loader
Foto

Намозда эсноқни қайтариш

Эснаш ҳафсаласизлик, дангасалик белгисидир. Эснаш чарчоқни кучайтиради. Намозда ҳомуза тортиш эса, банданинг Парвардигори ҳузурида турганини ҳис этмаслик саналади. Қолаверса, эснаш шайтонга йўл беришдир. Абу Ссшд Худрий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар биронтангиз эснаса, қўли билан оғзини ёпсин. Чунки шайтон (унинг ичига) киради” (Муслим, Абу Довуд, Аҳмад ривоят қилган).

Термизий ривоят қилган ҳадисда: “Намозда эснаш шайтондандир. Қайси бирингизни эсноқ тутса, иложи борича қайтаришга ҳаракат қилсин”, дейилган.

Агар эсноқ келса, ўнг қўл билан оғиз ёпилади. Бу умумий тавсия намозхонга кўпроқ тааллуқли. Чунки шайтон бандани айнан намозда кўп чалғитади, улуғ ибодатни маромига етказиб ўқишига халақит беради. Агар эснаётганда оғиз ёпилмаса, шайтон одамнинг ичига киради, унга намозни оғир қилиб кўрсатади. Бундан чиқди, оғиз шаръан макруҳ (яъни, ёқимсиз) нарса учун очилса, шайтон кирадиган йўлакка айланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Аллоҳ аксиришни яхши кўради, эснашни ёқтирмайди. Агар биронтангиз аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, уни эшитган ҳар бир мусулмон учун: “Ярҳамукаллоҳ”, дейиш лозим бўлади. Эснаш эса шайтондандир. Агар биронтангиз эснаса, уни имкони борича қайтарсин. Зеро, орангиздан бир (киши) эснаса, шайтон унинг устидан кулади” (Бухорий, Абу Довуд, Термизий ривоят қилган).

“Эснаш эса шайтондандир” жумласи қуйидагича тушунтирилган:

1. Бу ҳадис “Эснашни шайтон вужудга келтиради”, деган маънода эмас, балки шайтон банда эснашини хоҳлайди, инсонни эснаган ҳолатда кўришни ёқтиради. Чунки эснаган кишининг ташқи кўриниши хунуклашади. Шунда шайтон унинг устидан кулади.

2. Ҳар қандай ёмон иш шайтонга нисбат берилади. Чунки у ёмонлик воситасидир. Ҳар қандай яхши иш фариштага нисбат берилади. Сабаби у эзгулик воситасидир. Эснаш ошқозон ҳаддан ташқари тўлиб кетишидан пайдо бўлади, дангасаликка олиб боради. Бу иш шайтон воситасида амалга ошади. Аксириш кам овқат ейишдан келиб чиқади. У ғайрат-шижоатни оширади. Бу иш фаришта воситасида амалга ошади(Манба: Ибн Ҳажар. “Фатҳул борий”.).

Имом Нававий айтишича, шайтон шаҳватларга чақиради. Эснаш тана оғирлиги, бадан бўшашиши, қорин тўлишидан келиб чиқади(Манба: Ибн Ҳажар. “Фатҳул борий”.).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бежизга “Эснаш шайтондан”, демаганлар. Айниқса, намоз ўқиб турганда эснаш маъқул саналмайди. Кимда шундай ҳолат кузатилса, имкони борича эсноқни қайтаради ёки кафти билан оғзини беркитади. Бўлар-бўлмасга эснайверган, эснаганда “Ҳо-о-о” деб ёқимсиз овоз чиқарадиган одам шайтоннинг кулгисига қолади.

Уламолар намозда эснашни макруҳ санашган, ўзлари ҳам бу ишдан тийилишган. Қудурий айтади: “Кўп марта синадик, киши “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаргиз эснамаганлар”, деб кўнглига келтирса, эсноқ қайтар экан”. Ибн Обидин ҳам шу гапни айтган.

Зиёвуддин Раҳимнинг

"Намозда хушуъ" китобидан