Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳижоз еридан олов чиқмагунича Қиёмат қойим бўлмайди. (Ҳижоздан чиққан бу олов) Бусрадаги туяларнинг бўйнини ёритади». Муттафақун алайҳ.
Ибн Ҳажар айтади: «Қуртубий ўзининг «Тазкира»сида шундай дейди: «Ҳижоз олови Мадинадан чиқди. У тунги улкан зилзила билан бошланди. Бу 654 ҳижрий сана, жумодул охирнинг учинчи (сешанба) кунида бошланиб, жума куни пешинга яқин тугади».
Нававий айтади: «Барча Шом аҳли бу оловнинг чиққанини жуда яхши билади» («Фатҳул Борий»дан).
Харрат Раҳат Саудия Арабистонидаги энг йирик лава майдони бўлиб, деярли 20 000 кв.км.га тенг. Узунлиги 300 км ва кенглиги 60 км бўлган қуриган лава жинсидан иборат бу улкан майдон Мадинаи Мунавварадан жанубда жойлашган. Лава майдони конус шаклидаги бўртиқлар билан қопланган бўлиб, улардан лава отилиб чиққан.
1256 йилда содир бўлган энг катта лава отилиши мусулмонлар учун энг муқаддас шаҳарлардан бирини деярли вайрон қилди. Ушбу минтақа тарихидаги ушбу йирик лава отилишидан омон қолган гувоҳларнинг гувоҳликлари сақланиб қолган.
1256 йил 26 июнь, душанба куни Мадина аҳолиси Харрат Раҳат лава майдонидан келган даҳшатли шовқинни эшитдилар. Кучли портлаш 1256 йил 30 июнда ғайритабиий юқори вулқон фаоллиги билан бирга кучли зилзилага олиб келган бир қатор ер силкинишларини келтириб чиқарди. Кичик зилзилалар кейинги 52 кун давомида Мадинани силкитишда давом этди. Тунги осмон ҳатто Маккада ҳам кўринадиган қизил чақнашлар билан ёритилган эди. Манбаларда «баландлиги уч метр ва кенглиги 1,5 километрдан ортиқ бўлган қизил-кўк лава оқими» ҳақида қайдлар сақланиб қолган.
Ўша вулқон отилиши пайтида бир вақтнинг ўзида 6 та вулқондан деярли 500 миллион куб метр лава сиртга отилди. Лава портлаш марказидан 23 км масофага тарқалди, деярли Мадинага етиб борди ва шаҳар деворларидан бир неча километр нарида тўхтади. Қизиб турган магма оқими тошларни эритиб, тоғларни вайрон қилди. Тутун ва кул бутун бир ой давомида қуёш нурларини тўсиб, ҳавода айланиб юрди. Кул булути ҳатто Суриядаги Дамашққа ҳам етиб борди.
Айтганча, бугунги кунда Харрат Раҳат ва Харрат Хайбарнинг лава далалари жуда машҳур сайёҳлик жойларига айланди. Ўзга сайёраларни эслатадиган вулқон ландшафти ва қуриган лава далалари сайёҳларни, шунингдек, бутун дунёдаги геологларни ўзига жалб қилади.