Ибн Жавзийнинг “Маноқиб ал-имом Аҳмад ибн Ҳанбал” китобида келтирилган: “Абу Аббос Бардаий айтди: “Ҳасан ибн Исмоилнинг шундай деяётганини эшитдим: “Отамнинг шундай деб айтаётганини эшитдим: “Аҳмад ибн Ҳанбалнинг мажлисида 5 минг ва ундан ошадиган одам тўпланар, 500 тадан камроғи ёзар, қолганлар ундан чиройли одоб ва йўл ўрганар эдилар””.
Аҳмад ибн Салмон Нажжоддан ривоят қилина-ди: “Абу Бакр ибн Мутоввиъийнинг шундай деб айтаётганини эшитдим: “Отам Абдуллоҳ Аҳмад ибн Ҳанбалга 12 йил аралашиб (бирга) юрдим. У “Муснад”ни фарзандларига ўқиб берар эди. Мен ундан битта ҳам ҳадис ёзмадим. Мен фақат унинг йўли, ахлоқ-одобига назар солар эдим””.
Сизга уларни кўрганда Аллоҳни ёдга соладиган зотлардан 11 та намунани тақдим қиламиз. Юрган йўллари ва уларни кўриш туфайли инсонлар манфаат топганлар. Мана, биз минг йилдан ошган бўлсада, хабарларини эшитиб, улардан манфаат оламиз. Уларни кўрган ва бирга ўтирганлар қандай фойда топган экан-а? Аллоҳ таоло Ўзининг солиҳ бандалари билан бизларга манфаат берсин.
1. Амр ибн Маймун Авдий роҳимаҳуллоҳ. У зот улуғ тобеин Амр ибн Маймун Авдий Куфийдир. Жоҳилият даврини ҳам бошдан кечирган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўришмаган. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу билан Ямандан келган ва Куфага тушган. У зот солиҳ ва Аллоҳ таолога итоаткор бўлган. 100 марта ҳаж ва умра қилган. Шогирди Абу Исҳоқ Сабиъий айтади: “У зотга қаралганда Аллоҳ таоло эсланар эди”. У зот роҳимаҳуллоҳ 75 ҳижрий санада вафот этган.
2. Ибн Сирийн роҳимаҳуллоҳ. У зот улуғ тобеин, имом, фақиҳ Муҳаммад ибн Сирийн Басрий роҳимаҳуллоҳдир. 110 ҳижрий санада вафот этган. Агар одамлар унинг олдида ўтирса, улар билан гаплашар, улар ҳам Ибн Сирийн роҳимаҳуллоҳга сўз қотар ва у зот кулар ҳамда хабарлар ҳақида сўрар эди. Агар фиқҳ, ҳалол-ҳаром ҳақида сўралса, ранги ўзгариб, ҳатто олдинги ҳолатида бўлмай қолар эди. Унинг ҳузурида бир кишини ёмонлик билан зикр қилсалар, уни ўзи билган энг яхши нарса билан эслар эди. Шогирдлари Ҳишом ибн Ҳассон Аздий Басрий ва Айюб ибн Кайсон Сахтиёний Басрий: “Биз Ибн Сирийндан кўра аҳли қибла учун кўп умид қиладиган кишини кўрмадик”, деганлар. Бу ривоят Ибн Саъднинг “Ат-табақот ал-кубро” асарида келтирилган.
Агар ўлим ҳақида гапирса, ҳар бир аъзоси ўлиб қолар эди. Бозордан ўтиб қолса, уни кўрган одам борки, Аллоҳ таолони эслар эди. Бу ривоят Имом Заҳабийнинг“Тарихул Ислом”асарида келтирилган.
3. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ. Имом Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳулуғ тобеин бўлган. 110 ҳижрий санада вафот этган. Шериги, ҳамшаҳари ва замондоши Ибн Сирийн роҳимаҳуллоҳга ўхшаб, кўрганда Аллоҳ таоло эсга келадиган зот бўлган.
Юнус ибн Убайдга: “Ҳасан Басрийнинг амалини қиладиан бирор одамни танийсанми?” дейилди. Шунда жавоб берди: “Аллоҳга қасамки, унинг сўзини айтадиган бирор кимни билмайман. Қандай қилиб унинг амалини қиладиган бўлсин?! Агар у келса, яқин дўстини дафн қилиб келаётгандек келади. Агар у ўтирса, боши олинишига амр қилинган кишидек ўтиради. Агар дўзах зикр қилинса, гўё дўзах фақат у учун яратилгандек (ҳолатга тушади)”.
Асҳобларидан бири Ашъас Ибн Абдуллоҳ айтади: “Биз Ҳасан (Басрий)нинг олдига кирадиган бўлсак, дунёни ҳеч нарса эмас, деб ҳисоблаган ҳолда чиқамиз”. Юнус ибн Убайд айтади: “Бирор киши Ҳасан (Басрий)га қараса, амалини кўрмаса ҳам, сўзини эшитмаса ҳам, ундан манфаат топар эди”. Бу ривоят Ибн Абу Нуаймнинг “Ҳиля” ва Ибн Касирнинг “Ал-бидоя ван-ниҳоя” асарида келтирилган.
Матор Варроқ айтади: “Басралик фақиҳ, Аллоҳ таоло Китобини яхши билувчи зот Жобир ибн Язид Ҳасан Басрий кўринса: ‘Тўё Охиратда бўл(иб қайт)ган, кўзи билан кўргани ҳақида хабар берувчи киши келди”, дер эди”.
4. Муҳаммад Ибн Восиъ Басрий роҳимаҳуллоҳ. Имом Заҳабийнинг “Тарихул Ислом” китобида келтирилишича, Жаъфар ибн Сулаймондан ривоят қилинади: “Агар қалбимда қаттиқлик топсам, эрта тонг бориб, Муҳаммад ибн Восиъ Басрийнинг юзига қарар эдим. Гўё у боласини йўқотган аёл каби эди”. У зот роҳимаҳуллоҳ Ҳасан Басрийнинг шогирдларидан, уламо, солиҳ, зоҳид ва Аллоҳ таоло йўлидаги мужоҳидлардан бири эди. Китобнинг кейинги саҳифаларида ушбу зот таржимаи ҳоли, у ҳақидаги хабарлар берилади.
5. Ҳишом Ибн Қурдусий Басрий роҳимаҳуллоҳ. Имом, ҳофиз Ҳишом ибн Ҳассон Басрий роҳимаҳуллоҳ 148 ҳижрий санада вафот этган. Кўп йиғловчи обидлардан бўлган. Ҳаж қилиш учун эшиги олдига туялар ва йўл учун озуқа тайёрланган вақтда онасига бу машаққат туюлади. Шунда онаси учун ҳаж сафарини бекор қилади. У вафот этгач, ҳажни сира канда қилмаган. Онаси учун жумадан бошқа кунлари рўза тутар эди. У вафот этгандан кейин рўзасини (тўлиқ) давом эттирган. Ҳаммод Ибн Салама: “Ҳишом ибн Ҳассонинг кўриниши йиғлатар эди”, деган. Бу ривоят “Тазкиратул ҳуффоз” китобида келтирилган.
6. Абдуллоҳ ибн Шавзаб Хуросоний роҳимаҳуллоҳ. “Таҳзибут таҳзиб” китобида муҳаддис, ишончли ровий Абдуллоҳ ибн Шавзаб Хуросоний Балхий роҳимаҳуллоҳ (156 ҳижрий санада вафот этган) таржимаи ҳолида шундай келтирилган:
“У Басрада, сўнг Байтул Мақдисда яшаган. Шогирди Касир ибн Валид: “Мен Абдуллоҳ ибн Шавзабга назар соладиган бўлсам, фаришталарни эслайман”, деган.
7. Абдулазиз ибн Абу Раввод Маккий роҳимаҳуллоҳ. Абдулазиз ибн Раввод Маккий роҳимаҳуллоҳ (159 ҳижрий санада вафот этган) таржима ҳолида қуйидагилар келтирилган:
“АбдуллоҳИбн Муборакроҳимаҳуллоҳуҳақида шундай деган: “У гапирса, кўз ёшлари яноғига оқиб турар эди”. Шогирди Шуайб ибн Ҳарб: “Мен Абдулазиз ибн Абу Равводга назар солсам, гўё унинг Қиёматга қараб турганини кўрардим”. Яъни, Қиёматдагилар ва ундаги нарсаларга қараб турганини(Таҳибут таҳзиб. 6/338-339.).
8. Муҳаммад ибн Мункадир ва Жаъфари Содиқ роҳимаҳумаллоҳ. Имом Молик ибн Анаснинг таржимаи ҳолида келтирилишича, Мусъаб ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Молик Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинса ранги ўзгарар ва эгилиб кетар эди. Ҳатто бу бирга ўтиганларига қийинчилик туғдирар эди. Бир куни бунинг сабабини сўрашди. Шунда: “Агар сизлар мен кўрган нарсани кўрганингизда, кўриб турган нарсангизда мени инкор қилмаган бўлар эдингиз. Мен Муҳаммад ибн Мункадирни кўрганман, у қорилар саййиди эди. Ундан доим бир ҳадис сўраб улгурмасимиздан йиғлар, ҳатто унга раҳимимиз келар эди. Мен Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқни кўрганман. У ҳазилкаш ва кўп табассумли эди. Агар унинг олдида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам зикр қилинса, сарғайиб кетар эди. Қалбимда қаттиқликни топсам, Муҳаммад ибн Мункадирнинг олдига борардим. Ҳузурида солиҳлар унинг юрган йўли ва тўғрилигидан насиба олиш учун йиғилиб турар эди. Мен унга бир марта қарар ва нафсимга бир неча кун насиҳат олар эдим”. Қози Иёзнинг “Тартибул мадорик” китобида келтирилган.
9. Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ. Имом, обид, муҳаддис Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ Хуросонда туғилиб, сўнг Маккада яшаган. 187 ҳижрий санада вафот этган. Фузайл ибн Иёзнинг хизматкори Иброҳим ибн Ашъас айтади: “Фузайлдан кўра Аллоҳ кўксида улуғ бўлган ҳеч кимни кўрмадим. Агар ҳузурида Аллоҳ зикр қилинса ёки Қуръонни эшитса, у билан хавф ва маҳзунлик намоён бўлар эди. Кўзлари тўлиб-тошар ва йиғлар эди. Ҳатто ҳузуридаги одам унга раҳми келарди”. Холид ибн Рабоҳ айтади: “Абдуллоҳ ибн Муборак менга: “Агар Фузайлга қарасам, менга маҳзунликни янгилайди ва нафсимни ёмон кўриб кетаман”, деди. Сўнг йиғлади”. Ушбу ривоят ҳам “Таҳзибут таҳзиб” китобида келтирилган.
10. Абдуллоҳ ибн Довуд Хуройбий Куфий роҳимаҳуллоҳ. У зот ҳофиз, имом, пешво ва обид Абдуллоҳ ибн Довуд Хуройбий Куфийдир. 213 ҳижрий санада вафот этган. У ҳақида имом, обид, Ироқ муҳаддиси Вакийъ ибн Жарроҳ шундай деган: “Абдуллоҳ ибн Довуднинг юзига назар солиш ибодатдир”. Бу ривоят “Тазкиротул ҳуффоз” китобида келтирилган.
11. Абдуллоҳ ибн Довуд Хуройбий Куфий роҳимаҳуллоҳ. У зот солиҳ банда, имом, муҳаддис ва Аллоҳдан қўрқувчи Абдуллоҳ ибн Маслама Қаънабийдир. Мадинада туғилиб, сўнг Басрада яшаган. 221 ҳижрий санада вафот этган. Имом Моликка Қаънабий роҳимаҳуллоҳнинг Мадинага келгани айтилганда: “Биз билан ер аҳлининг яхшиси томон туринглар”, деган. Унинг таржимаи ҳолида келтирилишича, у бирор мажлисдан ўтса, у ердагилар: “Лаа илааҳа иллаллоҳ”, дер эдилар.
Ўша пешво зотлар салафлар орасида кам эмасди. Улар ҳақида қуйидаги байтда айтилган сўзлар қандай ҳам тўғри:
Агар кўлмак соф ҳолда турса,
Уни шамол қимирлатмаса.
Унда осмон ҳеч шубҳасиз кўринур, Кўринади яна куёш, юлдузлар.
Тажаллий соҳиблари юзлари ҳам шундайдир, Уларнинг софлигида Улуғ Аллоҳ кўринар.
Ҳорис Муҳосибийнинг
"Рисолатул мустаршидийн" китобидан