“Reuters” ва “Agence France-Presse” ахборот агентликлари ўтказган текширув хулосасига кўра, октабр ойида Ливан жанубида содир бўлган ва бир журналистнинг ўлимига ҳамда олти кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган ҳужум Исроил танклари томонидан содир этилган.
Оммавий ахборот воситалари видео ёзувлар, сунъий ёълдош тасвирлари, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва ўқ-дорилар бўлакларини ўрганиш учун ташқи экспертларни ёллаган ва отилган ўқлар фақат Исроил ҳарбийлари томонидан қўлланиладиган 120 миллиметрли танк ўқлари деган хулосага келинган.
Ҳужум 13-октабр куни журналистлар Ливан билан чегарадош Алма ал-Чааб қишлоғи яқинида тўпланиб, Исроил ҳарбийлари ва фаластинлик жангчилар ўртасида трансчегаравий тўқнашувлар содир бўлган ҳудудларни видеога олиш учун йиғилган вақтда содир бўлган.
“Reuters” ва “AFP” агентликларининг билдиришича, журналистлар махсус нимча ва дубулға кийган матбуот вакиллари экани маълум эди.
Ахборот агентликлари хабарига кўра, танклар журналистлар тўпланган ҳудудни кетма-кет икки марта нишонга олган. Натижада “Reuters” журналисти Иссам Абдуллоҳ ҳалок бўлган, унинг икки ҳамкасби ва “AFP” журналисти жароҳат олган.
"Биз Иссамнинг ўлдирилишини қоралаймиз", - деди “Reuters” бош муҳаррири Алессандра Галлони ўз баёнотида.
“Биз Исроилни бу қандай содир бўлганлигини тушунтиришга ва унинг ўлими ҳамда “AFP” ходими Кристина Асси, ҳамкасбларимиз Таер Ал-Судани, Маҳер Назеҳ ҳамда яна уч журналистнинг яраланиши учун жавобгарларни жазолашга чақирамиз. Иссам зўр ва иштиёқли журналист эди; уни “Reuters”да жуда яхши кўришарди", - дея қўшимча қилди у.
"Оммавий ахборот воситалари сифатида аниқ кўрсатилган журналистлар гуруҳининг нишонга олиниши тушунарсиз ва қабул қилиб бўлмайдиган нарса", - деди “AFP Global News” директори Фил Четвинд.
“Human Rights Watch” ҳам ҳужум бўйича ўз текширувини ўтказиб, журналистлар жанговар ҳаракатлар юз берган ҳудуддан анча узоқда бўлганини ҳамда кетма-кет зарбалар берилишидан олдин 75 дақиқа ҳаракатсиз бир жойда турганини аниқлаган.
Ташкилот хулосасига кўра, журналистлар ишлаётган жой яқинида ҳарбий нишон бўлганига оид далил йўқ. Гуруҳнинг таъкидлашича, зарбалар "тинч аҳолига қасддан қилинган ҳужумлар бўлиб, бу уруш жиноятидир".
Халқаро Амнистия ҳам ҳужумни қоралаб, "бу тинч аҳолига тўғридан-тўғри ҳужум бўлиши мумкин; бу эса уруш жинояти сифатида текширилиши керак", деган хулосага келди.
Халқаро Амнистия ташкилотининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича минтақавий директори ўринбосари Ая Мажзуб ўз баёнотида “Иссам Абдуллаҳнинг ноқонуний ўлдирилиши ва яна олти нафар журналистнинг яраланиши учун жавобгарлар жазога тортилиши керак”, деди.
“Ҳеч бир журналист ўз ишини бажаргани учун нишонга олиниши ёки ўлдирилиши керак эмас. Исроил журналистларни жавобгарликсиз ўлдириши ва уларга ҳужум қилиши мумкин эмас. Бу ҳалокатли ҳужум юзасидан мустақил ва холис тергов ўтказилиши керак”, - дея қўшимча қилди у.