АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Яқин Шарққа ташрифи доирасида Анқарага келди ва Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан билан учрашди. Музокаралар ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтди, дея хабар беради BBC News.
Унинг Туркияга ташрифи мамлакатда Америкага қарши кайфият кучаяётган бир шароитда амалга оширилди. Якшанба куни полиция АҚШ қўшинлари жойлашган авиабазага киришга уринган бир гуруҳ фаластинлик намойишчиларни тўхтатишга мажбур бўлди.
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Ғазодаги қон тўкилишини тўхтатиш ва фаластинликларни Исроил “босими”дан қутқаришни ўз мамлакатининг бурчи деб атади.
Урушдан кейин Исроил ва Туркия ўртасидаги муносабатлар ёмонлашган ва ҳар икки давлат ўз дипломатларини чақириб олган. Эрдоған Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяхуни “ҳисобдан чиқаргани”ни айтди, бироқ Туркия Исроил билан алоқаларини узишини истамайди.
Блинкен аввалроқ Исроилга ташриф буюрган ва гуманитар ёрдам етказилишини осонлаштириш учун Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларни вақтинча тўхтатишни сўраган эди. Шундан сўнг у Ғарбий Соҳил, Иордания ва Ироқ раҳбарлари ва вазирлари билан учрашувлар ўтказди.