loader
Foto

Исломий рўмол кураш рамзига айланди

Президентнинг Францияда паранжи ва ҳижоб кийиб юришни таъқиқлаш хақидаги қарори фақат кам сонли (озчилик) аҳоли вакилларига дахлдор бўлиб, Европада қабул қилинган ва мусулмон аҳолининг маданий ва маънавий қадриятларини камситадиган қатор қарорларнинг охирги кўриниши сифатида намоён бўлмоқда. Бу қарорларга мисол бўлиб Швейцарияда миноралар қуришни тақиқлаш ҳам, Саркозининг ўзи мигрантларга "ташланиб" бошлаб берган "француз ўзига “хослиги" борасидаги мунозаралар хизмат қилиши мумкин. Бу тадбир тарафдорлари асос (далил) тариқасида аёллар хуқуқини ҳимоя қилишни келтирадилар.



Биз бу мунозара бугун юзага келди, деб ўйлаймиз (аниқроғи, бизни шунга ишонтирмоқчи бўладилар), лекин 19-аср охиридаёқ Британиянинг Мисрдаги бошқарувчиси лорд Кромер (Cromer) ўзини Миср аёлларининг халоскори деб ҳисоблаб, ислом жамиятининг ва исломнинг қолоқлиги, буларнинг Европа маданиятига қиёсан зид эканлиги хақида гапирган. Бу зидликнинг исботи ўлароқ у хижобни ва Мисрда аёлларнинг тутган ўрнини, аҳволини келтирган. Айни вақтда у ўзининг мустабид бошқарувчи сифатида аёллар хуқуқи ҳимоячиси деб ҳисоблаши, Лондонда эса эркаклар Иттифоқи раиси сифатида аёлларга сайловда қатнашиш хуқуқини беришга қарши юритган "жўшқин фаолияти" орасидаги номутаносибликни унчалик "пайқамаган".



Орадан бир аср ўтгач аёллар хуқуқи ҳимоячиси мисрлик Лайло Аҳмад (Leila Ahmed) ҳижобни маданий қолоқлик ва араб дунёсида мусулмон аёллар хуқуқи поймол этилишининг рамзи сифатида таърифловчи Ғарбдаги фикрларга кескин раддия билан чиқиш қилди. Ҳижоб ҳақидаги бу бузуқ фикрлар ушбу либосга нисбатан салбий ва мутакаббирона муносабатни пайдо қилди. Ҳижобни кийиб юриш мусулмон аёллари мухожирликда яшаётган мамлакатларда ҳам, ўз ватанларида ҳам муаммо туғдирмайди. Бу масалани "ёруғ дунёга" кўтариб чиқишдан мақсад - ҳокимият тепасидаги гуруҳнинг ирқпараст гап-сўзларини қўллаш, йўқ жойдан асабий таранглик яратишдир. Ахир, ҳижоб кийишнинг моҳияти анча кўп қиррали эканилиги аниқ, лекин бу хақда, ва мусулмон жамиятининг маданияти ва ижтимоий фаолиятининг бошқа кўринишлари хақида негадир бирор сўз айтилмаяпти.



Туркияда рўй берган ходиса бу борада анча ибратлидир. Бир неча кун олдин Логронодаги (Logrono) Иберкаха Фонди (Fundation Iberkaja) директори (ва қўшимча сифатида Риоха автоном области бошқарув аппарати маслаҳатчисининг хотини) Майте Сириса (Mayte Cirica), ўзининг "Паранжи остида" деб номланган мақоласида "Туркияда олий ўқув юртларида ҳижоб кийиб юриш таъқиқланган эди, лекин таъқиқ бекор қилингандан кейин аввал ҳижоб киймаган қизлар ҳижоб кийишга қаттиқ мажбурлана бошлашди" деб ёзади.



Бу ўринда муаммо муаллифнинг аҳволдан бехабарлигида эмас. Гап шундаки, бундай мақолалар айнан бўҳтон асосида пайдо бўлади.

Ҳақиқатан ҳам 2008 йилнинг февралида Туркия парламенти олий ўқув юртларида хижоб кийишга бўлган тақиқни бекор қилди (бу эркин зиёлилар вакиллари, аҳолининг кўпчилик қисми ва халқаро хуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланган ташаббус эди), лекин 4 ой ўтгач ушбу давлат Конституцион суди юқоридаги қарорни бекор қилди. Айнан шу қабул қилинмаган қонун муҳокамаси вақтида Европа Иттифоқи Парламент ассамблеяси раиси, консерватив католик қарашлар тарафдори голландиялик Рене Вандер Линден (Rene van der Linden), агар Туркия ўзининг аёл фуқароларини исломий рўмолда юришга мажбур қиладиган бўлса, унга Европа Иттифоқидаги ўз ўрнини бўшатиб қўйиш таклиф қилиниш мумкин деб огоҳлантирган эди. Яна у ушбу бош кийимни кийишга мажбур қилинаётган турк аёлларини Европанинг инсон хуқуқлари бўйича судига даъво аризаси беришга хам чақирган.



Рухсат бериш, дегани мажбурлаш дегани эмаслигини унга кимдир тушунтириб бериши керак эди шекилли (наҳотки у ҳам шуни тушунмаса?!) Ғалати тасодиф туфайли ўзини қатъий католик ҳисобловчи, шунга қарамасдан, "Черков сиёсатга аралашмаслиги керак" деб таъкидловчи Вандер Линден, бир неча ой олдин ўзи бошқарган ташкилотда креационизмни ўқитишни ҳавфли эканлиги хақидаги докладни ман қилган, чунки унинг ўзи ушбу таълимотни ҳимоя қилиб чиққан. Худди шу ўринда папалар Иоанн Павел II ва Бенедикт ХVI каби, Вандер Линден эволюция назариясини "эҳтимолдан (гипотезадан) бошқа нарса эмас", деб ҳисоблаган. Унинг юрти Данияда ҳам либерал-консерватив ҳукумат мактабларда, суд муассасаларида ва жамоат транспортида юзни тўлиқ ёпиб турувчи бош кийимларни кийишни тақиқлаш ҳақидаги қонун қабул қилишни кўриб чиқмоқда. Афтидан, "Таъқиқлаш, таъқиқлаш ва яна таъқиқлаш" ультрарадикал католик доираларнинг шиори ҳисобланади.



Француз президентининг хижобни тақиқлашни кенгайтириш таклифига қайтадиган бўлсак (исломий рўмол давлат мактабларида 2004 йилда ман қилинган), бу ташаббус янгилик эмаслигини таъкидлаш жоиз. Французлар бундай ҳаракатни ўтган асрнинг 50 йилларида Жазоирга нисбатан қўллашга уриниб кўришган. Натижада улар шунга эришганларки, хижоб босқинчиларга қарши кураш рамзига айланиб қолган. Буни империализмга қарши йўналишдаги буюк мутафаккир Франс Фанон хам таъкидлаган. Ўшанда аёлларнинг миллий либоси француз империализми билан курашда ғоявий бирдамлик ва уюшқоқликни англата бошлаган.

Аёллардан кимдир сўраб кўрдими?

Лорд Кромер хасталиги (синдроми) билан "захарланган", ажойиб фикрловчи оқ танли эркаклар ўзларини демократия, аёллар эркинлиги ва хуқуқларининг ҳимоячилари деб эълон қилишга қарор қилдилар (фақат аёллардан ўз фикрини сўрашни унутиб қўйишди). Шу мақсадда "Ислом-Демократия", "Хижоб кийиш - аёллар эркинлиги" мавзуларидаги мунозараларни бўҳтонлар билан тўлдиришди.

Араб дунёсидаги мусулмон аёллар нуқтаи назагига кўра ҳижоб кийиш турли маъноларни ифодалаши мумкин: қаршилик кўрсатишга ҳозирлик, ғоявий бирдамлик белгиси, фаол кураш стратегияси, ҳамда бўйсуниш ёки сиёсий исломни рамзи бўлиши ҳам мумкин. Бу хақда эронлик аёлпараст (феминистка) Валентина Могхадам бундай деган: "Ихтиёрий равишда ҳижоб кийиб юриш қандайдир сиёсий исломий ҳаракатга аъзолик ёки уни қўллаб-қувватлашни билдиравермайди. Балки у қандайдир ғайритабиий тарзда исёнкор руҳдаги ёш аёлларда ота-она хукмронлигини ёки патриархал ҳукмронликни тан олмасликни англатади. Бу ноанъавий оилалардаги қизларнинг алоҳида ҳолати бўлиши мумкин (масалан, фаластинлик, жазоирлик ёки тунислик оилаларда). Ҳижоб кийиб, улар кўпроқ шахсий мустақилликка ва ишончлироқ ташқи кўринишга эришишга интилишади (айниқса аралаш коллежларда).

Минглаб мусулмон аёллар хижобда юришлари билан бирга ўқийдилар, ишлайдилар ва сўл ташкилотлар вакиллари хисобланадилар. Бунга 22 ёшли талаба Илҳом Муссаид (Ilham Moussaid) мисол бўлиши мумкин. У март ойида ўтадиган Прованс-Альп - Мовий Соҳил (Лазурный берег) худудий сайловларида Оливер Бесансенот бошқарган сўл кучлардан ўз номзодини қўйган. "Кибор (зиёли) аёл ҳам, аёлпараст (феминистка) ҳам бўлиш, ва шу билан бирга ҳижоб кийиб юриш хам мумкин" деб таъкидлайди Илҳом Муссаид.



Бироқ Франция президенти тўхтаб қолмасликка ва ҳижобни барча жамоат жойларида, жумладан кўчаларда ҳам тақиқлашни таклиф қилмоқда. Ажабланарлиси, айнан жазавага яқин фаоллик ва муттасил ташвиқотдир. Жамият учун ҳавф мавжудми? Миллатчилик заминидаги тўқнашувлар бўлиши мумкинми? Франция ички ишлар вазирига кўра, мамлакатда яшовчи беш миллиондан зиёд мусулмонлар ичидан фақат 1900 та аёл юзини тўлиқ ёпувчи бош кийим кийиб юради.



Уларнинг ўрнига ўйлаш ва уларнинг ўрнига қарор қабул қилиш балки етарли бўлгандир?

Антонио Куэста ( Antonio Cuesta)

Абу муслим таржимаси (2010 йил)