loader
Foto

Касалликларни ким ўйлаб топади?

Қизиқ ҳолат: тиббиёт қанчалик тараққий этса, касалликлар йўқ бўлиш ўрнига уларнинг рўйхати доимо ошиб, кўпайиб бормоқда. Фармакология бизнеси вакилларининг таъкидлашича, шифокорлар янги синдромларни етарлидан ҳам ортиқ ўйлаб топишган. Замонавий номенклатура бўйича касалликлар сони 23000 дан ошиқ бўлиши мумкин, яъни ўртача ҳисобдаги одам ҳаётида ҳар куни қўйиладиган ташхис. Агар буларнинг ҳаммасини қўшадиган бўлсак, ҳар биримиз ўртача ҳисоб билан 20 дан ошиқ турли хил касалликка чалинган бўлиб чиқамиз. Шундай бўлишига қарамай, мутахассислар янги синдром, патология ва касалликларни ихтиро қилишдан тўхтаётгани йўқ. Бу жараённинг муҳим нуқтаси – янги касалликни ўйлаб топишдир...

Энг кўп "урф бўлган" тўқима  касалликлар – юқумли касалликлардир: вирус ва бактериялар шунчалар кўпки (улар инсон организмида ҳам етарлича мавжуд), уларнинг ҳар бирини алоҳида хусусиятлар билан таснифлаш мумкин. Бундай касалликларга энг янги мисоллардан бири – "атипик пневмония" (атипик – одатий бўлмаган, мураккаб шамоллаш; бу касаллик оғир даражадаги ўткир респиратор синдром (SARS) деб ҳам аталади). "Атипик пневмония"ни қўзғатувчи коронавирус тарқалиши, у кичик миқёсдаги эпидемияни ҳам келтириб чиқара олмаган бўлса-да, тўхтатилган. Лекин БМТ ва Евроиттифоқ Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (БССТ) тавсиясига кўра "ўз хавотирини" изҳор қилиб, бу "касаллик"дан даволайдиган дори воситаларини ишлаб чиқарувчи олим ва шифокорларга сахийлик билан пул ажратди. Шундан кейин ажратилган пуллар шифокорлар томонидан ўзлаштирилди ва "муаммолар" атрофида кўтарилган шовқин ҳам ўз-ўзидан тинчиб кетди.

Сўнг, унинг ўрнига “парранда гриппи” пайдо бўлди. Унга қарши “ана-мана янги вакцина кашф қилинади” дейдиган шифокорлар яхшигина молиявий ёрдам олдилар. Одамларнинг сиҳат-саломатлигини ҳеч ким ўйлаб ўтиргани йўқ, бунинг ўрнига одамлар тиббиётдан юз ўгириши, яъни медицина ва фармацевтика саноатининг алалоқибат етарли маблағсиз қолиб кетиши кўпроқ ташвишга солмоқда. Бу ерда фақат касалликларнинг ўзигина тўқима эмас, балки уларнинг инсон соғлиғига бўлган таъсири ҳам тўқимадир. Бунда фақат битта рецепт берилмоқда – даволаниш учун пул тўла ва қутулиб қоласан!

Яъни, ундай “таҳдид”ларга қарши вакцина ва дориларни сотиб фойда топадиган фармацевтика ширкатлари ҳамда шифокорларнинг иқтисодий  манфаати аниқ!. Шунинг учун, мустақил мутахассислар ҳам, дунё миқёсида машҳур бўлган олимлар ҳам қуйидаги саволни бераётганларига анча вақт бўлган:

“Ушбу муаммолар улкан даромадлар топиш мақсадида атайин келтириб чиқарилмаяптимикан? Зеро, БССТ оламшумул таҳдид ҳақида эълон қилганида барча мамлакатларнинг давлат бюджетлари “қутқаришни бўйнига олиб, ваъда берган”ларга бор-йўқ маблағини тўкиб-сочади. Ўша “қутқарувчилар” эса – БССТнинг айнан ўзи ва “қутқарувчи” дори-дармонларни ишлаб чиқарувчилардир.

Мавжуд бўлмаган касалликлар рўйхати жуда катта.

Масалан, целлюлит. Номига қараганда бу касаллик асосида яллиғланиш бордек. Аслида эса, на бир касаллик ва на бир яллиғланиш бор, бу оддий семиришдан бошқа нарса эмас. Бу ерда липосакция қилиш керак эмас, балки таомланиш ва жисмоний ҳаракатларни ўзаро мувозанатлаштириш керак. Дисбактериоз деб номланувчи касаллик ҳам мавжуд эмас. Бу касаллик ҳам пробиотик ишлаб чиқарувчиларнинг бозори чаққон бўлиши учун ўйлаб топилган. Остеохондроз ҳам тўқиб чиқарилган патологиядир. Бу инсоннинг ёшига боғлиқ нарса. У 50 дан ошган деярли барча одамда учрайди.

Остеопения (суяк зичлигининг остеопороз деб ташхис қўйиш учун етарли бўлмаган даражада камайиши) илгари касаллик деб ҳисобланмас эди, энди эса касаллик деб қаралмоқда. “Предиабет” ёки “прегипертония” ҳолатлари ҳам даволашни бошлаш учун етарли бўлмаган енгил даража ҳисобланиб, уларни даволаш тиббиёт учун янгиликдир. Бир неча йил аввал эса докторлар “Дунё аҳолисининг учдан бир қисми депрессияга, сурункали толиқиш синдромига ва руҳий касалликларга чалинган”, деб астойдил таъкидлай бошлашди. Хўш, бу рақамлар қаердан пайдо бўлиб қолди? Бу жуда катта жумбоқ эди, лекин одамлар унга лаққа тушишди ва зўр бериб бу “касаллик”ларни даволашга тушишди.

Кўпинча, касаллик белгилари – симптомларни шифокорлар янги касалликка айлантириб юборишади. Қон-томир гипертензияси (артериал гипертензия)ни ҳам ана шундай ўйлаб топилган касалликлар сирасига қўшиш мумкин. Тиббиётга оид ҳеч қайси бир жиддий китобда бундай касаллик йўқ, чунки бундай касалликнинг ўзи мавжуд эмас. Қон-томир гипертензияси касалликларнинг халқаро классификатори (КХК)да ҳам йўқ, чунки бу ўйлаб топилган хасталикдир. Аслида, қон-томир гипертензияси хафақон касаллигининг тана аъзоларидаги қон айланиши етишмовчилигига ва юрак мушаклари зўриққанлигига ишора қилувчи белгисидир ва шундайлигича қолаверади. Бироқ, 1993 йилда кардиологияда у симптомдан касалликка айланди. Шунингдек, юқори қон босими (гипертония) ҳам касаллик эмас, у хафақон касаллигининг белгисидир. Гипертония – бу майда томирларнинг мускул тўқималаридаги етарли даражада доимий ва барқарор бўлган тезлашган қўшғалиш – юқори тонусдир. Гипертонус томирларнинг ўтказиш қобилиятини камайтиради, бу эса, ўз навбатида, тананинг барча ҳаётий муҳим аъзоларидаги қон айланишининг ёмонлашувига олиб келади.

Бироқ, организм дори ёрдамисиз ҳам ўзининг нормал артериал босимини (АБ) таъминлаб туришга олиб келувчи бу янги “касаллик”нинг асл сабабларини даволаш ўрнига, қон босимини таблеткалар ёрдамида ҳар куни (сунъий ва ғайритабиий равишда) пасайтириб туриш таклиф этилди, бироқ даволашнинг бу усулини қўллаш мия ва миокард ишемияси (томир сиқилиши ёки тўсилиши натижасида бирор тўқимага қон келмай қолиши) доимий тус олишига сабаб бўлиши мумкин. Артериал гипертензияга қарши бунақанги “кураш”га миллиард-миллиард пуллар сарфланган, чунки таблеткалар ёрдамида “босимни даволаш” умрнинг охиригача ҳар куни давом этиши керак, чунки бу дард гўёки бедаво ва ундан қутулишнинг бошқа йўли йўқдек. Натижада юз минглаб беморлар бунақанги курашнинг (касалликнинг эмас, айнан курашнинг) қурбонларига айланмоқдалар. Чунки “қон босимини тушурувчи дори” таъсири оз бўлса ҳам меъёридан ошиб кетса, миядаги қон оқими заифлашади ва оқибатда ишемик инсульт содир бўлади.

Аслида, гипертоник касалликларни ,даволаш мияда қон айланишининг ёмонлашувига ва ҳатто инсультга олиб келувчи артериал босимни сунъий тарзда пасайтиришга эмас, балки уни келтириб чиқарувчи сабаблар – барча  майда қон томирлари гипертониясини бартараф этишга (яъни, қон айланишини нормаллаштиришга) қаратилган бўлиши керак.

Холестерин соғлиқ учун зарарли, унинг миқдорини пасайтириш лозим, деган гапларни тез-тез эшитиш мумкин, бироқ, аслида, холестерин кундалик нормал ҳаёт учун зарур бўлган ҳужайраларнинг тузилишига ва гормонлар ишлаб чиқарилишига кўмак беради. Шунга қарамай, юрак ишемик хасталигидан дарак берувчи: стенокардия (юрак атрофидаги оғриқ), аритмия (юрак ритмининг бузилиши), миокард инфаркти, тиббиётчилар фаразига кўра, юракни таъминловчи – тож (коронар) томирларнинг гўёки “ёмон” холестерин меъёрдан кўпайиб кетиши оқибатида юзага келувчи атеросклеротик тошмалар билан булғаниши натижасида келиб чиқармиш.

Аммо бу фикр юрак мушакларига қон келишига жиддий тусқинлик қиладиган тож томирлари атеросклерози билан хасталанган баъзи кекса одамларга кисман тегишли, холос. Инфаркт туфайли ўлган нисбатан ёш одамларда эса патологоанатомлар миокард инфарктига сабаб бўладиган жуда катта пилакчалар ва тромблар каби белгиларнинг йўқлигига гувоҳ бўлишади. Яъни, аслида, атеросклероз доим ҳам стенокардия, аритмия ва миокард инфарктига сабаб бўлавермайди. Ҳақиқатда эса "атеросклерозли бўлмаган" юрак ишемик касаллигининг асосий сабаби, худди "сабабсиз" гипертензияники каби, – майда томирлар ва артериолалардаги юқори тонусдир, яъни уларда холестерин ҳеч қачон йиғилмайди.

Кўриб турганимиздек, бу ерда ҳам касалликнинг асосий сабаби тўқиб чиқарилган.

ОИТС/ОИВ машмашаси атрофидаги чайқовчилик эса тиббиёт бозоридаги энг катта алдовдир. Аслида, заифлашган иммунитет, иммун танқислиги ҳолати шифокорларга узоқ вақтлардан бери маълум. Лекин ҳозирда муаммонинг бу қадар оламшумул аҳамият касб этишининг сабаби унинг афсонавий вирус бўлгани эмас, балки замонавий жамият ўз фаолиятида иммунитетга қаттиқ таъсир қилувчи жуда кўп салбий омилларни юзага келтирганидир.

Иммунитет танқислигининг ижтимоий сабаблари ҳам бор: қашшоқлик, тўйиб овқат емаслик, гиёҳвандлик, турли хил касалликлар ва яна бошка кўп нарсалар. Экологик сабаблар ҳам мавжуд: янги электрон техникалардан таралаётган ультратовушли ва юқори частотали радионурланиш, радиация; сув ва ер таркибида  маргимуш ва бошқа заҳарли моддалар миқдорининг ҳаддан ташқари ортиб кетиши;, катта миқдордаги антибиотикларнинг таъсири ва ҳоказолар.

Аммо, медицина “курашаётган” ҳеч қандай ОИТС вируси мавжуд эмас.

Аслида, одам иммунитети танқислиги вируси ҳеч қачон ажратиб олинмаган! Бу ҳақида уни “биринчи бўлиб кашф этган” Люк Монтанье (Франция) ва Роберт Галло (АҚШ) ҳам билишади. ОИТС “кашф этилганидан” бир неча йил ўтиб, Роберт Галло аслида ҳеч қандай кашфиётнинг ўзи бўлмаганини тан олишга мажбур бўлди. Галло ОИВ нафақат ОИТСни келтириб чиқаришига, балким ОИТСнинг ўзи ҳам вирус эканлигига унда далил йўқ эканини тан олди. Мазкур “кашфиёт” Галло учун далилларни биринчи марта алмаштириб қўйиш эмасди. Бунинг натижасида 1992 йилда Р. Галло Саломатлик миллий институтининг ҳаққоний тадқиқотлар комиссияси (АҚШ) томонидан фанга қарши қилмишлари учун айбдор деб эълон қилинган эди. (Шундай бўлсада, инглиз венерологи Джеймс Силнинг таъкидлашича, ОИТС вируси бактериологик қурол ишлаб чиқарувчилар томонидан ирсият муҳандислиги ёрдамида олинган).

Бироқ, гўё борлиги айтилаётган вирусдан 20 йилдан бери вакцина ярата олишмаётганлигининг ўзиёқ фақат бир нарса – бундай вируснинг ўзи йўқлигидан далолат бериб турибди.! Бу бутун дунёга тиқиштирилаётган назариянинг ёлғонлигини исботловчи очиқ далилдир. Ва албатта, уни юқтириб олиш, ҳа, одатий тушунчадаги “юқтириб олиш”нинг имконияти йўқ. Гиёҳвандлар орасида унинг тарқалиши эса гиёҳванд моддаларнинг иммунитет тўқималари учун зарарли эканлигидан келиб чиқади, холос. Ва ҳеч қандай иммунитет танқислиги вирусининг бунга алоқаси йўқ.

ОИВ ретровируси мавжуд эмаслигининг ўзи эса бунданда қатъий сир остида сақланади! Америкалик биокимёгар, кимё бўйича 1993 йилги Нобель мукофоти лауреати Кари Муллиснинг таъкидлашича, “ОИВ – ОИТСга олиб келиши ҳақиқат бўлса, буни исботловчи илмий ҳужжатлар бўлиши керак. Аммо бундай ҳужжатлар мавжуд эмас. ОИТС/ОИВ тахмини – бу даҳшатли хатодир”. Ҳарвард университетининг биокимё бўйича профессори Чарльз Томас – “ОИВ ОИТСни келтириб чиқаради, деган догма Ғарб олами томонидан амалга оширилган аҳлоқ нуқтаи назаридан энг катта ва вайронкор қаллобликдир...”. Бироқ, одамлар онгига ОИТС ҳақидаги ёлғон ва даҳшатга соладиган ахборот сингдириб қўйилган. ОИТС ҳақидаги китоб муаллифи Жон Лорицен (АҚШ)нинг таъкидлашича: “Кўпгина олимлар ОИТС ҳақидаги ҳақиқатни билишади. Аммо миллиардлар ўйнайдиган шартномалардан бўлган манфаатдорлик, гуллаб-яшнаётган тижорат сабабли, улар бу ҳақида сукут сақлашади...”.

Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ва бошқа турли илмий институтларнинг расмий маълумотларига кўра, ҳар йили ОИТС билан кураш баҳонасида 10 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ сарф қилинар экан. ОИТС позитив беморларни даволаш учун сотилган дори-дармонлар 150 миллард АҚШ долларидан кам эмас экан. Булар яна ҳам тахминий маълумотлардир.

Калифорния университетининг вирусологи Питер Дюсберг эса, ОИТС – дори-дармон ишлаб чиқарувчилар учун “ёғлиққина” даромад манбасидир, дея лўндасини айтиб қўя қолди ва “ОИТСга қарши”  дориларнинг сотилиши доим ўсиб бормоқда, деб таъкидлаб ҳам қўйди.

Доимий фойдани сақлаб қолиш ва уни кўпайтириш йўлида ҳозирги замон тиббиёти томонидан Гиппократнинг “Сабабни йўқ қилсанг, касаллик кетади”, деган асосий насиҳатларидан бири ҳам инкор этилмоқда. Ахир касаллик кетса, “тиббий хизматлар”, дорилар ва турли тиббиёт воситаларининг истеъмолчиси бўлган бемор ҳам кетади. Шунинг учун ҳам, ўзини унча уринтирмаган ҳолда кўпроқ фойда олиш учун ҳамма нарса қилишмоқда (ахир, ўйлаб топилган касалликка ташхис қўйиш ва уни даволаш ҳақиқийсига нисбатан осонроқ). Кейин ёлғон касалликларга мос дориларни ишлаб чиқиш ва уларни одамларга тиқиштириш вазифаси хал этилади.

Бундай стратегияга яққол мисол тариқасида ой кўриш даврлари орасидаги танаффуслар (менопауза)ни бошидан кечираётган хотин-қизлар учун ишлаб чиқарилган дориларнинг Америка бозорида илгари сурилиши ҳамда АҚШда истиқомат қилаётган аёлларнинг 43 фоизида қўшилиш функцияси издан чиққанига аксарият эркаклар жинсий заиф эканлигига ишонтиришга уриниш ҳолатларини келтириш мумкин. Натижада, сотилаётган дори воситаларининг миқдори ва ушбу уларни истеъмол қилувчилар сони кескин тарзда оша бошлади.

Мана, яна бир мисол - Burroughs Wellcome фармацевтика компанияси ОИТСга қарши азидотимидин (АЗТ) дорисини ишлаб чиқаради. У «Ретровир» номи билан машҳур. ОИТС 1984 йили “кашф” қилинган бўлиб, 1986 йили эса мазкур компания ушбу касалликка қарши дори топилгани ҳақида баёнот берди ва 1987 йили дори сотувга чиқарилди.

Ҳаммаси оддий, АЗТ 1970-йилларда саратонга қарши кураш натижасида ишлаб чиқилган. Бироқ, кейин аниқланишича, юқори токсик бўлган АЗТнинг ўзи одамларни саратондан ҳам тез ўлдирар экан ва у сотувга чиқмаган. Энди эса, ОИТС ёки АЗТ қайси бири тез ўлдиришини аниқлаштирмоқчига ўхшайди ва бу орада лойиҳа учун сарф қилинган сарф-харажатлани ҳам чиқариб олишмоқчига ўхшайди.

Бу ҳақида Халқаро Қизил Хочнинг Швейцария бўлими мудири, Берн (Швейцария) университетининг иммунология бўйича профессори Альфред Хассиг жумладан шундай деди: “АЗТ кўп ҳолатларда беморнинг соматик (жисмоний) ҳужайралари муққаррар ва аста-секин нобуд бўлишига олиб келади. Мен бу нарсаларни шифокорлар хизматини суистеъмол қилиниши ҳамда беморни ўлим ҳолатига олиб келиб, уни бевақт ҳалок бўлишига олиб келади, деб биламан”.

Шу билан бирга, маҳсулотни ишлаб чиқарувчи компания ўз препарати заҳарли эканини ҳамда унинг ҳеч қандай шифо берувчи хусусияти йўқлиги, антиретровирус  кучга эга эмаслигини билиб туриб, бу сирни ўта махфий сақлашга уринади! Умуман олганда, ОИТСга қарши барча воситалар иммун тизимни вайрон қилувчи заҳардир.

Айни ўша компаниялар диагностика ускуналарини ҳам ишлаб чиқарадилар ва ўз маблағларига бундай ускуна ва дори-дормонлардан қандай фойдаланиш, қанча миқдорда бериш кераклиги бўйича шифокорларга таълим беришади. (Бироқ, бу тестларнинг иммунтанқислиги вирусига ҳеч қандай алоқаси йўқ, чунки тест вирусни аниқламайди, балки қон намуналарида аксилтаначалар борлигини аниқлайди, холос. Аксилтаначаларни эса касалликларни қўзғайдиган  майда организмлар, хусусан, антигенлардан ҳимоя қилиш учун иммунитет тизими ишлаб чиқаради).

Маҳсулот ишлаб чиқарувчилар  беморлар мазкур дори-дармонларни ҳар куни ва бутун умрлари мобайнида қабул қилишлари шартлигини ҳам таъкидлайдилар. Бироқ, бу дорилар организмнинг бутун ҳужайраларига жиддий зарар етказади, хусусан, қондаги оқ таначаларга ҳам. Шундай қилиб, улар, имммунитет танқислигига қарши курашиш ўрнига, уни янада қийин ҳолатга солиб қўймоқда, бу билан улар ОИТС эпидемиясини тарқалишига ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

ОИТС касаллигига чалинганларга белгиланган дорилар беморнинг ўлимига сабаб бўлаётгани ҳақида илк бор 2002 йил июль ойида ОИТС бўйича Барселонада бўлиб ўтган XIV халқаро анжуманда айтиб ўтилди. Шундай бўлишига қарамай, мазкур “дори-дармон”ларни ишлаб чиқарувчилар таъсирида бошқача усул билан даволаш ва организмнинг иммунитет танқислиги билан курашишида ўзига хос имкониятлари устида изланишлар олиб бориш тақиқланди! Улар бу ишларнинг барчасини ўзларининг кўп миллиардли фойдаларини сақлаб қолиш учун қилмоқдалар.

ОИТСга қарши “кураш”ни презерватив ишлаб чиқарувчилари ҳам олқишлаётганликлари тушунарли.

Яна бир манфаатдор тоифа – бир маротабалик шприц ишлаб чиқарувчилар. Агар иммунитет вирус туфайли зарарланса, демак ҳамма бало, худди бошқа вирус ташувчи воситаларда бўлганидек, шприцда.. Бу фикр аста-секинлик билан барча инсонлар (хусусан, гиёҳвандлар) онгига ўрнашди: тоза шприцлардан фойдалансанг, ОИТСдан сақланасан. Шифокорлар кўплаб дори воситалари муайян касалликдан даволанишда қўлланилганидан кейин бошқа бир янги касалликни келтириб чиқаришига ҳар доим ҳам эътибор қаратавермайдилар...

Торонто ҳамда Ҳарвард университетларининг тадқиқотчилари шифокорлар дориларнинг иккиламчи (муҳим бўлмаган) таъсири нотўғри талқин қилиниши оқибатида бошқа бир касалликнинг пайдо бўлишига сабаб бўлувчи ҳамда "дори тавсия қилишлар кетма кетлиги" деб номланган феномен (ҳодиса) мавжуд, деган хулосага келдилар. Юзага келган янги "касаллик"ни даволаш учун бошқа дори тавсия қилинади, бу эса ўз навбатида бемор организмида салбий таъсирларни юзага келтиради, яъни янги касалликни пайдо қилади ва аҳвол шу зайлда давом этади. Агар аввалгилариданда кучлироқ воситалардан ва кўпроқ дозада фойдалана борилса, бундай кимёвий даволаш организмда кучли "вақт миналари"ни пайдо қилади (одам ирсияти ва эко тизимининг бузилиши, антибиотикларга юқори чидамлилик, ўлимга олиб келувчи бир қанча касалликларнинг юзага келиши ва бошқалар). Бу эса инсонлар соғлиғининг батамом барбод бўлиши хавфини келтириб чиқаради.

Натижада, олдинлари маълум бўлмаган янги касалликлар пайдо бўлмоқда, анча олдин мағлуб қилинган эски касалликлар ҳам қайтмоқда. Одамлар улар билан қанчалик кўп курашмасин, улар камайиш ўрнига кўпайиб бормоқда. Бунинг устига дори-дормонлар билан даволашнинг гиппократча модели самарадорлиги пасайиб бормоқда (табиий йўллар билан олдини олиш ва даволашдан узоқлаштириш). Бундай медицинада организмнинг ташқи муҳит билан ўзаро таъсир қилиш тамойили истисно этилган: бемор табиат, шифокор ва ўзидан ажратиб қўйилади.

Бу каби тиббиёт йўналиши асосли илм ва соғломлаштиришдан мутлақ йироқ бўлгани сабабли, фойдаси бўлса-да, имкониятларини анча йўқотади. Ахир касалликни алоҳида олинган йўналиш сифатида диагностика қилиш ва даволаш мантиққа мутлақо тўғри келмайди, бу гўё лойдан ёмғирнинг сабабини қидириш каби. Шу сабабли, бундай тиббиёт йўналиши аллақачон инқирозга учраган, чунки у ҳатто энг оддий ҳисобланган шамоллаш ва тумовни ҳам даволай олмайди, жиддий касалликларни-ку гапирмаса ҳам бўлади.

Иккиламчи иммунтанқислиги, оммавий аллергия, дори билан боғлиқ касалликлар сонининг муттасил ошиб бориши – тиббиётнинг дори терапиясига асосланган айнан мана шу модели олиб келадиган оқибат саналади. Зеро, кимёвий дори воситаларининг қўлланилиши ҳеч қачон организмнинг соғломлашиши билан якун топмаган. Маълумки, соғломлашиш – организмнинг фаол ишлашидир. Демак, бугунги анъанавий тиббиётнинг Гиппократ тиббиётидан асосий фарқи, ушбу тиббиёт фаолиятининг 70 фоизи касаллик профилактикаси, яъни саломатлик билан (зеро, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш арзонга тушади), 30 фоизи эса касаллик, хусусан даволаш билан шуғулланишдан иборатдир.

Замонамизнинг расмий медицинаси асосан ўйдирма касалликлар ва уларнинг аломатлари билан шуғулланмоқда.

Ўйдирма касалликлар – замонавий тиббиётнинг катта муаммосидир, чунки саломатликни тиклаш ёки касалликни даволашга бўлган бундай ёндашув ўзини-ўзи тиклаш бўйича табиий ирсий механизмларга зулм қилади. Буларнинг натижаси эса, организмдаги бир муаммони бартараф  қилиш биланоқ, бошқа янги муаммолар келиб чиқаверади...

Манбалар асосида Абу Муслим тайёрлади