loader
Foto

Исроилнинг Ғазодаги агрессияси қурбонлари сони 17 700 нафардан ошиб кетди

Ҳалок бўлганлар орасида 295 нафар тиббиёт ходими бор.

Исроилнинг Ғазо секторига 7 октябрдан бери уюштирган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 17 700 дан ошди. Бу ҳақда Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Ашраф ал-Қудра маълум қилди.

Ҳалок бўлганлар орасида 295 нафар тиббиёт ходими бор.

Унга кўра, сўнгги 24 соат ичида Исроилнинг Фаластин анклавига уюштирган ҳужумлари оқибатида 213 киши ҳалок бўлган.

У Ғазодаги ҳужумларда яраланганлар сонининг 48 минг 780 нафарга етганини қайд этди.

Исроил армияси томонидан 132 тиббиёт муассасаси ўққа тутилди, 22 касалхона ва 46 тиббиёт маркази ўз фаолиятини тўхтатди.

- Исроил-Фаластин можароси

7 октябрь куни эрталаб Хамаснинг ҳарбий қаноти «Иззад-Дин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди.

Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. Ҳамаснинг айтишича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик кўчманчиларнинг фаластинликларга нисбатан кучайиб бораётган зўравонликларига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда Хамасга қарши "Темир қиличлар" операцияси бошланганини эълон қилди, бу эса Ғазо аҳолисининг қирғини қилинишига айланиб кетди. 27 октябрь куни Исроил Ғазода қуруқликдаги ҳарбий операцияни бошлади.

Ғазонинг 2,3 млн аҳолиси Исроилнинг ҳаво, қуруқлик ва денгиздаги оммавий бомбардимонлари ҳамда эксклавнинг тўлиқ қамал қилиниши туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Ўтган ойдан бери Исроилнинг қамалдаги эксклавга ҳаво ва қуруқлик ҳужумлари натижасида минглаб бинолар, жумладан касалхоналар, масжидлар ва черковлар ҳам шикастланган ёки бутунлай вайрон бўлган.

Исроилда ҳалок бўлганлар сони 1200 га яқин.

Хамас ва Исроил ўртасидаги келишув доирасида 24 ноябрь куни соат 08:00да кучга кирган Ғазодаги "Гуманитар пауза" 1 декабрь, жума куни эрталабдан якун топди.

"Гуманитар пауза" тугаши билан Исроил Ғазо секторига ҳужумларни қайта бошлади.