loader
Foto

Ўлимга сабаб бўлган кофе

Сиёсатчини сўнгги манзилга кузатгани миллионлаб мисрликлар чиққан, дафн маросими икки кундан кейин, 1970 йилнинг 30 сентябрида бўлиб ўтган. Соқчилар хўнграб йиғлаётган ва дод-фарёд солаётган оломонни зўрға тўхтатиб турарди. Одамлар яқинроқ бўлиш учун тобут ёнидан чет эл делегацияларини четга суришга ҳаракат қиларди. Москвадан Вазирлар Кенгаши Раиси Алексей Косигин келганди...

Вице-президент Анвар Садат, вафот этган президентнинг сафдоши ва вориси, видолашув куни эрталаб ҳушидан кетиб қолди. Шифокорлар унга укол қилдилар, лекин маросимга тайёргарликни бошқарган бўлсада, у барибир тадбирга бормади. У ортиқ даражада куйиниб, тушгача ухлаб қолди. Венгриялик халқаро журналист Эрвин Рети воқеани ўз кўзи билан кўрган кишиларнинг ҳикояларига асосланиб айтадики, Анвар Садат ўзига келгач, биринчи берган саволи қуйидагича бўган: «Носирни кўмиб бўлишдими?». Улар тенгқур эдилар. Фақат Носир 52 ёшида вафот этди, Садат эса, 1981 йилнинг октябрида ҳарбий парад пайти унда иштирок этган исломий ҳарбий хизматчилар томонидан отиб ўлдирилмагунга қадар, ундан 11 йил кўпроқ умр кўрди ва унга ўтган президентлик лавозимини сақлаб қолди.

Ҳозир Садатнинг қизларидан бири – Ракийа – иккала президентнинг собиқ маслаҳатчиси, ўтмишда ахборот вазири бўлган мисрлик машҳур журналист ва сиёсатшунос Мухаммад Хейкални судга берди. Садат даврида у дастлаб ўз вақеини йўқотмади, лекин кейинчалик янги ҳукуматнинг Яқин Шарқ сиёсати ва ички сиёсатини танқид қилгани учун қувғин қилинди. ҳаттоки қамоқда ҳам ўтириб чиқди. У ҳозир 86 ёшда, лекин мақола ёзишда давом этмоқда, тез-тез телевидениеда, жумладан, Қатарга тегишли бўган «ал-Жазира» каналида чиқиш қилмоқда. Ўз дастурларидан бирида у бир куни сирли воқеани гапириб берди.

Бу воқеа Носирнинг ўлимидан уч кун олдин содир бўлганди. У касал эди – юраги, томирлари ва бошқа кўп жойлари оғрирди. Шифокорлар Шифокорлар тўлиқ дам олишни маслаҳат беришди. Уларнинг айтишича, ўша пайтга келиб президент камида битта инфарктни ўтказган. Бироқ, шу йилнинг сентябр ойида Мисрликлар Қоҳирада араб давлатлари ва сиёсий ҳаракатлар раҳбарларини йиғинга чақиришди. Фаластинлик Ёсир Арофат ҳам келди. «Носир у билан Нил қирғоғи бўйидаги «Хилтон» меҳмонхонасидаги президент қароргоҳида учрашди. Улар қаттиқ баҳслашишди. Президент, гарчи буни яширишга уриниса-да, ўзини ёмон ҳис қилди"- деб эслайди Муҳаммад Хеикал. Унинг лоҳаслигини Садатнинг ўринбосари кўриб қолди. У бир чашка аччиқ қаҳва шефни тетиклантиришига ёрдам беради, деб ўйлади. Ва президентга шахсан ўзи олиб келиш учун қаҳва тайёрлашга кетди. Маслаҳатчининг таъкидлашича, вице-президент нафақат қаҳвани «турка»да ўзи тайёрлади, балки қандайдир баҳона билан давлат раҳбарининг овқатланиши учун масъул бўлган нубиялик Муҳаммад Довудни ошхонадан чиқариб юборди.

Мухаммад Хейкал ҳеч қандай айблов қўймади, шунчаки бу воқеани қуйидаги сўзлар билан эслади, холос: «Уч кундан кейин эса президент вафот этди». Бироқ сиёсатшуноснинг нимага шаъма қилаётгани ҳаммага тушунарли эди. Кўпчилик Анвар Садатнинг ўша кунлари ўзини ғалати тутганига эътибор қаратганди. Камол Абдул Носирни ўлдиришган деган миш-мишлар ҳам анчагача тинмади. Расман эса у инфарктдан ўлган деб эълон қилинди. Президент ишдан ва араб ҳамкасблари билан учрашувдан қаттиқ чарчаганди. Ундан бироз дам олиш илтимос қилинди, лекин 28 сентябр куни кечқурун у Садат билан кечки овқатни режалаштирди, эрталаб эса Қувайт амирини кузатиб қўйиш учун аэропортга бориб келишга улгурди. У дам олишни хоҳламади. Эртаси куни у Александрия шаҳрига сафар режалаштирганди.

Садатнинг қариндошлари унинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ деб ишонтиришга уринадилар. «Дадам қаҳвани ёмон кўрарди ва ҳатто уни тайёрлашни ҳам билмасди», - дейди унинг қизи. Ҳаттоки кичкина бола ҳам севимли шарқона тайёрлашни биладиган мамлакат учун ғалати баҳона, шундай эмасми? Бироқ айблов ҳеч қандай далил-исботларга эга эмасди. «Отам Камол Абдул Носир заҳарганмиди деган саволга мен «ҳа» деб ҳам, «йўқ» деб ҳам жавоб бера олмайман. Ҳар нарса бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, унинг ўлими ғалати эди. Бироқ бизнинг қўлимизда ўлимнинг ғайритабиий характери ҳақида рад қилиб бўлмайдиган далиллар йўқ. Унинг ортидан МРБ ҳам, Моссад ҳам, бошқалар ҳам тушганди. Ҳақиқатни айтганда, у мисли кўрилмаган психологик босимга дуч келган ва бу ҳам уни ўлдиришини мумкин эди", - дейди собиқ президентнинг ўғли Абдул Ҳаким Носир машҳур «Иляф» электрон газетасига берган интервюсида.

Россиялик академик Евгений Чазов совет даврида Камол Абдул Носирни даволаган эди. Тиббий таомиллар Қоҳирада ҳам, Москвада ҳам, бир сафар эса ҳаттоки Грузиянинг радон манбасига бой макони – Цхалтубода амалга оширилган. 1968 йил шифокорлар Миср етакчисида оёқ бармоқларида гангрена аломатларини аниқлашди. «Маълум бўлишича, президент организмида қанд ва ёғ алмашинуви бузилган экан, бунинг устига, у аччиқ сигарета чекарди», - эслайди академик «Итоги» журналига берган интервьюда. Унга оёқи томирлари атеросклерози ташхиси қўйилди. Унинг юраги ҳам заиф эди. Бошқа тавсиялар қаторида ундан чигарета чекишни ташлаш ҳам талаб қилинди.

Тўсатдан ўлишидан сал олдин Носир Совет Иттифоқига келган, Москва яқинидаги "Барвиха" мажмуасида даволанган. У дам олиб, тикланиб қайтган. Чазов ва унинг ҳамкасблари унинг ўлими ҳақида эшитгач, "Носирнинг ҳаётига тажовуз қилингани эҳтимолини инкор қилмадилар, айниқса, унинг юрак-қон томир тизимининг ҳолатини ҳисобга олган ҳолда бу ишни осонлик билан амалга ошириши мумкин эди". "Сўнгра ахборот агентликларидан бири Носирни массаж қилиш билан шуғулланадиган шифокор Моссад агенти бўлиб, юрак хуружига сабаб бўлган мойларни суртиб қўйганлигини айтган", - деб ёзади таниқли россиялик академик.

Шуниси эътиборга лойиқки, ўша йилларда Анвар Садатни жуда камчилик жиддий қабул қиларди. Уни «бир соатлик халифа» ҳисоблашарди. Камол Абдул Носир ундан хавфсирамагани учун ҳам ўз ўринбосарини тайинлаган ҳисобланарди. Американинг "Ньюсуик" журнали ўша йилларда чоп этилган мақолалардан бирида Садатни "Носирнинг хонаки кучукчаси" деб атаган. Исроил ҳарбий журналисти Гидеон Ремез, ушбу сатрлар муаллифи билан суҳбатда яҳудийлар давлати ва Миср ўртасида ҳарбий можаролар йилларини эслаган ҳолда айтишича, Тель-Авивда бу сиёсатчи ҳурмат қилинмасди: "Биз Садатни масхарабоз деб ҳисоблардик". Мисрда Президент Носирни ҳамма танийди, бироқ унинг ўринбосари, уйлар, қаҳвахоналар ва ресторанларнинг деворларида унинг портретлари осиб қўйилган ва "қаҳвахона эгаси" деб тахмин қилинган Садатни ҳеч ким танимайди деган маънода латифа оммалашганди.

Ҳукумат тепасига келиши билан Анвар Садат Мисрни Совет Иттифоқи ўрнига АҚШ томон кескин буриб юборди. Гарчи Исроил билан уруш олиб борган бўлсада, 1977 йил ноябрда кутилмаганда яҳудийлар давлатига ташриф буюрди ва ҳатто Қуддусда Исроил парламентида (кнессетда) сўзга чиқди, яна икки йилдан кейин эса – араб мамлакатлари етакчилари орасида биринчи бўлиб – Исроил билан сулҳ шартномами имзолади.

"Биз Носирни хуш кўрардик, гарчи у ҳам фаришта бўлмаган бўлсада. Лекин у инқилобчи, романтик эди. Ўз миссиямни тушуниб этган ҳолда, Шарқни, Африкани уйғотиш учун жуда кўп иш қилди", - деганди қачонлардир муаллиф билан суҳбатда Мисрдаги Совет разведкаси резиденти, ДҲҚ генерал-лейтенанти Вадим Кирпиченко. - Садат фақат битта масалани ҳал қиларди: у ҳам бўлса Ғарб билан муносабатларни яхшилаш эди. У Совет-Миср муносабатларини йўққа чиқарди". Менинг суҳбатдошим икки раҳбарнинг шахсий хислатларини ҳам таққослади. Агар Носир бор вужудини ишга бағишлаган, "моддий неъматларга эга бўлиш маъносида мисли кўрилмаган даражала ҳалол одам" бўлган бўлса, Садат "спиртли ичимликлар ҳам ичарди, наша ҳам чекарди, ўзини ҳеч қандай лаззатлардан маҳрум қилмасди ҳам".

Қолаверса, мен мисрликлардан Анвар Садат ҳақида ундан нафратланишдан тортиб унинг дипломатик қобилиятини ҳурмат қилиш ва етакчилик қобилиятларини тан олишгача турли баҳоларни эшитган эдим. Камол Абдул Носирга келсак, кимдир ижтимоий адолатга, ўзаро ёрдамга, бутун араб миллатининг тикланишига ва халқаро майдонда мустақил сиёсат олиб боришга чақирганини ёқтирар эди, кимдир буни кундалик муаммоларни ҳал қилишдан чалғитадиган "онгни заҳарлайдиган шиорлар" деб ҳисобларди. Эҳтимол, айнан Носирнинг идеализми унга имкон қадар ўзига яқинлаштирган сафдошида ички ва ташқи сиёсат масалаларида ундан кескин фарқ қиладиган прагматик шахсни кўришга имкон бермасди. Бу ҳолатда мамлакат етакчиларининг ўзгариши бутун Яқин Шарқ минтақаси тарихидаги ўзгаришларни ва ташқи дунё билан муносабатлар ҳам ўзгарганини англатарди.

Абу Муслим таржимаси