loader
Foto

Ёмон хулқ-имон заифлиги белгиси

Имон инсон ҳаётида улуғ тушунча. У турли ёмонликлардан қайтиш ва яхшиликларни қилишда инсонга катта куч бағишлайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бандаларини яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришни имон тақозоси билиб, Қуръони каримда уларга «эй мўминлар», деб хитоб этади:

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва имонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз» (Тавба сураси, 119-оятп).

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадиси шарифларида гўзал хулқ кучли имонга, ёмон хулқ эса имон заифлигига далолат қилишини айтиб ўтганлар. Хулқи бузуқ ва уятсиз киши ҳеч кимни писанд этмай, гуноҳ ишларни қилишдан ийманмайди, хижолат чекмайди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ҳаё билан имон бир-бирига яқиндир. Улардан бири кетса, иккинчиси ҳам кетади», дея тавсифлаганлари худди шундай кишиларга қарата айтилган. Расулуллоҳ алайҳиссалом бир гал: «Аллоҳга қасам, у мўмин эмас, Аллоҳга қасам, у мўмин эмас», деганларида, саҳобалар: «Кимни айтяпсиз, ё Расулуллоҳ?» деб сўрашди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ёмонликлари билан қўшниларини нотинч қилган кимса», деб жавоб бердилар. Яъни қўшниларига озор бериб яшаган киши мўмин-мусулмон саналмаслигини шундан ҳам билиб олса бўлади.

Беҳуда гап-сўзлардан юз ўгириш кераклигини уқтириб: «Аллоҳга ва охиратга имон келтирган киши фақат яхшиликни гапирсин, бўлмаса жим ўтирсин», дер эдилар Пайғамбаримиз алайҳиссалом. Тўғри, баъзилар ўзини мўмин-мусулмон ҳисоблайди-ю, аммо фарз ибодат ва амалларни бажаришга лоқайд қарайди. Имон тақозосига кўра яшашга одатланмайди, гўзал хулққа зид ишларни қилади, яна ўзини тақволи диндор қилиб кўрсатишга уринади. Расулуллоҳ алайҳиссалом умматларини бундай кимсалардан эҳтиёт бўлишга буюрганлар. Бир киши Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: «Ё Расулуллоҳ, бир аёл менга ўқиётган (нафл) намози, тутаётган (нафл) рўзаси ва бераётган садақалари кўплигини, лекин қўшниларига тили билан озор беришини айтди», деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «У аёл дўзахда бўлади», деб жавоб бердилар. Сўнг ҳалиги киши яна бундай деди: «Ё Расулуллоҳ, бир аёл ўқиётган (нафл) намози ва тутаётган (нафл) рўзаси озлигини ва бераётган садақаси эса фақат пишлоқлигини, лекин қўшниларига асло озор бермаслигини айтди», деди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: «У аёл жаннатда бўлади», дедилар. Икки ҳолатга қараб берган жавобларида гўзал ахлоқ ва хайр-садақа улашишнинг бошқаларга ҳам фойдаси етиши мумкинлигини умумий ибодат сифатида таъкидлаб қўймоқдалар. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг жавобларида ахлоқнинг имонга ва ибодатга боғ-лиқлигини билдириш баробарида ахлоқ бу дунё яхшилиги ва охиратда эса дўзах ўтидан қутулиш гарови эканини маълум қилмоқдалар. Албатта, инсон ўз хулқини ўнглаши ва ислоҳ этиши жуда муҳим иш саналади. Бунинг учун ҳар бир одам қуйидаги нарсаларни билиши зарур: биринчиси, ахлоқ, имон ва ислоҳни бир-биридан ажратишнинг иложи йўқлиги. Иккинчиси, буни ҳар бир киши ўз онги ва қалбига жойлаши лозимлиги. Учинчиси, инсонга бу ҳақда ҳар доим мунтазам насиҳат ва курсатмалар бериб туриш.

Бир куни Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Муфлис кимлигини биласизларми?» деб саҳобаларидан сўраб қолдилар. «Муфлис на динори, на дирҳами йўқ киши», деб жавоб қилишди. Шунда у зот: «Муфлис бу дунёда намоз ўқиган, рўза тутган, закот берган-у, аммо кимнидир сўккан, молини ноҳақ еган, урган, ҳақорат қилган ҳамда қонини тўккан ҳолда қиёмат куни ҳисоб-китобга келадиган кишидир. Шунда Аллоҳ гаоло ҳузурида ўша киши ҳисоб-китоб қилинганида, мазлумларга яхши амалларидан олиб берилади. Агар номаи амалида яхши амаллари қолмаса, мазлумларнинг гуноҳлари унга олиб берилади. Ниҳоят муфлиснинг савоб амаллари тугаб, ўзини дўзахга улоқтирилади». Ҳа, муфлис шудир. Буни оддий мисол билан тушунтирсак, у икки минг динор қарзи бўлиб, минг динорли моли бор савдогарга ўхшайди. Савдо молини тўлиқ берса ҳам қарзини узолмайди. Бундай мискинни бой, деб бўладими? Баъзан ибодат қилиб, гуноҳ ишларни қилиб юрган кишини тақводор, деб бўладими? Расулуллоҳ алайҳиссалом бу хусусда шундай деганлар: «Сув музни эритиб юборгани каби гўзал хулқ ҳам хатоларни ўчиради. Шунга ўхшаш сирка асални бузгани каби, ёмон хулқ ҳам амални бузади». Кишининг гуноҳлари кўпайиб, зарарлари очиқ кўринса, у динини бой берганига далолат қилади. Мўминликни даъво қилиши ҳам ёлғонга айланади. Агар гўзал хулқ бўлмаса, диннинг қадр-қиммати йўқолади. Аллоҳнинг бандасиман деб иқрор бўла туриб, нима учун бузуқ ишларни қиладиган кишиларни ким дейиш мумкин? Имоннинг ахлоққа боғлиқлигини Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай тушунтирганлар: «Намоз ўқиса, рўза тутса, ҳаж ва умрага борса, мен мусулмонларданман деса ҳам, учта нарса кимда бўлсаю, ёлғон гапирса, ваъдани бажармаса ва омона гга хиёнат қилса, у мунофиқдир». Яна бошқа бир ривоятда: «Кимки ёлғон гапирса, ваъдасини бузса, омонатга хиёнат қилса, бу (ишлар) унинг мунофиқлигига аломатдир, гарчи у намоз ўқиса, рўза тутса ва ўзини мусулмон ҳисобласа ҳам», дейилган. Шундан билиш мумкинки, инсон қилаётган ибодат амалларига алданиб қолмаслиги керак. Пайғамбаримиз алайҳиссалом келтирган мунофиқлик аломатлари ўзида борлигини сезса, улардан халос бўлиш ҳақида ўйласа ва уларни тарк этса, демак, у ҳақиқий мўмин-мусулмон деб аталишга лойиқ иш қилган ҳисобланади.

"Фазилатлар китоби" китобидан