loader
Foto

Ғазо шимолида Исроил ҳарбийлари 70 дан ортиқ тиббиёт ходимларини ўғирлаб кетишди

"Кўплаб тиббиёт ходимлари ҳибсга олинган ва номаълум йўналишда олиб кетилган, 70 дан ортиқ тиббиёт ходимлари", деди клиниканинг педиатрия бўлими бошлиғи доктор Ҳуссам Абу Сафия. Шифокорнинг сўзларига кўра, клиникада сув ёки электр йўқ. "Биз касалхонада қолган беморларни кузатиш учун ибтидоий чироқлар билан ишламоқдамиз", деди шифокор.

Унинг қўшимча қилишича, Исроил ҳарбийлари 16 ёшдан 65 ёшгача бўлган эркакларга бинони тарк этишни буюрган, кейин ҳаммани ҳибсга олган ва олиб кетган. Шифокорнинг сўзларига кўра, юзлаб болалар, аёллар ва қарияларга ғамхўрлик қилиш учун атиги 6 нафар шифокорга қолиш учун рухсат берилган. Касалхонага 12 декабрь куни ҳужум қилинган, сўнгра Исроил қўшинлари бостириб кирган.

Аввалроқ, 11 декабр куни туғруқхонага танк снарядлари тушиб, икки аёлнинг ўлимига ва яна икки аёлнинг оёқлари ампутация қилинишига олиб келди. Халқаро ташкилотлар, шу жумладан ЖССТ ва Бирлашган Миллатлар ташкилоти Исроилнинг ҳаракатларини қоралаб, Ғазодаги тиббий муассасаларга ҳужумларга йўл қўйилмаслигини таъкидлади. Тиббиёт ходимлари секторнинг соғлиқни сақлаш тизими деярли ишламаётгани ва бундан ортиқ зўриқишга дош беролмаслиги ҳақида огоҳлантирмоқда. ЖССТ бошлиғи Тедрос Адҳан Гебрейесус Камол Адван касалхонасига рейддан кейин қаттиқ ташвиш билдирди.