Умумий ташқи қарз резидентларнинг норезидентлар олдидаги асосий қарз ва у бўйича фоизлар тўланиши талаб қилинадиган мажбуриятларини акс эттиради. У давлат ва хусусий сектор қарзларини ўз ичига олади (мос равишда 11,7 ва 7,3 млрд доллар).
2017-2018 йилларда хусусий сектор қарздорлигининг қисқариши кузатилган. 2019 йилнинг 1-чорагида хусусий сектор қарзлари асосан тижорат банкларининг қарзлари ҳисобига яна ўса бошлади — 121,3 млн долларга.
Биринчи чоракда давлат ташқи қарзлари ўтган йили кузатилган ўсиш тенденциясини сақлаб қолди, ушбу тенденциянинг бу йил ҳам давом этиши кутилмоқда. Бу жараён минтақалар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш давлат дастурларини молиялаштириш учун янги ташқи қарзлар жалб қилиниши билан изоҳланади.
Биринчи чоракда қарздорликнинг ўсиши асосан давлат секторига тўғри келган — 1,7 млрд доллар, шундан 1 млрд – халқаро облигацияларга.
Таъкидлаш жоизки, январ-март ойларида хусусий сектор томонидан умумий ҳажми 361,3 млн доллар карз жалб қилинди. Энг кўп маблағни банклар — 326,7 млн доллар, тўқимачилик саноати корхоналари — 4,7 млн доллар, иқтисодиётнинг бошқа секторлари корхоналари — 29,8 млн долларни жалб қилди. Бу ҳақда gazeta.uz сайти хабар тарқатди.