loader
Foto

Нетаняху: "ХАМАС мутлақ йўқ қилинади, Ғазо тозаланади"

Айни дамларда: Исроил фаластинликларни тўрт шаҳарни бўшатишга чақирмоқда, акс ҳолда бомбардимон.

Ғазодаги ал-Шифо касалхонаси атрофида жанглар.

АҚШ ХАМАСни бу касалхонани ўз қонли мақсадлари учун ишлатаётганликда айбламоқда, гуруҳ буни инкор этмоқда.

ХАМАС фаластинликларнинг қирилишида Американи айбламоқда, чунки Вашингтон Исроилни қувватламоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгаши ХАМАСни асирларни озод этишга чақириб, резолютсия қабул қилган. Унда Исроилдан ҳужумлар орасида гуманитар танаффусларни узайтириш сўралади. Яҳудий давлатга кўра, бунинг имкони йўқ, чунки у ўзини ҳимоя қилишга мажбур.

Исроил Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларни кенгайтирмоқда. Тўрт шаҳар аҳолиси чиқиб кетиш ҳақида огоҳлантирилган, акс ҳолда бомбалар остида қолади.

Бани Шуҳалия, Хуза, Абассан ва Қарарада осмондан варақа тарқатилган.

"Террористларга яқин жойлардан кетинг. Ўзингизни эҳтиёт қилмоқчи бўлсангиз, чиқинг. Террористлар ишлатадиган ҳар бир уй нишонга олинади", - дейилади варақада.

Ҳудудда бомбардимон аллақачон бошланган, дейди фаластинликлар.

Исроил кучлари Ғазодаги ал-Шифо касалхонаси ёнидан 65 ёшли яҳудийнинг жасадини топган. Еҳудит Вайс исмли аёл 7-октабрда ХАМАС олиб кетган одамлардан бири. Унинг эрини уйида ўлдиришган, дейди расмийлар.

Касалхона бу ҳафта Исроил ҳарбийлари томонидан қуршовда. Яҳудий ҳукумат бу ерни ХАМАС иншоотларидан бири деб ҳисоблайди. Гаровдагилар ҳам шу атрофда сақланаётгани тахмин қилинади.

АҚШ разведкасига кўра, касалхона остида қурол-аслаҳа омборлари, ҳибсхона ва бошқарма бор. ХАМАС буни инкор этади.

Ғазонинг 2,3 миллион аҳолисидан 1,5 миллион уй-жойсиз қолган. Улар жануб томон йўл олган, бироқ у ерда ҳам озиқ-овқат, сув ва энергия таъминоти чекланган.

Бир ойдан ошибдики, ҳужумлар тинмаяпти. 11 мингдан ошиқ фаластинлик ҳалок бўлган. ХАМАС 1200 исроилликни ўлдирган.

Яҳудий ҳукумат ХАМАСни тинч аҳолини қалқон сифатида қўллаётганликда айблайди. ХАМАС буни рад этади.

БМТ Ғазо касалхоналарида ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётганини қораламоқда. Соғлиқни сақлаш масканлари жанг майдонлари бўлмаслиги керак, дея бонг урмоқда дипломатлар.

АҚШ раҳбари Жо Байден эса ХАМАС касалхонани ўз бошқармасига айлантирган, дея қайд этмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг чақириқлар Исроилга ўтмайди, дейди бу ҳукумат расмийлари.

ХАМАС асирларни қўйиб юборадими? Исроил сулҳ томон қадам ташлайдими?

Ҳар икки саволга жавоб манфий.

Айрим маълумотларга қараганда, ХАМАС Исроил билан асир алмашиши мумкин.

7-октабрда гуруҳ қарийб 250 яҳудийни гаровга олган.

Исроил Ғазодаги касалхоналарни зарур дори-дармон ва воситалар билан таъминлаётганлигини билдирмоқда.

Бош вазир Бенямин Нетаняху дейдики, қўшинлар Ғазонинг ҳар бир бурчагига боради, террористларни топиб, йўқ қилади.

"Ҳеч ким биздан қутула олмайди, қочолмайди", - дейди у.

"ХАМАС мутлақ йўқ қилинади. Фуқароларимизни ватанга қайтарамиз".

ХАМАС АҚШни Исроилни шартсиз қувватлаб, унга ҳатто Ғазо касалхоналарига бостириб киришини ҳам ёқлаганликда айбламоқда.

Байденнинг ҳам қўли қонда, дея баён қилган гуруҳ раҳбарияти.

Бу асоссиз айблов, дея жавоб қилмоқда Оқ уй.

Расмийлар таъкидлайдики, қарор Исроилники, лекин Америка террорга қарши қадамларга хайрихоҳ.

ХАМАСга кўра, Ал-Шифо касалхонасида 650 бемор бор, шунингдек, у ерда 7000 нафарга яқин фаластинлик жон сақламоқда.