loader
Foto

Араб давлатларида ижтимоий норозилик ва беқарорлик кучаймоқда

Ғазода фаластинлик тинч аҳоли ўлими даҳшатли миқёсда ортиб борар экан, АҚШнинг араб давлатлари Исроил-ХАМАС урушида ўт очишни тўхтатиш учун Вашингтонга босим ўтказишда давом этмоқда. Таҳлилчилар фикрича, араб мамлакатларида тинч аҳоли қурбонлар ва улкан вайронагарчиликлар туфайли -ғазаб отига минмоқда ва етакчилар ўз мамлакатларида ички беқарорлик кучайишидан хавотирда.

Вашингтонда жойлашган Стратегия ва Сиёсат институтининг Яқин Шарқ таҳлилчиси Николас Херасга кўра, Исроилнинг ХАМАС билан можаросида АҚШ иттифоқдошлари Миср ва Иордания, айниқса, муҳим рол ўйнамоқда. Икки давлат Исроил билан минтақадаги энг узоқ муддатли тинчлик шартномаларига эга ва яҳудий давлати билан “разведка ҳамда хавфсизлик соҳасида яқин ҳамкорлик” олиб борган.

Иордания қироли Абдуллоҳ ўтган ҳафта АҚШ Давлат котиби Антони Блинкен ва бир қанча араб давлатлари раҳбарлари ўртасида учрашув ўтказди. Араб етакчилари Исроил бомбалари остида ҳалок бўлган ва мажруҳ бўлаётган Ғазо тинч аҳолиси учун зарур тиббий ва гуманитар ёрдамни етказиш учун зудлик билан ўт очишни тўхтатишни талаб қилди. АҚШ ва бошқа “Катта еттилик” давлатлари ҳам Исроилга ёрдам етказиб бериш ва гаровга олинганларни озод қилиш учун “гуманитар пауза ва чиқиш йўлаклари”га рухсат беришни сўради.

Хераснинг "Америка Овози"га айтишича, Миср ва Иордания Исроил-Фаластин можаросини икки давлатчилик ечими асосида ҳал қилишга уринмоқда ва Исроилнинг фаластинликларни ўз мамлакатларига мажбуран кўчириш ҳақидаги таклифини рад этган.

Унинг сўзларига кўра, вазият, айниқса, Иордания учун хавотирли.

"Ушбу давлатларнинг иккаласида ҳам жуда нотинч ва ғазабланган аҳоли эътиборини ўз ҳукуматларига қарши қаратиши эҳтимоли юқори. Иордания Исроил билан прагматик муносабатда бўлди. Иордания Қуддусдаги исломий муқаддас жойлар учун жавобгар ҳисобланади. Иордания бу можаро бошланишидан олдин ҳам жиддий иқтисодий босим остида бўлган ва бу аҳоли орасида ижтимоий ва сиёсий фаолликнинг ошишига олиб келган”, - дейди у.

"Бутун минтақа келажак авлодларни белгилайдиган нафрат денгизига ботиб кетмоқда", - дея огоҳлантирди Иордания Ташқи ишлар вазири Айман Сафади.

Унинг айтишича, Ғазо бўйича ҳар қандай мулоқот "уруш ва қотиллик тўхтатилгандан кейингина амалга ошади".

Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари Исроилнинг урушдаги хатти-ҳаракатларини қоралади. Баҳрайн Исроил билан бизнес алоқаларини узди, Иордания ва Туркия эса ўз элчиларини қайтариб олди. Ислом конференсияси ташкилоти шанба куни Саудия Арабистонида Ғазо бўйича саммитга мезбонлик қилади.

"Араб жамоатчилигининг узоқ муддатли норозилиги экстремистик гуруҳлар учун ёқилғи", - дейди Лондондаги “Chatham House” ташкилотининг Яқин Шарқ дастури ҳамкори Элҳам Фахро.

Вашингтондаги Брукингс институти фахрий илмий ходими Брюс Ридел "Америка Овози" билан суҳбатда "Можаро Ғазодан Ғарбий Соҳилгача тарқалган”ини айтди.

“Исроил ва ХАМАС ўртасида Ғазода бошланган уруш энди Исроил ва фаластинликлар ўртасидаги Ғазо ва Ғарбий Соҳил курашига айланди, бунинг катта қисми яҳудий келгиндилар зўравонлиги сабабли бўлди. Иордания қироли Абдуллоҳ каби Америка иттифоқчилари ва баҳрайнликлар ўзларини катта таҳдид остида ҳис қилмоқда. Улар америкаликлардан Ғазони бомбардимон қилишни бас қилишни сўрамоқда”, - дейди

"Очиғини айтаман, бу можаро Исроилга, бизга нисбатан катта миқдордаги жамоатчиликнинг ғазабини қўзғатди, - дейди АҚШ Давлат котибининг Яқин Шарқ масалалари бўйича ёрдамчиси Барбара Лиф шу ҳафта АҚШ Конгресси Ташқи ишлар қўмитасига. - Бу биз ишлашимиз керак бўлган нарсадир”.

Шу билан бирга, Иордания ҳаво кучлари якшанба куни Ғазода оғир шароитларда фаолият юритаётган дала касалхонасига тонналаб шошилинч тиббий ёрдам юборди. Ҳаракат Исроил билан келишилган ҳолда амалга оширилди.

Исроилнинг Ғазони бомбардимон ва қамал қилиши баъзи касалхоналарни ишдан чиқарди. Мисрнинг Рафаҳ чегара пункти орқали ёрдам етказиб бериш ҳануз чекланган даражада қолмоқда.