loader
Foto

Хашукджининг ўлдирилиши

Хашукджининг ўлдирилиши: БМТ валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмонга нисбатан тергов ишларини бошлаш учун асосли далилларга эга (The Independent, Буюк Британия)

Хашукджи «бунинг учун Саудия Арабистони жавобгар бўлган касддан ўлдириш, судсиз қатл этиш қурбони» бўлди.

БМТ терговчиси Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, Оқ Уйнинг (яъни президентнинг – таҳр. изоҳи) эътироф этилган иттифоқчиси, Муҳаммад бин Салмон (ғарб матбуотида - МБС) журналист Жамол Хашукджининг ўлими ортида турганлигига асосли далиллар топди. Терговчи ватандошини жазолашда у ўйнаган ролни очиқчасига тан олишига эришиш учун Саудия Арабистони Қироллиги амалдаги ҳукмдорига қарши санкциялар жорий қилишга чақирди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича эксперт Анес Калламар (Agnes Callamard) БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Комиссия кўрсатмаси билан тергов ўтказди ва тергов натижалари бўйича 101 саҳифалик маъруза тайёрлади, унда «Хашукджи бунинг учун инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро меъёрлар доирасида Саудия Арабистони жавобгар бўлган қасддан, олдиндан ўйлаб қўйган ҳолда жазолаш, судсиз қатл этиш қурбони бўлган» деган хулоса чиқарди.

Ҳисоботда Хашукджи ҳаётининг сўнгги кунлари ва дақиқалари ҳақида янги тафсилотлар мавжуд, аммо унинг танасининг қаердалиги ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Каламар, Оқ Уйнинг муҳим иттифоқчиси ва Трамп маъмуриятининг Эронга максимал босим ўтказиш кампаниясининг фаол иштирокчиси бўлган шаҳзода Муҳаммадга қарши тергов ўтказиш кераклигини таъкидлайди.

"Валиаҳд Шаҳзоданинг ушбу қотилликка алоқадорлиги ҳақидаги асосли далилларни ҳисобга олган ҳолда, бундай санкциялар токи бу зўравонлик учун жавобгар эмаслигини исботлайдиган ва тасдиқлайдиган далиллар тақдим этилмагунча валиаҳд шаҳзодага ва унинг чет элдаги шахсий мулкига нисбатан қўлланилиши керак ", - дейилади ҳисоботда.

«Далиллар шуни кўрсатадики, Хашукджини 15 кишидан иборат бўлган гуруҳ жазолаган, бундай ҳаракатлар учун эса ҳукумат даражасида қатъий мувофиқлаштириш керак. Бундан ташқари, ресурслар ва молия керак, - дейилади ушбу ҳужжатда. - Саудия ҳукумати ушбу ресурсларни Аҳмад Асири (Ahmed Asiri) томонидан тақдим этганлигини даъво қилса-да, барча мутахассислар бир овоздан шундай дейишади: валиаҳд шаҳзоданинг хабарисиз бундай миқёсда операция амалга ошириш мумкин эмас эди. У ҳеч бўлмаганда Хашукджига қарши қандайдир жиноий характердаги ҳаракатлар амалга оширилаётганини тушуниши керак эди».

Хашукджи 60 ёшга тўлишидан сал олдин Саудия режими томонидан Истанбулга юборилган профессионал қотиллар гуруҳи томонидан ўлдирилди. Ҳисоботда журналист 2 октябрда алдаб қўлга туширилган ва ўлдирилган Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида ҳаётининг сўнгги дақиқаларида қайд этилган ёзувларнинг транскриптлари келтирилган. Бу иш Саудия Арабистони ва Ғарб ўртасидаги муносабатларни жиддий равишда ёмонлаштирди, шунингдек, ёш ислоҳотчи қиёфасида жаҳон ҳамжамияти олдида пайдо бўлиш учун миллионлаб доллар сарфлаган шаҳзода Муҳаммаднинг обрўсига кучли зарба берди.

«Биз сени олиб кетгани келдик», - деди Хашукджига қотиллардан бири, улар журналистни ушлаб олдилар ва бўға бошладилар.

Ҳисоботда Калламар ва унинг тергов гуруҳи томонидан сўнгги беш ой ичида тўпланган суҳбатлар ва гувоҳликларнинг мазмуни қисқача баён этилган ва терговчиларнинг норозилиги ҳақида сўз юритилган.

Саудия режими Хашукджининг ўлими ҳолатларини аниқлашга киришган турк ва хорижий терговчилар билан ҳамкорлик қилишдан бош тортди, у Вашингтонда яшовчи Хашукджи ўлдирилиб, унинг жасади майда бўлакларга бўлинган ва кейин уларни номаълум жойга олиб кетилгандан кейин Туркияни тарк этган гумонланувчиларни ўзи сўроқ қилишида қатъий туриб олди. Калламар ҳисоботида айтилишича, Саудия Арабистони терговнинг бир қисми сифатида унинг ушбу мамлакатга ташриф буюриш ҳақидаги илтимосига рад жавобини берган.

Ҳисоботда айтилишича, турк махсус хизматлари консулликда етти соатлик махфий суҳбатдан олинган атиги 45 дақиқалик парча тақдим этганлар, холос.

Ҳисоботда Хашукджи ҳаётининг сўнгги кунлари ҳақида янги тафсилотлар мавжуд. У ва унинг қаллиғи никоҳ учун зарур бўлган ҳужжатни берилиши лозим бўлган консулликка ташриф буюришдан ҳар қанақасига қочишга ҳаракат қилишган. Бироқ, турк ҳукумати уларга ҳужжатсиз никоҳдан ўтиш мумкин эмаслигини айтган.

Саудия Арабистони вакиллари, шу жумладан, Истанбулдаги бош консул ва Ар-Риёдлик бошқа шахслар Хашукджи билан учрашувдан олдин Истанбул яқинидаги бир кўчмас мулк унга тегишли бўлган саудиялик тадбиркор билан боғланганлар ва у билан журналистни ўлдириш ниятини кўрсатадиган режаларни муҳокама қилганлар.

Аудиоёзувда хавфсизлик органларининг юқори лавозимдаги вакили ва шаҳзода Салмоннинг ишончли вакили Маҳер Мутреб (Maher Mutreb) сўзлари эшитилади, у шундай деб сўрайди: «Чамадонни қопга сиғдириш мумкинми?»

«Йўқ, жуда оғир», деб жавоб беради қотиллар гуруҳининг аъзоларидан бири бўлган патологоанатом Салаҳ Тубайги (Salah Tubaigy). Кейин у давом эттирди: «Бу оддий. Бўғимлардан бўламиз. Бу муаммо эмас. Танаси оғир. Аввал ерда кесаман. Агар биз полиэтилен пакетлар олиб, танасини майда бўлакларга бўлсак, иш осон кўчади. Кейин ҳар бир бўлакни пакетга жойлаймиз».

«Қурбонлик етиб келдими?» - сўради Мутреб.

«Етиб келди», - деб жавоб берди кимдир.

Хашукджи Саудия Арабистонини 2017 йил тарк этганди. У бош консуликка таклиф қилиниб, ватанига қайтиш нияти бор-йўқлиги ва агар қайтмоқчи бўлса, қачон қайтиш ниятида эканлиги сўралди.

Лекин суҳбат тезда жанжалга айланиб кетди. «Биз сени қайтаришимизга тўғри келади, - дедилар Хашукджининг қотиллари. - Интерполдан ордер бор, Интерпол сени ортга қайтаришни сўради. Биз сени олиб кетгани келдик».

Хашукджи уни ташқарида одамлар кутиб турганини айтиб, бош тортди.

«Ўғлингга кичкина мактуб ёзасан», - деди Мутреб. – Уни босиб чиқарасан. Қани, машқ қилайлик, бизга кўрсатчи".

У яна рад этди.

«Ёз, Жамол. Тезроқ. Сен бизга ёрдам бер, биз эса сенга ёрдам берамиз, чунки охир-оқибат сени барибир Саудия Арабистонига олиб борамиз. Агар бизга ёрдам бермасанг, нима бўлишини ўзинг биласан. Шундай экан, бу ишни яхшиликча бажарайлик».

Олишув овози эшитилади. Турк ҳукумати гиёҳванд модда инъекция қилинган, кейин эса уни бўғиб қўйишган деб ҳисоблайди.

«Ухлаб қолдими?»- эшитилди бировнинг овози.

«Бошини кўтаряпти».

«Яна киритинг, бармоғингизни олиб ташламанг, киритинг.»

Тергов ҳисоботига кўра, Хашукджи консулликка соат 13 дан 15 дақиқада кирган.  Соат 13 дан 37 дақиқа ўтганда эса арра товушлари эшитила бошлади.

Абу Муслим таржимаси