Рамазони ойининг охирги ўн кунлигида Қадр деб аталмиш бир кеча бордир. Бу кеча минг ойдан афзалдир. Барча мусулмонлар айни шу кечани исташлари, унинг баракотидан насибадор бўлишга уринишлари қадимдан маълум. Бу иштиёқнинг масдари Қуръони Каримдаги Қадр сураси ва Қадр кунининг фазли борасидаги келган ҳадиси шарифлардир.
Аслида Рамазон ойининг ҳар кечасини қадр билмоқ лозимдир. Аммо шу билан бирга, саҳиҳ ҳадисларнинг ёғдуси Қадр кечасининг Рамазон ойи охирги ўн кунлигида эканини ойдинлатади. Айрим далиллар эса йигирма еттинчи кечани Қадр кечаси эканига ишора қилади. Уламолар Қадр сурасининг тафсирида ҳам қадрнинг йигирма еттинчи кечада эканига енгил ишоралар бор, дейишади. Келинг шуни, имкон қадар кўриб чиқамиз:
ҚАДР
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
1. Албатта, Биз у(Қуръон)ни Лайлатул Қадрда туширдик.
2. Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирди?
3. Лайлатул Қадр минг ойдин яхшироқдир.
4. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушадир.
5. У то тонг отгунча салом бўлиб турадир.
Сураи каримада «Лайлатул Қадр» калимаси уч бора қайтарилган. Аслида араб тили фасоҳати қоидасига кўра бундай вазиатда олмошлар ишлатилиши лозим эди. Лекин Қуръони Карим биз билган ҳар қандай нисбий қонуниятлардан устун туради. Буни билган уламолар айнан ушбу «Лайлатул Қадр» калимасининг уч марта қайтарилиши бежиз эмас, дейишиб, ундан айрим ишораларни чиқариб олишди. Араб ёзувида «Лайлатул Қадр» калимаси тўққиз ҳарфдан иборатдир. Унинг уч марта қайтарилиши эса бу ҳарфларнинг йиғиндиси йигирма еттига тенг эканини билдиради. Бу билан Қадр кечаси йигирма еттинчи кечада эканига ишора бўлмоқда, дейишади.
Яна бундан ташқари ушбу сура ўттизта калимадан ташкил топган.
***
1. إِنَّا
2. أَنزَلْنَاهُ
3. فِي
4. لَيْلَةِ
5. الْقَدْرِ
6. وَمَا
7. أَدْرَاكَ
8. مَا
9. لَيْلَةُ
10. الْقَدْرِ
11. لَيْلَةُ
12. الْقَدْرِ
13. خَيْرٌ
14. مِّنْ
15. أَلْفِ
16. شَهْرٍ
17. تَنَزَّلُ
18. الْمَلَائِكَةُ
19. وَالرُّوحُ
20. فِيهَا
21. بِإِذْن
22. رَبِّهِم
23. مِّن
24. كُلِّ
25. أَمْرٍ
26. سَلَامٌ
27. هِيَ
28. حَتَّى
29. مَطْلَعِ
30. الْفَجْرِ
***
Бу калималарнинг йигирма еттинчиси «هِيَ » яъни «У» олмошидир. Ушбу олмош «Лайлатул қадр» калимасига ишора қилади. Яъни: «У то тонг отгунча салом бўлиб турадир».
Демак, бу ўринда ҳам Қадр кечасининг йигирма еттинча кечада эканига енгил ишора қилинмоқда.
Буларнинг бир ижтиҳод эканини ҳам алоҳида таъкидлаб қўйиш лозим. Зотан, юқорида ишора қилганимиздек, Рамазон ойиннг ҳар кечасини Қадр билмоқ керак. Унинг файзидан насибадор бўлишда интилиш даркор! Аллоҳ таоло барчамизга Рамазоннинг қадрини билдирсин, Қадр кечаларидаги шукуҳдан насибадор қилсин! Бутун дунёдаги мусулмонларга Ўзининг нусрати ва нажотини берсин!
Оиша онамиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан: «Агар Қадрни топсам, Аллоҳдан нима сўрай?» деганларида, Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қуйидаги дуони ўргатганлар:
«Аллоҳим! Албатта, Сен ўта афв қилувча карим Зотсан, афв қилишни севасан, шундай экан, мени афв қилгин!»
(Термизий ривоят қилган, ҳасан саҳиҳ ҳадис!)
Абу Муслим