Рамазон ойида тўғри овқатланиш ҳақида қоидаларни ёдда тутиш, фақат янги масаллиқлардан таом тайёрлаш жуда муҳимдир.
Ушбу Рамазон ойида тўғри ва соғлом овқатланишни сақлаш учун қуйидаги маслаҳатларга амал қилинг:
1. Овқатланишни хурмодан бошланг.
Хурмо – кун бўйи, сиз оч юрадиган пайт организмни энергия билан таъминлайдиган углеводлар манбаидир. Хурмо толалари ошқозон-ичак трактининг ишлашини тартибга солади. Бундан ташқари, хурмо магний ва калийга бойдир.
2. Кўп сув ичинг.
Бу йил Рамазон баҳорнинг тугаши ва ёзнинг бошланиши палласига тўғри келади, шунинг учун иссиқ ҳавода тананинг сувсизланишига йўл қўймаслик учун етарли миқдорда сув ичиш жуда муҳимдир. Ифторликдан саҳарликкача етарли миқдорда сув ичинг, шунда кун давомида сиз ташналикни сезмайсиз. Овқатланиш учун рухсат берилган вақтда 8 стакан сув ичишга ҳаракат қилинг.
3. Чанқатадиган нарсалар емасликка ҳаракат қилинг.
Танадаги ташналикка олиб келадиган овқатлардан ўзингизни олиб қочишга ҳаракат қилинг. Тузланган маҳсулотлар, консервалар, тузланган ёнғоқлар, бодринг, балиқлардан сақланинг. Бундан ташқари, зираворлар кўп солинган таомлардан сақланинг, бу ҳам ташналикка олиб келади. Кўпроқ мева ва сабзавотларни истеъмол қилинг, улар танадаги сув заҳираларини янгилайди ва тўлдиради.
4. Ифторликда таом тановул қилишни секинлик билан бошланг.
Узоқ вақт давом этган очликдан сўнг, организм учун катта миқдорда озиқ–овқат – стресс ҳисобланади. Мўътадилликка риоя қилишга ҳаракат қилинг, ифторни хурмо ёки сув билан бошланг, кейин суюқ овқат, салат ейишингиз мумкин. Бир мунча вақт ўтгач, асосий таомга ўтинг. Ортиқча овқат ейиш ҳазм қилиш тизимининг бузилишига ва ошқозон оғриғига олиб келиши мумкин. Ифторни илиқ шўрва билан бошлаш очликдан кейин энг яхши таомдир, организмдаги озуқа моддаларини тўлдиради ва танани оғирроқ таом учун оҳиста тайёрлайди.
5. Таомда барча озиқа гуруҳлари борлигига ишонч ҳосил қилинг.
Ифторда протеин, сабзавотлар, ёрмалар, мевалар ва фойдали ёғлар бўлиши лозим.
6. Фойдали маҳсулотларни танланг.
Таомномага ёрма, кўкрак гўшти, ёғсиз гўшт, балиқ, зайтун мойи ва меваларни танланг. Қовурилган, шўр ва ёғли маҳсулотлардан сақланинг. Гўшт, дуккаклилар, тухум ва сут маҳсулотлари оқсилларга бой. Кунига ушбу маҳсулотлардан камида биттаси истеъмол қилиниши керак.
7. Ширинликлардан ўзингизни олиб қочинг.
Ифтардан кейин ширинлик қоринни шиширади ва ҳазм қилишни ёмонлаштиради. Бундан ташқари, у қондаги глюкоза даражасини оширади, бу эса ширинликка бўлган эҳтиёжни янада оширади. Шунинг учун ифтардан кейин фақат 2-3 соат ўтгачгина ширинлик истеъмол қилиш тавсия этилади. Лекин ширинликларни янада фойдалироқ маҳсулотлар – ширин хурмо, қуритилган мевалар, шакарланган мева ёки мева пўстлоғи билан алмаштириш яхшидир.
8. Ҳеч қандай қаҳва мумкин эмас.
Бош оғриғи ва уйқусизликка йўл қўймаслик учун Рамазон ойида умуман қаҳва ичмасликка ҳаракат қилинг.
9. Уч марта овқатланиш.
Рамазон вақтида ифтор, енгил тамадди ва саҳарлик, яъни кунига уч марта овқатланиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Асосий овқат қабул қилишни уч қисмга бўлинг. Учдан бир қисми - мураккаб углеводлар, учдан бири - кам ёғсиз гўшт ёки балиқ, қолгани эса - сабзавотлар. Бу соғлом мувозанатли овқатланиш бўлади.