loader
Foto

Намозни бузувчи амаллар

Қуйидаги амаллар, ҳолатлар, ҳаракатлар намозни бузади:

1. Такбири таҳрима айтаётганда “Аллоҳу” лафзи бошидаги “а” ҳарфини чўзиш.

2. Намозга тегишли бўлмаган гапни - қасддан ёки адашиб бўлса хдм - гапириш.

3. Бировга салом бериш.

4. Саломга алик олиш.

5. Аксирган одамга “Ярҳамукаллоҳ”, деб жавоб қайтариш, имомдан бошқанинг қироатини, намоздан ташқа-ридаги киши қироатини тўғрилаш.

6. Саволга - оятлар билан бўлса-да - жавоб бериш. Масалан, бирон хушхабар эшитганда “Алҳамдулиллаҳ”, деса, “Бир мусулмон оламдан ўтибди”, деб хабар берилганда “Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъувн”, деса, намоз бузилади.

7. Узрсиз томоқ қириш, йўталиш.

8. “Уф”, “оҳ”, деб товуш чиқариш.

9. Оғриқ ёки мусибатга овоз чиқариб йиғлаш (бироқ охиратни ўйлаб йиғласа, намоз бузилмайди).

10.    Намозда қаҳқаҳа отиб ёки қиқирлаб кулиш. (Рукуъ ва саждали намозда қаҳқаҳа отиб кулган одамнинг таҳорати синади, намози бузилади. Рукуъ ва саждали намозда қиқирлаб кулиш намозни бузади, аммо таҳоратни синдирмайди. Табассум қилиш билан намоз бузилмайди, таҳорат синмайди.)

11.    Бирон нарсани ейиш, ичиш.

12.    Жамоат намозида ёнидаги одамга жой бериш учун сурилиш.

13.    Тўхтамасдан уч қадам юриш. Лекин олди саф очиқ бўлса, бир рукнда бир ёки икки қадам билан олдиндаги сафни тўлдириш жоиз.

14.    Қуръони каримга қараб тиловат қилиш.

15. Маъно бузиладиган даражада хато қироат қилиш.

16.    Амали касир қилиш, яъни уч марта бир жойини қашиш ёки четдан қараган одам “Намоз ўқимаяпти” деб ўйлайдиган даражада кўп ҳаракат қилиш(Намоз ўқиётган кишининг намозга тегишли бўлмаган ишлар билан шуғулланиши ҳукмий жиҳатдан иккига бўлинади. Булар: 1. Амали касир. 2. Амали қалил.

Амали касир ортиқча, кўп иш бўлиб, бунда намоздаги киши ташқаридан қараганда худди намоз ўқимаётгандек кўринади. Яъни, ўзини шундай тутадики, уни кўрган одам намоз ўқияпти, деб ўйламайди. Бундай амаллар билан намоз бузилади.

Амали қалил кам ишдир. Яъни, намоз ўқиётган кишининг намоздалигига шубҳа туғиладиган даражада намозга алоқасиз ишлар билан шуғулланиши ама-ли қалил, дейилади. Бундай амаллар билан намоз бузилмайди, лекин кароҳат билан адо этилади.).

17.    Нажосат устига сажда қилиш.

18.    Кўкракни қибладан бошқа томонга буриш. Фақат бошнинг ўзини қибладан бошқа тарафга буриш билан намоз бузилмайди, лекин макруҳ саналади.

19.    Сажда қилаётганда икки оёқ панжаларини ердан кўтариш.

20.    Намоз фарзларидан бирини узрсиз тарк этиш.

21.    Намознинг тўла бир рукнида аврат очиқ бўлиши.

22.    Таҳорат кетиши.

23.    Сув йўқлиги сабаб таяммум қилиб намоз ўқиётган киши таҳорат учун етарли сувга эга бўлиши.

24.    Намоз ўқиётганда маҳсига тортилган масҳ муддати тугаши.

25.    Яра тузалиши сабаб устидаги боғичнинг тушиши.

26.    Узрли киши узридан фориғ бўлиши.

27.    Бомдод намозида куёш чиқиб қолиши, ийд намозини ўқиётганда қуёш заволга оғиши, жума намозини ўқиётганда аср вақти кириши.

28.    Тартиб соҳибининг ўқилмай қолган бир намозни эслаши.

29.    Намоз ўқиётганда ҳушидан кетиб қолиш (Бундай ҳолатда таҳорат ҳам синади).

30.    Намозда турган ҳолда инсонлар сўзи билан, масалан, “Эй Аллоҳ, менинг қорнимни тўйғаз”, деб дуо қилинса, намоз бузилади. Зеро, намозда маъсур (яъни, Қуръонда, ҳадисларда келган) дуолар ўқилади.

Зиёвуддин Раҳимнинг

"Намозда хушуъ" китобидан