон сураси
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ