loader
Foto

Рўза: унинг тарихи, ҳақиқати, мақсадлари

“Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз”. (Бақара 183)

Рўзанинг мусулмонларга фарз қилинишидаги ҳикматларни англаб етиш учун, аввало, бир неча ҳақиқатларни тушуниб олишимизга тўғри келади. Келинг, ана ўша ҳақиқатларга бир назар солиб чиқайлик.



Инсон ҳақиқати



Маълумки, инсон фаришталар ва ҳайвонлар оралиғида яратилган бир мавжудотдир. Унда мазкур икки тоифанинг, бир-бирига зид икки жинснинг табиатлари мужассамлашган. Инсон фариштавий хоссалар ва ҳайвоний хусусиятлардан, илоҳий ахлоқлар ва ҳайвоний одатлардан таркиб топган ғаройиб қоришмадир. Негаки унинг яратилишидан кўзланган мақсад, унинг учун белгиланган мансаб ўзгачадир. Бу мақомга фаришталар ҳам танланган эмас, ҳайвонлар ҳам бунинг учун яратилган эмас. Бу – Аллоҳнинг ердаги халифаси, ўринбосари бўлиш мартабасидир, бандаликнинг ниҳоий шаклини, энг юқори чўққисини ифода этиш мақомидир.

«Эсла, вақтики Роббинг фаришталарга: «Мен ер юзида халифа қилмоқчиман», – деди. Улар: «Унда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиган кимсани қилмоқчимисан? Ҳолбуки, биз Сени ҳамдинг ила поклаб ёд этиб ва Сени улуғлаб турибмиз», – дедилар. У: «Мен сиз билмайдиган нарсаларни биламан», – деди». (Бақара 30)

«Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим». (Заарийаат 56)

Инсоннинг Аллоҳнинг ердаги халифаси бўлиш масаласи улкан ҳақиқатдир. Инсон учун бундан ортиқ шараф йўқ. Аммо, бу мақомнинг юзага келиши учун муҳим омил керак эди. У ҳам бўлса, халифа қилгувчи ва халифа қилингувчи ҳамда халифалик макони ўртасида кучли боғлиқлик мавжуд бўлиши эди. Яъни Аллоҳ таоло,  инсон ҳамда ер ўртасида муайян муносабат ўрнатилиши керак эди. Шу боис инсон уни ўзининг ўринбосари қилиб яратаётган Зот тарафидан киритилган хос руҳ ҳамда инсон халифалик қиладиган макон, яъни туфроғдан таркиб топган ҳолда яратилди. Унинг танаси туфроғдан ясалди:

«Аллоҳ сизларни туфроғдан яратди...». (Фотир 11)

Бу ҳақиқатни ҳозирги илм-фан ҳам қайта-қайта тасдиқламоқда.

Инсоннинг руҳи эса Аллоҳ таоло томонидан киритилди.

«Сўнгра У зот уни тўғрилади ва унинг ичига Ўз руҳидан пуфлади...». (Сажда 9)

Натижада мазкур янги мавжудот яжойиб, ҳакимона тарзда таркиб топди. Унда икки тарафдан икки турдаги хусусиятлар вужудга келди.

Биринчиси: Унда Аллоҳ таолонинг хулқ ва сифатларидан намуналар юзага келди. Масалан, олийжаноблик, поклик, беҳожатлик, марҳамат, мурувват, шафқат, яхшилик, сабр, ҳилм, куч-қудрат, зўрдастлик, мусаффолик, ҳар хил номуносиб нарсалардан холилик ва ҳоказо хусусиятлар шу жумладандир. Шунинг учун ҳам инсоният ўзининг тарихида, ҳамма даврларда, бутун ҳаёти давомида мазкур ахлоқлардан ҳузур-ҳаловат, иззат-шараф туйиб келган. Агар инсон ўзи ушбу ахлоқлардан узоқ бўлган ёки уларни ўзлаштиришга қосирлик қилган бўлса ҳам, ўша ахлоқларга эга бўлган кишилар олдида доимо бош эгиб келган.

Иккинчиси: туфроғдан, яъни ердан ҳам унинг хосслари ва табиатлари инсонга ўтди. Шунинг учун ҳам инсон ер ва ундаги нарсаларга муҳаббат ва майл кўрсатади. Токи инсон ердаги бошқарувини гўзал олиб борсин, ернинг конлари ва бойликларидан манфаат олсин, унинг неъматлари ва пок инъомларидан баҳраманд бўлсин. Ана шу эътибордан инсонда емоқ-ичмоққа истак ва жинсий ғариза пайдо бўлган, унга очиқиш ва чанқаш хусусиятлари берилгандир. Унинг зуваласи лаззат ва кети йўқ имтиёзларга ҳирс қўйиш хусусияти билан қорилган, унга саноат ва маданият, таому шаробга юксак дид илҳом қилингандир.

Иснондаги бу икки хоссанинг ҳар бири ҳам инсонни доимо ўз тарафига тортиб туради. Руҳ инсонни ўзининг асл манбаъи – Аллоҳ тарафига тортади. Руҳ инсонга унинг келиб чиқишини, муҳим масъулиятларини, дунёга келишидан кўзланган мақсад – хилофат мартабасини эслатиб туради. Руҳ инсонда ўзи кўчиб келган гўзал, бепоён оламга нисбатан иштиёқ уйғотади. Бу моддий оламнинг оғирликлари, қоронғуликларидан озод бўлишга, моддият кишанларини парчалаб ташлашга, жисмнинг лаззат ва истакларини улоқтириб юборишга, нафсу ҳаво қафасини бузиб, руҳият оламида кенг парвоз қилишга, беқиёс маънавий ҳузур-ҳаловатларни ҳис этишга чақиради. Руҳ бу йўлдаги очлик-чанқоқликдан, меҳнат-машаққатдан шундай роҳат оладики, буни инсон бутун дунё маишатини йиғиштириб келганда ҳам топа олмайди. Ана шу ҳолатда инсон ўзининг ҳақиқий қийматини топгандай, ўз истагининг юқори чўққисига эришгандай, энди унинг учун муаммо қолмагандай бўлади. У бу мусаффоликдаги ўтказган бир лаҳзасини бутун умри бўйи тотиб келган бошқа лаззатларга алмаштирмайди. У бу ҳолатдан айрилишни қушнинг ўз инидан ёки балиқнинг сувдан айрилишидек туяди. Мана шу нарсаларнинг бари инсон ичидаги руҳнинг ишларидир.

Шунингдек, инсонни жасад ҳам ўз аслига, ерга тортиб туради. Инсондаги барча тубан хислатлар ана шундан. Қачонки руҳнинг ҳукмронлиги заифлашса ёки унинг ҳукми қўлдан кетиб, куч-қудрати кесилса ва бор тасарруфни жисмоний майл-истаклар ўз қўлига олса, инсон шаҳват ва лаззатлар пайига тушиб қолади, у ўз истакларининг мажнунига айланади, бу маънода турли туман бўлмағур нарсаларни ихтиро қилади, ақл ва одат, соғлик-саломатлик, адолат ва шариат ҳудудларини бузиб ташлайди. Инсоннинг бор ҳиммату заковати, ихтроларию иқтидорлари таому шаробнинг турларини кўпайтириш, уларни еб ютишу ҳазм қилишга хизмат қилади, холос. Натижада у маданият ва тараққиётнинг авжига, илму билимнинг чўққисига етганини жар солаётган бир пайтда таомхона ва ҳожатхона ўртасида бориб келадиган жониворга айланиб қолади. Унинг емоқ учун ишлашу ишлаш учун емоқдан бошқа ташвиши қолмайди. Энди бу инсонга ўзининг ҳақиқати устида, унинг яратилишидан кўзланган асл мақсад ҳақидаги гапларни тинглаш малол келиб қолади. Ана шунда инсонни тўғри йўлга солиш, чин инсонийликка қайтариш муаммога айланиб қолади.



Тарихга назар



Инсониятнинг диний-ахлоқий тарихидаги барча муҳим ҳодисалар мана шу икки хусусиятдан келиб чиққан курашдан келиб иборат десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Тарихга назар ташлар эканмиз, кўрамизки, баъзан биринчи табиат – руҳонийлик ғолиб келиб, ҳаддидан ошган. Натижада бу табиат роҳибликни ўйлаб чиқарди, тарки дунёчиликда, пок ва мубоҳ нарсаларни тарк этишда, нафсни қийнашда чегарадан чиқди. Инсонлар очлик ва бедорликка берилиб кетиб, ўрмонлар ва ғорларга чиқиб кетишди. Том маънодаги саодат ва руҳоний юксаклик нафсни қийнаш ва жасадга озор беришда деган фикрга бориб қолишди. Бунга Европа ўрта асридаги ҳаддан тажовуз қилган роҳибларни ва ҳинд ибодатчиларини мисол қилиш мумкин.

Бу ишнинг оқибати эса жисм ва ақлларнинг заифлашуви ҳамда ижтимоий алоқаларнинг бузилишидан бошқа бўлмади. Жамият қулади, кураш ва масъулият майдонидан чекинди, ўзича фаришталарни ўзи учун олий намуна қилиб олиб, уларга интилишга, гўё ҳасад қилишга ўтди, ҳолбуки, аслида, фаришталарнинг ҳавасини келтирган, уларга саждагоҳ бўлган «ҳазрати инсон» эди у.

Бошқа бир пайтларда эса иккинчи табиат – ердан бўлган жасад табиати ғалаба қилди. Тарихда бу ғалаба олдингисидан кўра кўп рўй берган. Бунда инсон ҳар қандай ақл ва шариат чекловларидан, руҳ ва ахлоқ ҳукмларидан тажовуз қилди. У моддият чақириқларига эргашди. Ўзининг жисмоний истакларини қондириш, моддий рағбатларини рўёбга чиқаришга муккасидан кетди. Бунда унинг учун на чегара, на меъёр қолмади. Натижада руҳ ва қалб нури сўнди, ақл ва ички оламнинг барбод бўлиши ҳисобига маишат қилинадиган бўлди. Энди унга бир оиланинг, балки, бир халқнинг озуқаси ҳам камлик қилиб қолди. Оқибатда зулму жиноятлар рўй берди. Инсон ўз жинсдошларини еб ютувчи, ўз оила аъзоларини азобловчи ҳамлакор ваҳший ҳайвонга айланди. Соф Исломий юришларни ҳисобга олмаганда, тарих саҳнасида рўй берган барча урушлар, ғалаба ва нусратлар шахсий ёки жамоавий маънодаги очкўзликнинг, ер юзида устунликка бўлган истакнинг оқибатларидан  бошқа нарса эмас.



Рўза нажотдир



Аллоҳ таоло тарафидан келган дин инсониятни ана ўшандай ботқоқ ва разолатлардан қутқарди. Уни жисмни қийнаш билан ҳаддан ошишдан, айни чоқда, тана майлларига муккасидан кетишдан озод қилди. Инсонга ҳақиқий инсоний ҳаёт тарзини, олижаноб одамийликни тақдим қилди. Бу йўлда қўйилган қадамларнинг асосийларидан бири рўзани шариатга киритиш бўлди.

Турли замонларда, турли маконларда Аллоҳ таоло тарафидан пайғамбарлар келган. Бу пайғамбарлик моддапарастлик исканжаси остида яшаётган инсониятни нажотга олиб чиқди. Унга руҳ бағишлади, ахлоқ-одоб, нозик туйғулар, ҳақиқий инсонийлик, маънавий юксаклик бахш этди. Унга шаҳват туғёнларидан, қоринпарастликдан озод қалб, мусаффо руҳ тақдим қилди. Ҳаётда адолат тарозусини ўрнатди. Бу билан инсонни ундан кўзланган мақсад – Аллоҳга комил бандаликни юзага чиқаришга, унда мужассамлаштирилган камолот – Аллоҳга дўстлик мақомига эришишга, унинг ер куррасига туширилишидан назарда тутилган вазифа – Аллоҳнинг ердаги халифаси бўлиш мансабига янгидан ҳозирлади.

Бу буюк ҳозирлик ёлғиз фариштанамо руҳонийлик билан ҳам, ҳайвонсифат моддийлик билан ҳам юзага чиқмас эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ томонидан келган шариат инсонга рўзани фарз қилди. У бу билан моддийликни, нафсу ҳавони чеклади, қалбга йўқотган нарсалари – тириклик, уйғоқлик, куч-қудрат, маънавий бойликларини қайтарди. Инсоннинг ички оламини руҳоний, иймоний озуқа билан тўлдирди. Бу билан инсон руҳи ўзининг ҳаётдаги мўътадиллигини сақлашга, шаҳват алдовлари, нафс туғёнларига қарши курашишга қодир бўлди. Инсон Аллоҳ таолонинг хулқларидан маълумлари ила хулқланишга, Аллоҳнинг исм ва сифатларидан улуш олишга, бу билан олий даражаларга юксалишга эришди. У қалб ва руҳоният бўстонларида сайр этди, фаришталардан ҳам олий мақомга эришди. Бу билан у бирор жисмоний лаззатда топилмайдиган, ўхшаши йўқ бир ҳузур-ҳаловатга эришди.



Рўзанинг мақсадлари



Ҳужжатул-ислом имом Ғаззолий ўзига хос услубда рўзанинг мақсадларига ишора қилар экан, шундай дейди:

«Рўзадан мақсад Аллоҳ таолонинг хулқларидан бир хулқ – беҳожатлик билан хулқланиш, нафс истакларидан имкон қадар тийилиш орқали, шаҳватлардан пок фаришталарга иқтидо қилишдир. Инсон ҳайвон мартабасидан шаҳватларни ақл нури ёрдамида синдириш қувватига эгалиги билан устун туради. Аммо, шаҳватлар унга ўз таъсирини ўтказгани, у нафсу ҳавосига қарши курашишга мажбурлиги юзасидан фаришталардан қуйи туради. У шаҳватларга – нафс истакларига берилгани сари энг қуйи табақаларга – асфала софилинга қараб кетади,  шаҳватини синдиргани сайин фаришталарнинг олий мақомига кўтарилиб боради, натижада фаришталар фазосида парвоз қилади».

Ташқи аъзоларни ҳамда ички қувватларни муҳофаза қилишда рўзанинг таъсири беқиёс. У инсоннинг вужудини уни бузадиган, соғлигига зарар келтирадиган моддалардан тозалайди. Рўза инсонга унинг руҳи ва жисмидан нафсу ҳаво тортиб олган фазилатларни қайтаради. У чинакам тақвони ўзлаштириш учун энг яхши ёрдамчидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мусулмонларга рўзани фарз қилган оятда:

«... сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз», – деган.

Демак, рўзани шариатга киритилишидан бош мақсад мусулмон кишида тақвони шакллантириш экан.

Рўзадан кўзланган асосий мақсадлардан бири мусулмон шахсда Аллоҳдан қўрқиш ҳиссини уйғотишдир. Унда Аллоҳнинг розилиги учун ўз хоҳиш-истакларига қарши иш кўра олиш малакасини ҳосил қилишдир. Чанқаб, очиқиб турган инсоннинг Аллоҳ айтган фурсатгача бир қултум сув ютмай юриши, ҳеч ким кўрмайдиган, ҳеч ким сезмайдиган пайтда ҳам оғзига бир луқма таом солмай туриши ўша инсоннинг уни Аллоҳ доимо кузатиб турганини ҳис қилишидан бўлади. Бу ҳис уни ҳар қандай ҳолатда яхшилик, савоб ишлар қилишга, ҳар қандай вазиятда ёмонликдан, гуноҳлардан тийилишга олиб келади. Бир ой давомида ўзини ана шундай ҳолда тутган киши йил бўйи, балки бир умр ўшандай эзгу ҳаёт кечиришга қодир бўлади. Аллоҳни рози қилиш учун ҳалол нарсалардан ўзини тия олган шасх У зотнинг ризоси учун ҳаром нарсалардан мутлақо тийилишга ўзида етарли куч-қудрат ва малакани ҳосил қилади.

Очлик ила кишиларни даволаб ном чиқараётган кишилардан бирига: «Сиз ўз тажрибангизда шу нарсадан топган энг улкан фойда нима?» деб савол берилганда у: «Аллоҳни ҳис этиш, ибодат қилишга ружу, қисқаси, тақводорлик», деб жавоб берди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза қалқондир», – деганлар.

Ҳа, рўза қалқондир, у ўз соҳибини шаҳват ҳужумларидан тўсади.

Рўза қалқондир, у ўз соҳибини гуноҳлардан тўсади.

Рўз қалқондир, у ўз соҳибини унга зарарли бўлган нарсалардан тўсади.

Рўз қалқондир, у ўз соҳибини дўзах оловидан тўсади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳвати ғалаба қилаётган, аммо уйланишга имкон топа олмаётган кишиларга рўза тутишни тавсия қилганлар.

Инсонни икки дунё саодатига эриштирадиган фазилат ва хусусиятларни ўзлаштириш айнан рўза билан юзага чиқади. Инсонларга улар учун зарур бўлган амални фарз қилганлиги ҳам Парвардигорнинг Ўз бандаларига меҳрибонлигидандир. Чунки инсон ўз учун керак бўлган ҳар бир фойдали нарсани билавермайди. Билган тақдирда ҳам, ўз ихтиёри билан ўша ишни бажариши қийин.

Рўзанинг инсон маънавияти, руҳияти учун фойдаси кўп бўлгани учун қадимги динларда ҳам рўза у ёки бу шаклда мавжуд бўлган. Ҳаттоки, Будда ва Ганди кабилар ҳам ўз руҳий қувватларини ошириш, нафсларини чиниқтириш учун ўзларича рўза тутишган.



Қадимги динларда рўза



Ҳозирда ҳам инсонлар амал қилиб келаётган энг қадимги диёнатлардан бири браҳман ҳиндулик динидир. Ҳиндистон университетининг фалсафа қисми раҳбари устоз Маҳадеван рўзанинг ҳиндулик шариатидаги, ҳиндлар жамиятидаги аҳамиятини қуйидагича баён қилади:

«Ҳар йили ўтказиладиган байрам кунларидан бири нафсни покловчи рўза учун ажратилган кундир. Ҳиндуизм тоифаларининг ҳар бири ўзлари учун дуо ва ибодат билан ўтказадиган махсус кунларни таъйин қилиб олган. Мазкур тоифаларнинг аксар аъзолари ўша кун рўзасини тутишади. Емоқ-ичмоқдан тийилишади, тунни буткул бедорликда ўтказишади ва муқаддас китобларини ўқишади, Аллоҳга муроқаба қилишади – қалбан боғланишади...

Шунингдек, хоссатан аёллар рўза тутадиган кунлар ҳам бор. Бунда улар илоҳага (уларнинг эътиқодича, Аллоҳнинг аёллик сифатларига) турли кўринишларда дуолар қилишади. Бу кунлар ўзига хос аҳамиятга эга бўлиб, Барат ёки Аҳд деб номланади. Бу кунлар руҳни поклашга ажратилган бўлиб, ундан руҳни маънавий озиқлантириш мақсад қилингандир».

Браҳманлар ҳозир ҳам ҳинд ҳисоби бўйича ҳар бир ойнинг ўн бир ва ўн иккинчи кунлари рўза тутишади. Уларнинг бу рўзалари, агар тарк қилмай тутиб боришса, бир йилда йигирма тўрт кун бўлади.

Қадимги Мисрликларга келсак, уларда рўза диний байрамлари билан бўлганини кўрамиз. Юнонларда Тхасмоферия ойининг учинчи куни аёлларга хос рўза куни бўлган. Ҳатто мажусийлик дини ҳам, агарчи баъзи табақаларга бўлса-да, рўзани буюрган. Уларнинг айрим муқаддас китобларида зикр қилинишича, диний раҳбарларга беш йил рўза тутиш фарз қилингандир.



Яҳудийларда рўза



Яҳудийларда рўза Бобил даврида қийинчилик ва маҳзунлик рамзи бўлган. Киши қачон бирор хатарга, таҳдидга тушса, рўза тутиш унинг учун паноҳ бўлган. Бирорта коҳин ёки илҳом соҳиби ўзини илҳомга тайёрламоқчи бўлса, рўза тутган. Яҳудийлар қачон ўзларига Аллоҳни ғазабнок, норизо бўлган, деб билишса ёки юртларига каттароқ мусибат тушса, вабо келса, ёхуд қурғоқчилик бўлса, маълум муддат рўза тутишган. Баъзи пайтларда подшоҳлар янги режа олдидан ҳам рўза тутганлар.

Яҳудий тақвимида қадимдан доимий белгиланган рўза кунлари мавжуд. Ундан ташқари, мусавийлик диёнатида муайян каффорат куни рўзаси ҳам бор. Шунингдек, яҳудийларнинг бошига тушган аянчли, мусибатли кунлар – Бобил асирлигининг хотираси сифатида жорий бўлган давомли рўза кунлари бўлиб, тўртинчи ой – Тамуз, бешинчи ой – Об, Еттинчи ой – Тишри ва ўнинчи ой – Тебет ойларида тутилади. Айрим Талмуд уламолари, мазкур кунларнинг рўзасини Бану Исроил халқи ўзгаларнинг қўлида маҳкум бўлганида, оғирлик пайтларида тутишлари шарт, аммо омонлик ва кенгчиликда яшаётган даврларида эса мажбурий эмас, дейдилар.

Бундан ташқари, яна бир қанча рўза кунлари борки, яҳудийлар йўлиққан оғир ва машаққатли кунлар хотираси учун тутилади. Бу рўза кунлари аввалги айтилган кунларга илова қилинади, лекин мажбурий бўлмайди. Бу кунларнинг адади йигирма беш кун бўлиб, яҳудийлар орасида бу борада бир оз ихтилоф бор.

Шу билан бирга, баъзи миллий-маҳаллий рўза кунлари бўлиб, узоқ йиллардан бери яҳудийлар яшаб келаётган турли диёрларда турлича тутиб келинган. Бу кунлар ҳам турли замонларда, турли жойларда бу халқнинг тақдирида юз берган ўтмиш қора кунларининг, баъзи ҳукуматлар тарафидан чеккан азиятларининг хотиралари сифатида жорий қилинган.

Яҳудий миллати тарихида рўй берган бир қанча воқеалар ва машаққатли кунлар, ўзларининг шахсий ҳаётларида рўй берган мотамли онлар хотираси учун тутиладиган, аммо баъзи табақаларгагина хос бўлган рўза кунлари ҳам бор.

Йилнинг биринчи куни рўза тутиш деярли барча яҳудий табақаларида мавжуд. Яна, яҳудий халқига бирор хатар етса, ёмғир кечикса, юртга очарчилик келса, оғир ҳолатлар пайдо бўлса ёки қийин қонунлар чиқарилса, ана шундай пайтларда риббийлар – яҳудий уламолари маълум кунлар рўза тутишни буюришади ва бу рўза диний қонун сифатида жорий қилинади.



Насронийларда рўза



Насронийлик дини фиқҳий масалалари, умумий ҳукмлари энг оз диёнатлардан ҳисобланади. Унинг масиҳий жамиятларни,  тарихий босқичларни, барча дийний тоифаларни қамраб оладиган ҳукмлари жуда-жуда оз. Шу билан бирга, у давр ўтиши билан, сиёсий, ижтимоий ва баъзан иқтисодий омилларга кўра энг кўп тарқалган диндир. Шунинг учун уни илоҳий шариат дейиш қийин. Биз эса масийҳийлар наздидаги рўза ва унинг турли давларда қандай бўлганилиги ҳақида қисқача тасаввур ҳосил қилиш билан кифояланамиз.

Масийҳ алайҳиссалом Пайғамбар бўлишларидан аввал қирқ кун рўза тутганлар. Шунингдек, ҳар бир мухлис яҳудий каби, мусавий шариатида фарз бўлган каффорат куни рўзасини ҳам тутганлар. У киши рўзага алоқадор ҳукмларни жорий қилмаганлар, балки бир қанча асос қоидалар ва уларни татбиқ қиладиган канисани қолдирганлар. Бирор одам у кишини рўза ҳақида таг-туги билан қонунлар жорий қилган дея олмайди. Масийҳийликнинг янги манбаъларида «Булис» рўзаси ҳақида  сўз боради. Исроил сулоласидан бўлган яҳудийлар каффорат куни рўзасини тутишган.

Биринчи мелодий асрнинг якунида, қиддис Булис вафотидан кейин рўза қонун-қоидаларини ишлаб чиқишга кучли рағбат пайдо бўлган. Ҳолбуки, бу нарса рўзадорнинг тақвосига ташлаб қўйилган ишлардан эди. Айрим роҳиблар ва баъзи каниса кишилари масийҳийларнинг моддий ва жинсий хуружларга қарши курашишлари учун маълум рўзаларни ишлаб чиқишган. У даврларда вожибни ҳис этиш, рўзанинг рўзадорга таъсирсиз бир ташқи иш бўлиб қолишидан эҳтиёт бўлиш бор эди. Масийҳийларнинг рўзалари турлича бўлиб, бир, икки ёки бир неча кунлик бўлган. Қирқ соатлик рўзалари ҳам бор. «Аламлар жумаси» рўзаси ялпи халқнинг рўзаси бўлган. Иккинчи мелодий асрда баъзи жойларда ҳафтанинг чоршанба ва жума кунлари рўза тутиш одат бўлган. Рўза масаласида насронийларнинг тоифалари орасида ихтилофлар кўп.

Иккинчи-бешинчи асрлар орасида рўзага оид қонун-қоидаларни ишлаб чиқиш кучайди. Черков тарафидан ишлаб чиқарилаётган рўза ҳукмлари борган сари қаттиқлашиб, оғирлашиб борди. Тўртинчи асрга келиб рўза масалалари жуда қийинлашиб кетди.

Шу билан бирга насронийлардаги рўза турли жойларда турлича бўлиб кетди. Римдаги рўза Искандариядаги рўзадан фарқ қилади. Баъзилари ҳайвон гўштини ейишдан тийилса, бошқалари балиқ ва қуш гўштлари билан кифояланиш ила рўза тутишади. Айримлари оқлик ва меваларни тарк этса, бошқалари қаттиқ нон билан кифояланади, яна бошқалари эса буларнинг барчасидан тийилиш билан рўза тутади.

Охирги асрларга келиб, насронийликда Масийҳ алайҳиссалом ва масиҳийлик тарихидаги айрим кунлар ва ҳодисалар муносабати билан рўза тутиш жорий қилинди. Уларнинг орасида уч ёки тўрт соатликлари ҳам бор.

Кейинчалик Англия черкови рўза кунларини белгилаб берди. Лекин махсус қонун-қоидалар қўймай, буни рўзадорнинг виждонига, масъулиятни ҳис қилишига топшириб қўйди.

Хулоса шуки, насронийлик динида ҳам рўза мавжуд бўлиб, турли давр, турли минтақаларда ҳар хил бўлган ва бўлиб келмоқда.

Биз шундан биламизки, Қуроъни каримда «Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди», дейилгани айни ҳақиқатдир.



Исломда рўзанинг фарз қилиниши



Ислом динида рўза Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларининг иккинчи йили фарз қилинди.  Пайғамбаримиз алайҳиссалом вафотларигача тўққизта Рамазон рўзасини тутганлар.



Рўза муддати ва кайфиятининг чеклангани



Аввалги динларнинг ҳам кўпларида рўза бўлган. Лекин унинг муайян вақти ва шакли бўлмаган. Ким қачон хоҳласа, қандай хоҳласа, рўза тутаверган. Уларда рўза кунини танлаш ҳам, бу рўзада нималардан сақланиш ҳам ихтиёрий бўлиб қолган. Масалан, айрим ҳинд динларида кимдир гўштдан, кимдир пиширилган нарсалардан тийилиш билан рўза тутаверади. Натижада рўзадан кўзланган мақсад йўқолган, нафснинг ғалабаси яна ҳам авжига минган. Рўзада хиёнат пайдо бўлган. Ким рўза тутди, ким тутмади, ким қачон тутди, ким қачон тутмади, ким қандай тутди, ким қандай тутмади, билиб бўлмай қолган. Оқибатда рўзанинг руҳий ва ахлоқий таъсири қолмаган.

Юқорида айтилган халқлар ва тоифаларнинг рўзаларидан рўза икки хил: а) емоқ-ичмоқ ва рўзани бузадиган нарсалардан маълум муддат бир йўла тўхташ билан, б) еб-ичишни камайтириш, нафс кусаган нарсаларнинг айримларини қилиб, айримларини қилмаслик билан бўлганини кўрамиз. Илм ва тажриба аввалги навнинг афзаллигини кўрсатади. Чунки бунда нафсни тарбиялаш, очлик ва чанқоқлик ҳиссини туйиш, ҳайвоний шаҳватни синдириш, бу билан инсон руҳига қувват бериш бор. Иккинчи турда эса бу нарсалар йўқ, аксинча, у инсонда заифлик, тартибсизликдан бошқа нарсани ҳосил қилмайди.

Шунинг учун ҳам Ислом шариатида рўза махсус кўринишда, муайян шартлар билан, махсус кунларда тутилиши жорий қилинди. Токи миллати, мамлакати, шахсияти, замон ва макони қандай бўлишидан қатъи назар, бутун дунё мусулмонлари бир вақтда, бир шаклда, бир кўринишда рўза тутишсин, ўзбошимчаликка ўрин қолмасин. Шундагина рўзадан кўзланган олий мақсадлар, руҳий ва ахлоқий тарбия, инсоний фазилатларни мужассамлаштириш юзага чиқади.



Нима учун рўза бир ой?



Бошқа халқларда, юқорида эслаб ўтганимиздек, рўза тутиш кунлари тарқоқ, йил бўйи турли кунларда бўлган. Бунда бир рўза куни билан бошқаси орасида бир неча кунлар ёки ҳафталар ўтади. На нафс бир нарсага кўникиб улгуради, на жисм бир нарсага эришади. Натижада рўзанинг мақсадлари барбод бўлади. Унинг ахлоқ ва руҳ тарбиясига бўлган таъсири йўқолади. Инсон бир нарсага кўникиши, маълум ёмонликлардан халос бўлиб, маълум фазилатларни ўзида мужассамлаштириши учун уч-тўрт кун кифоя қилмайди. Балки бундай мақсадларга эришиш учун қатор кунлар ҳаракат қилишга тўғри келади.

Шунинг учун ҳам Ислом шариатида бир ойлик давомий рўза жорий қилинган.

Қолаверса, рўзанинг кетма-кет ўттиз кун бўлиши инсон соғлиги учун ҳам аҳамиятли. Профессор Николаевнинг «Оддий ҳақиқатлар» деб номланган китобида «Соғлиқ учун оч-наҳор юриш» сарлавҳали боб бор. Унда ўз соғлиғи учун қайғурган ҳар бир киши йилига 28-32 кун ихтиёрий равишда оч қолиши зарурлиги таъкидланган.

Ҳозирги кунда турли мамлакатларда давлатлар тарафидан «Ёнғин хавфсизлиги ойлиги», «Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги», «Ободонлаштириш ойлиги»  каби ойликларнинг кенг миқёсда йўлга қўйилиши Ислом қўллаган тадбирларнинг тўғри эканлигини ҳаёт тажрибалари ҳам кўрасатаётганига далолат қилади.



Нега айнан Рамазон?



Ислом шариатидаги рўзанинг кунлари, бошқа халқлардаги каби, қора кунлар хотираси учун ёки кимнингдир бошидан кечган ҳодисалар юзасидан ёки бирорта одамнинг хоҳишига биноан белгиланган эмас, балки, жуда ҳам олиймақом мақсад асосида белгилангандир.

Қуръони Каримда рўза ҳақидаги оятларда шундай дейилади:

«Рамазон ойи – унда  одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ-ойдин ҳужжатлар бўлиб Қуръон туширилгандир. Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин». (Бақара 185)

Демак, нур устига нур бўлсин учун Ислом шариатида рўза айнан Рамазон ойида, Қуръон нозил қилинган ойда тутилиши жорий қилинган. Зеро Ислом нури айнан шу ойдан бошлаб ер юзига ингандир.

Рамазон билан Қуръон орасидаги муносабат ҳақиқатдан ҳам кучлидир. Шунинг учун ҳам Қуръон шу ойда нозил бўлган. Ҳаётининг ҳар бир жабҳасида Қуръонга боғланиб яшаган, доимий тарзда илоҳий ваҳий қабул қилиб турган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Рамазон ойи келса, Қуръонга яна-да кўпроқ боғланиб қолар эдилар. Ҳар Рамазонда ўзларига тушган оятларни жамлаб, ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссаломдан ўтказар эдилар. Вафот этган йилларидаги Рамазонда эса Жаброил алайҳиссалом билан бирга Қуръони Каримни бошдан-оёқ икки марта ўтказганлар. Бунга саҳобалардан баъзилари гувоҳ ҳам бўлишган.

Ҳадиси шарифда келадики: «Қачон Рамазон кириб келса, жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади».

Демак, ана шундай улуғ онларда, жаннатлар очилган, дўзахлар ёпилган, шайтонлар кишанланган, Аллоҳнинг раҳмати ёғиб турган лаҳзаларда қилинган ибодатнинг самараси ҳам ўзгача бўлади, ибодатни мукаммал бажариш ҳам бандаларга осонроқ кечади.

Нақшбандия тариқатининг буюк алломаси «Имоми Раббоний» лақабини олган шайх Аҳмад ибн Абдул-аҳад шундай дейди:

«Агар инсон мана шу ойда яхшиликларга, солиҳ амалларга эриша олса, унга йил бўйи тавфиқ ёр бўлади, агар бу ойни қалби сочилган, руҳи тарқоқ ҳолда ўтказса, йил бўйи тарқоқлик ва чалкашликда ўтади».

Рамазон ойи кириши билан бутун Ислом юртларида ўзгача руҳ пайдо бўлади. Ибодат, Қуръон тиловати, хайру эҳсонлар мавсуми бошланади. Бу ҳолат ер юзининг ғарбу шарқида, олиму омийда, бою камбағалда баробар рўй беради. Мусулмон умматиниг бирлиги намоён бўлади. Бунда ҳам Исломнинг инсониятни якдилликка, тенглик ва бирликка ўргатишининг бир намунаси кўринади. Бутун дунё мусулмонлари турли юртларда, турли иқлим ва шароитларда, турли халқлар вакиллари бўла туриб, бир вақтда, бир хил ибодатда, битта Қуръон тиловатида, бир хил хайрли ишларда баб-баробар елиб-югурадилар.

Юқорида айтиб ўтилган мулоҳазалардан Ислом шариати рўза ибодатини нақадар мукаммал тарзда жорий қилганини ҳис қиламиз.



Рўзанинг руҳи



Рўзанинг инсон вужудига, унинг ахлоқ ва руҳиятига фойдалари сонсиз, саноқсиздир. Лекин Ислом динида, барча амаллар қатори, рўза ҳам иймон асосида, яъни унга қилинган ваъдаларга ишонган ҳолда, савоб умидида бажарилиши шарт қилинган. Бусиз рўза қабул бўлмайди. Унда кўр-кўрона тақлид, фақат руҳий қувватни ошириш, маълум кўникмаларни ҳосил қилиш ёки соғликни тиклашни мақсад қилиш каби ҳолатлар ўтмайди. Суюкли Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Ким Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади».

Қолаверса, Исломда рўза фақат ташқи кўриниш билан, еб-ичиш ва жинсий муносабатдан тийилишнинг ўзи билан ифода топмайди. Балки рўзанинг руҳияти, унинг мақсадларига хилоф бўлган, унинг руҳий-маънавий манфаатларини кесадиган ҳар қандай нарса рўзада ҳаром қилингандир. Исломда рўза нафақат қорин ва шаҳватни маълум муддатга тийиш, балки, кўз, қўл, қулоқ, қалб, борингки инсоннинг бутун вужудини гуноҳ ишлардан сақлаш, тақвода, одоб-ахлоқда ушлаш билан ҳақиқий рўза бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадилар:

«Агар сизлардан бирингизнинг рўза куни бўлса, уят сўз айтмасин, бақир-чақир қилмасин, агар у билан биров сўкишса: «Мен рўзадорман», – десин».

«Ким ёлғон сўз ва у билан иш кўришни қўймаса, унинг таому шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг ҳожати йўқ».

Ана шу шартларга амал қилинмаган ҳолдаги рўза гўё рўза деб эътибор қилинмаслиги эълон қилинди:

«Қанча рўзадорлар борки, уларнинг рўзасида чанқоқдан бошқа нарса йўқ».

Салмон Форсийдан ривоят қилинади:

«Исломий рўза фақат қайтариқлар мажмуасигина эмас: ейиш йўқ, ичиш йўқ, ғийбат йўқ, чақимчилик йўқ, уят сўз ва ишлар йўқ, гуноҳ йўқ, талашиб-тортишиш йўқ. Балки, у бир қанча буйруқлар мажмуъи ҳамдир. У ибодат, тиловат, зикр, тасбеҳ, яхшиликлар ва меҳр-мурувват пайтидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким унда бир яхшилик ишни бажарса, бошқаларида (яъни бошқа ойларда) фарзни адо қилган каби бўлади, ким унда бир фарзни адо қилса, бошқаларида етмиш фарзни адо қилган каби бўлади. У сабр ойидир. Сабрнинг мукофоти жаннатдир. У меҳр-мурувват ойидир», – деганлар».

Рўзанинг руҳини сақлаб қолишдаги яна бир аҳамиятли нарса, саҳарлик ва ифторликларни мўътадил қилишдир. Баъзи кишилар хусусан ифторликларда ҳаддан ташқари зиёфатни кучайтириб юборадилар. Кундузги очлик ва чанқоқ таъсирида энди бўйин эгиб турган нафсни олдингидан ҳам кўпроқ шишириб ташлайдилар. Ҳатто айрим кишилар Рамазонга алоҳида таёргарлик кўриб оладилар. Рамазон ойида бошқа ойлардагидан ҳам кўп харажат қиладилар. Тўғри, оила шароитини яхшилаб қўйиш, меҳмон кутиш, ифторлик бериш, зиёфат қилдириш улуғ амал. Ота-боболаримиз рўзага алоҳида бозорлик қилишларидан мақсад рамазонни тўла ибодат билан, бозор-учарга ҳам чалғимаган ҳолда ўтказиш бўлган. Лекин бу маишат уюштириш бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, рўзадан кўзланган мақсад йўққа чиқади. Рўзадан кўзланган асосий мақсад, аввалда айтганимиздек, жисмоний майлларни синдириб, руҳоний камолотга эришишдир. Бошқача қилиб айтганда, ҳайвоний хоссаларни пасайтириб, фариштавий хусусиятларни рўёбга чиқариш, нафсоний тубанликларни бартараф қилиб, илоҳий фазилатларни ўзлаштиришдир. Бунинг учун, ҳеч бўлмаса, ўша бир маҳалги тушликнинг ўрни бўш қолиши керак. Унинг ҳиссасини ифторликда икки баробар қилиб чиқариб олиш ёки тушликни кечанинг ярмига кўчириб олиш эса аксинча натижа беради.

Шу билан бирга, ҳолат аксинча бўлиши, яъни рўзада ҳаддан ошиш ҳам динимизда қайтарилади. Баъзилар нафсга қаҳр кўрсатиш, жисмоний эҳтиёжларни чеккага суриб ташлаш керак. Очлик қанча узоқ бўлса, инсон қанчалик қийналса, Аллоҳга шунчалик яқин бўлади, деган гумонга бориб қолиши мумкин. Бу хато фикр. Аввалги роҳиблик, тарки дунёчиликларга асос бўлган, Ислом қоидаларига зид бўлган тушунча. Бу ишнинг оқибати яхши бўлмаганини биз аввалда айтиб ўтдик.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳарлик қилишни суннат қилдилар. Айтдиларки: «Саҳарлик қилинглар, албатта, саҳарлик баракадир». Бошқа бир ҳадисларида: «Аҳли китоблар рўзаси билан бизларнинг рўзамизнинг фарқи саҳарлик ейишдир», – дедилар. Шу билан бирга ифторликни кечиктиришдан қайтардилар: «Модомики, одамлар ифторликка шошилар эканлар, яхшиликда бўладилар», – дедилар. Саҳарликни эса кечиктиришга чақирдилар.

Шунингдек, ўтар рўзадан, яъни рўзани саҳарликсиз, улаб тутишдан қайтардилар. Рамазон ойи тугаши билан бўладиган ҳайит куни рўза тутишни манъ қилдилар.

Ислом дини мўътадиллик динидир. У ҳар бир ишда, жумладан, рўзада ҳам мўътадилликни талаб қилади. У фитрат динидир, яъни инсоннинг соф табиатига мос диндир. Чунки у инсонни яратган Зот тарафидан юборилгандир. У доимо инсонни, мақоламизнинг бошида айтиб ўтилганидек, руҳ ва жасаддан таркиб топганлигини инобатга олади. Шунинг учун ҳам у инсонга рўзани фарз қилди. Шунинг учун ҳам у рўзани фақат кундузи учун фарз қилди, кечаю кундузга фарз қилмади. Шунинг учун ҳам у рўзани йил бўйи эмас, йилда фақат бир ой фарз қилди.

Рамазон ва ижтимоият

Рамазон ойи ижтимоий муносабатларда ҳам муҳим аҳамият касб қилади. Бу ойдаги амалларнинг, ҳадисда айтилганидек, савоби етмиш баробар ёки ундан-да кўп бўлгани учун мусулмонлар бу ойда хайрия ишларини янада жадаллаштириб юборадилар. Зеро бу уларга азиз Пайғамбарлари томонидан қолдирилган суннатдир. Бу кайфият ҳатто ёш болаларга ҳам таъсир қилади. Кўп шаҳарларда болалар уйма-уй юриб «Рўза келди» айтишади. Закот ҳам, кўп мусулмон мамлакатларда, жумладан, бизнинг ватанимизда ҳам мана шу ойда берилиши одат бўлган.

Ифторликлар ҳам ижтимоий алоқаларни кучайтиришда, мусулмонларнинг ўзаро бир-бирлари билан борди-келди қилишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шу боис динимизда бу ишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким бир рўзадорни ифторлантирса, унга ўшанинг ажрича ажр берилади, лекин рўзадорнинг ажридан бирор нарса камаймайди», – деганлар.

Энг асосийси, мусулмонлар масжидларда тўпланиб таровеҳ намозларини адо этишади. Унда ҳаммалари бир сафда туриб хатми Қуръон қилишади. Ҳеч бўлмаганда, йилда бир бор тўпланиб, Парвардигорларининг Каломини бошидан охиригача тинглашади.

Рўзадор киши очлик-чанқоқлик тортганда, егиси келган нарсаларни ея олмаётганда ўзидан кўра камбағалроқ инсонларнинг ҳолини эслайди, уларнинг ихтёрсиз равишда истаган нарсаларидан маҳрум бўлгандаги кечинмаларини ўз танасида ҳис этади. Бу билан унинг қалбида фақирларга нисбатан шафқат ва мурувват руҳи пайдо бўлади. Уларнинг ҳам истаклари рўёбга чиқиши учун қўлидан келган мурувватни қилишга тайёр бўлади.

Исломда рўза, юқорида айтилганидек, барча аъзоларни яхшиликка хизмат қилдириш, ҳамма ёмонликлардан тўхтатиш билан бўлади. Албатта, бу ҳолатнинг инсонлараро муносабатлардаги ижобий таъсири беқиёсдир. Рўзадор киши биров билан уришиш у ёқда турсин, у билан биров уриша олмайди ҳам. Чунки у биров унга гап қотса ҳам, «Мен рўзадорман» деган гапдан бошқа сўз айтмайди. Ёмон сўз айтиш эмас, ёмон сўзга ўзига яраша жавоб қайтаришдан ҳам тийилади. Эътибор қилган бўлсангиз, бу ерда гап ёмон «сўз» ҳақида кетмоқда, ёмон ишнинг қандоқ бўлишини ўзингиз мулоҳаза қилиб олаверинг. Ижтимоий муносабатларни юксалтириш, жамиятни тараққий эттириш, уни маданий-маънавий жиҳатдан бойитиш бундан ортиқ бўлмайди.

Исломий рўзадор барча аъзоларини ўзига ва ўзгаларга зарар келтирадиган сўз ва хатти-ҳарактлардан сақлайди. У ўзининг ҳар бир сўзи, ҳар бир иши устидан бепул, беаёв назоратчи бўлади. Унга миршаб қўйишнинг, жосус ёллашнинг ҳам ҳожати қолмайди. Ана шундай олижанобликларда бир ой сурункали давом этган мусулмон йил мобайнида ўшандай фазилатларда давомли бўлиши муқаррар бўлиб қолади. Бир ойлик «тарбия лагери»ни ўтаган бундай шахс учун энди гуноҳ ёки айб иш қилишнинг ўзи азоб туюлиб қолади. Жамиятда бир дона шундай етук инсон пайдо бўлишининг ўзи жамият ислоҳоти учун қўйилган улкан қадам ҳисобланади.

Илоҳим ҳаммаларимизни рўзани ҳақиқий маънода тутишга муваффақ қилсин, рўза ва бошқа ибодатларимизни қабул айласин. Амин!

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид