loader
Foto

Ҳадиснинг динда ҳужжат эканлиги ва ундаги мавқейи ҳақида

Қуръони Каримнинг бир неча оятлари ҳадиснинг ҳужжат эканини очиқ баён қилади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш вожиблигини ўргатади. Жумладан, Қуръони Каримда шундай дейилган: «Айтинг (эй Муҳаммад!): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади».(Оли Имрон сураси, 31-оят.)

Бу оятдан ҳадиснинг ҳужжат бўлиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш эса, Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишга ҳамда гунохдарнинг кечирилишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш у зотнинг суннатларига ва хадисларига амал қилиш билан бўлади. Бошқа бир оятда шундай дейилган:

«Айтинг: «Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этингиз! Агар юз ўгирсалар, Аллоҳ, шубҳасиз, кофирларни севмас».(Оли Имрон сураси, 32-оят.)

Бу оятдан, Аллоҳ таолога итоат этиш қандай лозим бўлса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга итоат этиш ҳам шунчалар шарт экани, ундан юз ўгириш эса, куфр экани маълум бўлади. Яна бир оятда шундай дейилган:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга қайтаринг. Ана шу хайрли ва оқибати яхшидир».(Нисо сураси, 59-оят)

Бу оятдан Аллоҳга итоат қилиш бир ҳукм бўлганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат этиш ҳам алоҳида ҳукм экани маълум бўлади. Зеро, оятда «Аллоҳга ва Расулига итоат қилинглар» дейилмади, балки «Аллоҳга итоат қилинг, Расулга итоат қилинг», дейилди. Демак, Аллоҳга қандай итоат этиш лозим бўлса, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ҳам шундай итоат қилиш зарур. Чунки оятда Аллоҳга итоат этиш лозимлигини билдириш учун алоҳида «итоат қилинг» сийғаси келтирилганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам итоат этиш вожиблигини билдирадиган алоҳида «итоат қилинг» жумласи келтирилди. Бошлиқларга эса алоҳида сийға келтирилмай «Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг», деб Расулга итоат қилиш жумласига қўшиб келтирилди.

Демак, улул амр (яъни ишбошилар)га итоат этиш алоҳида ҳукм эмас, балки Аллоҳ ва Расулига итоат этишга тобедир.

Ҳадисни инкор этувчи тоифалар бу борада нотўғри фикр қилиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналарида у зотга эргашиш, у кишиниг амирликлари эътиборидан вожиб эди», дейишади. Аслида эса бундай эмас. у зотга мутлақ ҳеч қандай қайдларсиз эргашиш шарт. Зеро, юқоридаги оятда ҳам «Расулга итоат қилинг», дея такидланди. Яна бир эътиборли жиҳат шундаки, оятнинг давомида «Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга қайтаринг», дейилмоқда.

Бундан маълум бўладики, муаммоли ҳолларда ечимни Қуръон ояти ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан излаш лозим. «Аллоҳга қайтаринг» сўзининг маъноси Қуръонга мурожаат қилинг, «Расулга қайтаринг» иборасининг маъноси эса, «Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик чоғларида ўзларига, вафотларидан кейин У зотнинг ҳадисларига мурожаат қилинг!» деганидир. Зеро, ҳукм то қиёматгача абадийдир. Қуръони Каримда шундай дейилган:

«Бас, Роббингиз ҳаққи, улар ўрталаридан чиққан низоларга Сизни ҳакам қилмагунларича ва сўнгра чиқарган ҳукмингиздан дилларида танглик сезмай, тўла таслим бўлмагунларича. зинҳор иймон келтирмагайлар» (Нисо сураси, 65-оят).

Бундан кўринадики, кишилар ўз ихтилофларида Расулуллох соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмларини қабул қилишлари ва жон-у диллари билан у зотни қабул қилишлари иймон шартларидан бири экан. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди».(Нисо сураси, 80-оят.)

Бу оятдан, Аллоҳнинг Расулига итоат, айнан Аллоҳнинг Узига итоат ўрнида экани маълум бўлади. Бошқа бир оятда шундай дейилган:

«Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён килиб беришинг учун Зикрни нозил қилдик...»(Наҳл сураси, 44-оят.)

Бу оятдан Қуръони Каримни шарҳлаб бериш у зотнинг вазифалари экани маълум бўлади. Бу вазифа эса у зотнинг тилларидан чиқкан ҳадислар билан адо этилади. Шунинг учун ҳам набавий ҳадисни Қуръони Карим матнининг шарҳи, дейилади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деб айтади:

(Эй иймон келтирганлар!) «Сизлар учун - Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир».(Аҳзоб сураси, 21-оят.)

Мусулмонлар ҳаётлари давомида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратларига мувофиқ яшашлари зарур.

У зотнинг йўлларидан юришга ким ўзида шундай шижоат топа олади? Албатта, қалбида Аллоҳ таолодан қўрқин, охиратнинг ғами бўлган кишигина шундай шижоат топа олади. Аллохдан, охиратдан ғафлатда бўлган кимса Расулининг йўлидан юришни ўйламайди. Аллоҳ таоло шундай дейди:

«Аллоҳ ва Унинг пайғамбари бир ишни ҳукм қилганда - ҳеч бир мўмин ва мўминага (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир. Кимки Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига итоатсизлик қилса, бас, у аниқ залолат билан йўлдан озибди».(Аҳзоб сураси, 36-оят.)

Мўминнинг вазифаси Аллоҳ ва Унинг Расулини буйруғига қулоқ солиб, қалби ила уни қабул қилишдир. Иймонли киши Аллоҳ ва Расулининг ҳукми турганда уни қабул қилиб, ўз истакларини бекор қилиши зарур. Аллоҳ таоло айтади:

«...Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир».(Ҳашр сураси, 7-оят.)

Бу оятдан яна шу нарса маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Узларининг сўзлари, феъллари ва тақрирлари билан буюрган ишларига амал қилиш, қайтарганларидан тийилиш мўминнинг вазифасидир. Бунга хилоф қилиш эса Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлишга олиб боради. Яна бир оятда шундай дейилган:

«Аллоҳ ўз ичларидан Аллоҳнинг оятларини ўқиб берадиган, уларни (ширк ва гуноҳлардан) мусаффо қиладиган ҳамда уларга китоб ва ҳикматни таълим берадиган Пайғамбарни юбориш билан, мўминларга инъом этди».(Оли Имрон сураси, 164-оят.)

Бу оятда Пайғамбар алайҳиссалом умматларига Китоб билан биргаликда ҳикматни ҳам таълим бериш у зотга топширилгани айтилмоқда. Ҳикматдан мақсад - У зотнинг суннатлари. Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Ар-Рисола» номли асарларида: «Мен Қуръон илми олимларининг: «Ҳикмат Расулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир», деганларини эшитган

ман», деганлар. «Китоб ва ҳикматни таълим берадиган» оятидаги  ҳикматни Алома Ибн Касир «суннат» деб тафсир қилганлар ва бу Ҳасан Басрий, Қатода, Муқотил ибн Ҳайён, Абу Молик ва бошқа муфассирларнинг сўзи эканини айтганлар. Мазкур имомлар тобеъинлар ичидаги етук муфассирлар бўлишган.

Хулоса шуки, ҳикмати набавийя борасида муфассирлардан икки хил ривоят бор: Баъзи муфассирлар: ҳикмати набавийя бу - суннати набавийя, десалар, бошқалари: ҳикмати набавийя бу - динни тушуниш, деганлар. Аммо иккала ривоятнинг ҳам мақсади ва хулосаси бир. Чунки ҳикмат дегани бу - донишмандлик, ақл ва онг билан фаҳмлаш каби маъноларни ифодалайди. Яъни тўғри билан нотўғрини, ҳақ билан ботилни осонгина ажратиб оладиган кишига нисбатан хаким сўзи ишлатилади. Шунингдек, нуроний ақл ва ботиний фаҳмга ҳам ҳикмат атамаси ишлатилади. Бунинг исботи қуйидагича: Аллоҳ таоло Луқмон сурасининг 12-оятида:

«Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик...» дея марҳамат қилган ва унинг ортидан ҳазрати Луқмон алайҳиссаломга берилган ҳикматни баён этган. Ушбу ҳикмат баёнида Аллоҳга шукр қилиш, ширкдан ман қилиш, ота-онага яхшилик қилиш, солиҳларга эргашиш, намоз ўқиш, сабрли бўлиш каби амаллар таъкидланиб, фахр, ғурур ва кибр каби иллатлар ёмонланган. Шундан келиб чиқиб баъзи муфассирлар: «Ҳикмат бу - динни тушуниш» деганлар. Баъзилар эса, уни «суннатун-набий» (яъни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатлари), деганлар. Қисқача айтганда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Қуръони Карим билан бирга ҳикматни ҳам таълим берганлар. Буни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатлари тасдиқлайди.

Қуръни каримнинг яна бир оятида «Аллоҳ сизга китоб ва ҳикматни нозил қилди», дейилган. Бундан кўринадики, Пайғамбар алайҳиссаломга китоб билан бирга ҳикмат ҳам нозил қилинган экан. Юқорида «ҳикмат»ни «суннатун-набий» дейилди. Демак, суннат ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган. Аммо фарқ шундаки, Китоб яъни Қуръони Каримнинг лафзи ҳам, маъноси ҳам Парвадигор тарафидан нозил қилинган бўлса, суннат-нинг фақатгина маънолари Аллоҳ тарафидан нозил қилинган. Лафзи эса Пайғамбар алайҳиссаломга тегишли холос. Суннат ҳам Аллоҳ тарафидан нозил қилинган экан, унга иймон келтириш ва эргашиш лозим.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 41-оятида:

«...Ўзингиздаги нарса (Таврот ва Инжил)ни тасдиқ этувчи ҳолда нозил қилган нарсам (Қуръон)га иймон келтирингиз», дея марҳамат қилган. Нозил қилинган нарса нафақат Қуръони Каримнинг ўзи, балки ҳадиси шариф ҳам унинг ичига киради. Зеро, у ҳам Парвардигоримиз тарафидан нозил қилинган.

Муқаддиматун фи мусталаҳоти илми-л-ҳадис

"Мишкот ал-масобиҳ шарҳи" китобидан