loader
Foto

Фаластинга аталган ёрдам ХАМАСга бормаяпти, дейди Европа расмийлари

Европа Комиссияси, яъни иттифоқ ижроия органи олиб борган текширув натижаси шуни кўрсатган.

7-октабрда ХАМАСнинг Исроилга ҳужумидан кейин авж олган қонли урушда ҳар икки томонни ҳисоблаганда 15 мингга яқин кишининг ёстиғи қуриган.

Блокнинг фаластинликларга октабр-ноябр ойларида жўнатган моддий ёрдами ХАМАС қўлига бормаган, дейди Европарламент раиси ўринбосари Валдис Домбровскис.

2021-2024 йиллар учун Европа Иттифоқи Ғазо ва фаластинликлар яшовчи бошқа ҳудудларга 1,3 миллиард долларлик ёрдам узатишни режалаган эди. Аксарият қисми аллақачон берилган.

Камида 240 киши ХАМАС қўлида гаровда, дея эслатиб турибди Исроил ҳукумати.

Яҳудий расмийларининг айтишича, асирлар озод этилмагунча Ғазога ҳужумлар тўхтамайди.

Исроилнинг айни дамдаги мақсади - ХАМАСни тор-мор қилиш, Ғазони ва бутун минтақани ундан тозалаш.

Европа расмийларининг таъкидлашича, текширув шаффофликни таъминлаш учун олиб борилган.

"Европа Иттифоқининг пулидан ХАМАСдек террорист ташкилот бевосита ёки билвосита фойда кўрмаётганини аниқладик", - дейди Домбровскис.

Блок ёрдами билан Фаластин бошқарувида ишлайдиганларнинг маоши тўланади ҳамда БМТнинг Фаластин бўйича агентлиги фаолияти молияланади.

Бу - узоқ муддатни кўзловчи ёрдам, дейди расмийлар.

Бундан ташқари иттифоқ фавқулодда гуманитар ёрдам ҳам узатади, хусусан озиқ-овқат, сув ва бошпана учун зарур воситалар.

"Назорат тизимимиз рисоладагидек ишламоқда. Белгиланган томонларга молиавий ёрдам давом этади, - дейди Домбровскис.

Ғазода инфраструктура учун ажратилиши режаланган 82,5 миллион доллар ҳозирги вазиятда бошқа мақсадларга йўналтирилмоқда.