loader
Foto

Қуддуснинг озод қилиниши

Ҳижрий 583 йил ражаб ойининг 27-санасида (1187 йил 9 октябрь) салибчиларнинг 88 йиллик бошқарувидан кейин Қуддус машҳур султон Салоҳиддин Айюбий қўмондонлиги остидаги Миср қўшинлари томонидан озод килинди. 1187 йилнинг баҳор ойларига келиб, Салоҳиддин Айюбий қўмондонлиги остидаги Миср қўшинлари Фаластинни салбчилардан озод қилиш мақсадида юриш бошлаши учун қулай шароит юзага келганди. Ҳарбий стратег санъати, кўп сонли жангларда тўпланган тажриба Салоҳиддинга ҳарбий кампанияни муваффақиятли ўтказишга имкон берди. 1187 йилнинг 4 июлида бўлиб ўтган Хаттин жанги кейинги кампанияларни асослаб берган асосий ҳодиса бўлди. Бу жангда ғалаба қозонгач, Миср қўшинлари бирин-кетин стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа қалъаларни – Акра, Наблус, Яффа, Сидон ва бошқаларни қўлга киритди.

Сентябр ойида Қуддусга ҳал қилувчи юришни бошлашга ҳамма нарса тайёр бўлди. Юриш бошланишидан олдин, Миср қўшинлари Асқалон қалъаси олдида турганда Салоҳиддиннинг олдига музокара учун Қуддус шаҳрининг аслзодалари вакиллари келди. Султон шаҳардаги ҳарбий гарнизон таслим бўлишини таклиф қилди. Бироқ Қуддус вакиллари Миср султонининг таклифини рад қилдилар.

Мусулмонлар қўшини томонидан қадимий Қуддусни қамал қилиш 1187 йил 20 сентябрда бошланди. Салоҳиддин беҳуда қурбонлар бўлишининг олдини олиш учун яна бир бор шаҳар аҳолисига таслим бўлишни таклиф қилди, лекин Салоҳиддин аскарларининг қалъа деворларига тиши ўтмаслигига ишончи комил бўлган шаҳар ҳимоячилари шаҳарни топшириш таклифини рад қилдилар.

Дастлабки кунлар салибчилар қалъа деворларига яқин жойда мустаҳкам ўрин топишнинг уддасидан чиқа олмаган мисрликлар ҳужумларини катта қийинчиликларсиз кайтардилар. Шаҳарни қўлга киритиш учун мусулмонлар муҳосара қуролларини шаҳар деворига яқинроқ олиб келишлари лозим эди. Улар бир нечта яхши қуролланган аскарлар гуруҳлари уюштирган муваффақиятли ҳужумлардан кейин бунинг уддасидан чиқдилар. Қалъа деворининг кичик қисмига йўл топган мусулмонлар деворни қулатиш учун унинг тагини ковлай бошладилар. 29 сентябрь куни улар бунга эришдилар – деворнинг таги ковланган қисми қулаб тушди ва бу Миср қўшинига ҳужум қилиш имконини берди.

Қалъанинг девори бузилгани ҳақида маълум бўлгач, шаҳар аҳоли ўртасида ваҳима пайдо бўлди. Катта миқдорда ҳақ тўлаш ваъда қилинганига қарамасдан, қалъа деворларини ҳимоя қилишни истаганлар кам эди. Мавжуд вазиятда шаҳар зодагонлари йиғилишида таслим бўлиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Салоҳиддин ал-Айюбийнинг Қуддусга тантанали кириб бориши ражаб ойининг 27-санасига тўғри келди. Унга қўшни давлатлар элчилари ва уламолар ҳамроҳлик қилишди. Султон Ақсо масжидига кириб, намоз ўқиди ва Аллоҳ Таолога берган мадади ва ғалаба учун миннатдорчилик билдирди.

Салоҳиддиннинг олижаноблиги, исломнинг юксак ғояларига эргашиш истаги кўп ҳолларда шаҳарларни қамал қилишда ортиқча қурбонларга йўл қўймасликка имкон берарди. Мусулмонлар нафақат капитуляциянинг барча шартларини бажарди, балки ёнида бир чақаси бўлмаган минглаб франкларнинг Европага қайтишига ёрдам ҳам берди.

Абу Муслим таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР