loader
Foto

Мусулмон давлатларнинг жаҳон иқтисодиётидаги ўрни

Аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад бу – мамлакат аҳолиси сонига бўлинган ялпи ички маҳсулот (бир йил давомида мамлакатда ишлаб чиқарилган жами товарлар ва хизматлар қиймати). Ушбу кўрсаткич давлатдаги умумий турмуш даражасини акс эттиради, лекин маблағлар аҳолининг турли қатламлари ўртасида қанчалик бир хилда тақсимланишини билишга имкон бермайди. Бироқ ушбу кўрсаткич бўйича турли мамлакатларни бир-бири билан таққослаш мумкин бўлади.

Диаграммадан кўриниб турибдики, мусулмон мамлакатларда даромад даражаси 543 дан 92,5 минг АҚШ долларигачани ташкил қилади. Бунда ушбу мамлакатларнинг кўпчилиги ўртача даромаддан ҳам паст кўрсаткичларга эга: Афғонистон, Бангладеш ва Яман БМТ томонидан иқтисодиёти энг заиф ва аҳолиси энг қашшоқ бўлган энг ривожланмаган мамлакатлар сифатида тан олинган.

Нефт экспорт қилувчи мамлакатларда даромад баъзида ривожланган мамлакатлар кўрсаткичларидан ҳам юқори. Бунда ўртача барқарор даражага – йилига аҳоли жон бошига 10-20 минг долларга эга бўлган минтақалар улуши катта эмас. Мусулмон давлатлар ва ривожланган мамлакатларда, шунингдек, аҳоли сони бўйича етакчи бўлган мамлакатларда ушбу кўрсаткични таққослаб чиқамиз.

Ривожланган давлатлар орасида аҳоли жон бошига тўғри келадиган йиллик даромад 20-114 минг долларни, иқтисодиёти барқарор даражада бўлган мамлакатларда эса 35-50 минг долларни ташкил қилади. 1-диаграммадан кўриниб турибдики, мусулмон давлатларнинг кўпчилигида даромад Россия ва Хитой кўрсаткичларидан паст. Олтита араб мамлакатини ривожланган мамлакатлар қаторига киритиш мумкин, бироқ халқаро ташкилотлар Қатар, Қувайт, БАА, Бахрайн, Уммон ва Саудия Арабистонини бундай мамлакатлар қаторига киритишга шошилмаяпти. Бунинг сабаби қуйидагича.

Ҳозир иқтисодиёт ва сиёсат бобида етакчилик қилаётган мамлакатлар ривожланишнинг постиндустриал турига ўтмоқда. Бу эса шуни англатадики, улар моддий ишлаб чиқариш ва қазиб олиш саноати ҳисобига эмас, балки хизматлар соҳаси туфайли тараққий этмоқда. Ривожланган мамлакатларда ЯИМ структурасини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, хизматлар соҳасининг ўртача улуши бу ерда 60-70 фоизни, моддий ишлаб чиқариш эса 20-30 фоизни ташкил қилади. Яқин Шарқнинг етакчи мамлакатлари учун бунга деярли тескари нисбат хосдир: Қатарда моддий ишлаб чиқаришнинг ЯИМдаги улуши қарийб 78 фоизни ташкил қилади, Саудия Арабистонида – 67 фоиз атрофида, БАА, Уммон ва Қувайтда эса ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳасининг улуши деярли бир хил. ЯИМ структураси ташқи бозорни ҳам белгилаб беради: Қатар экспортида ёқилғи ва фойдали қазилмалар улуши 75,9 фоиз, Саудия Арабистонида — 80 фоиз, Қувайтда — 93,5 фоизни ташкил қилади. Бу эса шундан далолат берадики, экспорт диверсификация қилинмаган, демак, иқтисодиёт тўлиқ маънода ривож топмаган.

Мусулмон давлатларнинг тайёр маҳсулот экспортидаги улуши жуда кичик. Бироқ бу ерда биринчи ўринларни ёқилғи экспорти ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган ўртача даромад борасида етакчи бўлмаган мамлакатлар - Малайзия, Индонезия ва Туркия эгаллаб турибди. Малайзия жаҳон қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларининг 2,3 фоизини, офис ускуналарининг 3,9 фоизини ва электрон таркибий қисмларнинг 7,1 фоизини етказиб беради. Индонезиянинг жаҳон қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортидаги улуши 2,9 фоизни, кийим-бош экспортидаги улуши — 2 фоизни ташкил қилади. Тўқимачилик маҳсулотлари ва кийим-бош экспортида қарийб 5 фоиз маҳсулотларни Бангладеш етказиб беради, 3 фоиздан ортиғи эса Туркия ва Покистонга тегишли. Тайёр маҳсулотлар экспортида сезиларли улушга эга бўлган ягона араб мамлакати бу – Саудия Арабистони, у жаҳон бозорига кимёвий маҳсулотларнинг 2 фоизини етказиб беради.

Мусулмон мамлакатларниг жаҳон иқтисодиётида бундай ўрин тутиши шундай фикрга олиб келадики, табиий ресурслар мавжудлиги муваффақиятли ва комплексли ривожланиш учун стимуллар яратмайди. Капитал фуқароларнинг банк ҳисобрақамларида «ўтириб» қолмаслиги ва ортиқча истеъмолга олиб келмаслиги лозим. Молиявий ресурслар давлатни мустаҳкамлаш ва иқтисодиётни модернизация қилишга йўналтирилиши зарур. Қуръонда айтилишича: «Кимники кўп сизни машғул қилди» (Такасур сураси, 1); «Сўнгра ўша кунда, албатта, берилган неъматлардан сўраласизлар» (Такасур сураси, 8)

Бу борада расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам суннатларида ҳам жуда кўп панд-насиҳатларни топиш мумкин.

Ироқ, Ливия ва Суриянинг мисоли сабоқ бўлиб хизмат қилиши керак: узоқ муддатли иқтисодий ва сиёсий режалаштиришсиз, қуруқ хомашё савдоси билан шуғулланишга асосланган муваффақиятнинг умри узоқ эмас. Агар давлатда экспорт ва яхши ижтимоий таъминот йўқ бўлса, ҳаттоки ғазна нефт сотишдан олинган долларларга тўлиб ётган бўлсада, ҳеч қандай барқарорлик ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Бунинг устига, бой мамлакатларнинг ёнида аҳолиси диндош биродарларининг ёрдамига муҳтож бўлган энг қашшоқ мамлакатлар ҳам бор. Абу Мусо ал Ашъарий (розияллоҳу анҳу)дан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўъминлар бир бинога ўхшайдилар, бирлари иккинчисини ушлаб туради”. Муттафақун алайҳ.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Ким бир мусулмоннинг дунёдаги ғамларидан бирини аритса, Аллоҳ унинг Қиёматдаги ғамларидан бирини аритади. Ким қийналиб қолган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унга енгиллик қилади. Модомики банда биродарининг кўмагида бўлар экан, Аллоҳ унинг кўмакчиси бўлади" (Муслим).

Мусулмон давлатларнинг иқтисодий ҳолати бугунги кунда жуда аянчлидир. Қашшоқ мамлакатлар халқаро иқтисодий ташкилотларга қарамликка тушиб қолиши мумкин, бой мамлакатлар эса саноатни диверсификация қилишни истамасдан, тобора заифлашиб бормоқда. Ёқилғи ресурсларига бой эканлигига қарамай, қайта ишлаш саноатини ривожлантираётган ва тайёр маҳсулот экспортини ошираётган Малайзиягина умид уйғотмоқда, холос.

Абу Муслим

(Интернетдаги маълумотлар асосида)