loader
Foto

Ёсин қавми

Аллоҳ таоло омматан азоб юбориб, ҳалокатга учратган яна бир қавм ҳақида Қуръони каримнинг Ёсин сурасида баён қилади:

«(Эй, Муҳаммад,) Сиз уларга қишлоқ (аҳли)ни у жойга элчилар келган пайтини мисол келтиринг! Ўшанда Биз уларга иккита (элчи)ни юборганимизда (улар) иккисини ёлғончига чиқаришгач, учинчи (элчи) билан қувватлантирдик. Бас, (уччала элчи Антокия аҳлига): «Ҳақиқатан, биз сизларга (юборилган) элчилармиз», деган эдилар.

Улар: «Сизлар ҳам худди бизларга ўхшаган одамларсиз. Раҳмон (Аллоҳ) бирор нарса (ваҳий) нозил қилгани йўқ. Сизлар фақат ёлғон сўзламоқдасизлар», дедилар. (Элчилар) айтдилар: «Раббимиз билурки, бизлар, албатта, сизларга (юборилган) элчилардирмиз! Бизларнинг зиммамизда фақат (Аллоҳнинг ваҳийсини сизларга) аниқ етказишгина бордир. (Улар) дедилар: «Бизлар сизлардан шумланмоқдамиз. Қасамки, агар (даъватларингизни) тўхтатмасангизлар, сизларни албатта, тошбўрон қилурмиз ва сизларга биз томондан аламли азоб етар». (Элчилар) айтдилар: «Шумланишингиз ўзларингиз биландир. Сизларга насиҳат қилинса (шумланасизларми)?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошган қавмдирсиз!» (Шу пайт) бир киши шаҳарнинг ичкарисидан шошганича келиб, деди: «Эй қавмим, (бу) элчиларга эргашинглар! Ўзлари ҳидоятда бўлган ва сизлардан ҳақ сўрамайдиган зотларга эргашинглар!». (У яна айтди): «Нега мен ўзимни яратган Зотга ибодат қилмайин? (Сизлар ҳам) Унгагина қайтарилурсизлар. Мен Ундан ўзгаларни илоҳ қилиб олайми? (Ҳолбуки), агар Раҳмон менга бирор зарар етказипши истаса, у («илоҳ»)ларнинг шафоатлари менга бирор фойда бера олмас ва улар мени (азобдан) қутқара олмаслар.

У ҳолда мен, албатта, аниқ залолатда бўлурман-ку!

Ҳақиқатан, мен Раббингизга имон келтирганман, мени эшитиб қўйингиз!» (Сўзларига боқмай уни қатл қилишгач, унга) «Жаннатга кир», дейилди. (У жойдаги ноз-неъмат ва иззат-икромни кўргач), у айтди: «Қани эди қавмим билсалар Раббимнинг мени мағфират этганини ва мени мукаррам кишилардан қилганини».

Биз ундан (Ҳабиб ан-Нажжор қатлидан) кейин унинг қавми устига осмондан бирор қўшин (азоб фаришталарини) туширмадик. Биз (шошилинч) туширувчи бўлмадик. Фақат биргина даҳшатли қичқириқ бўлди-ю, бирданига улар «ўчиб» қолдилар». (Ёсин, 13-29)

Аввалги уламолардан Ибн Аббос, Каъбул-Аҳбор ва Ваҳб ибн Мунаббаҳдан, кейинги уламолардан Бурайда ибн ал-Хасиб, Икрима, Қатода, аз-Зуҳрий ва бошқалардан қилинган ривоятларга қараганда мазкур қавм яшаган қишлоқнинг номи «Антокия»дир.

Ибн Исҳоқ номлари зикр этилган аввалги уламолардан яна шуни ҳам ривоят қилганки, мазкур қавмнинг Антихус ибн Антихус исмли подшоҳлари бўлиб, улар санамларга сиғинардилар. Аллоҳ таоло уларга Содиқ, Масдуқ ва Шалум исмли уч пайғамбарни юборди. Қавм эса пайғамбарларнинг даъватига қулоқ тутмадилар, уларни ёлғончи қилдилар.

Қатоданинг тахмин қилишича, Антокия халқига юборилган уч пайғамбарнинг исмлари Шамъун, Йўҳанно ва Павлус бўлиб, улар Исо алайҳиссаломнинг элчилари эдилар.

Қатоданинг фикри нотўғри, чунки тарихда Антокия шаҳри Исо Масиҳ динларини қабул қилган биринчи шаҳардир. Шунинг учун ҳам мазкур шаҳар дунёда энг катта бўлган тўрт патриархия - Антокия, Қуддус, Искандария ва Румиянинг биттаси ҳисобланади. Қустантиния эса бешинчи ўриндадир. Қуръонда зикр этилган қавм эса, пайғамбарни тан олмагани учун ҳалокатга учраган.

Лекин икки ривоятни қуйидагича жамлаш мумкин. Яъни Антокия қавмига қадимда ҳам мазкур уч пайғамбар - Содиқ, Масдуқ ва Шалум исмли пайғамбарлар юборилган. Улар инкор этилгач, қавмни Аллоҳ таоло ҳалокатга учратган. Орадан узоқ йиллар ўтгандан кейин, Исо Масиҳ даврида ҳам шу шаҳар аҳолисига яна уч ҳаворий-Шамъун, Юҳанно ва Павлус Исо пайғамбар томонидан даъват учун юборилган. Қавм уларни яхши кутиб олишиб, Исо алайҳиссалом шариатларини қабул этишган. Аммо бу фикр тарихий нуқтаи назар-дан анча узоқ, чунки, Антокия тарихида ҳеч қачон, Исо алайҳис-саломнинг даврида ҳам, ундан олдин ҳам бирор қавм оммавий ҳалокатга учрамаган.

Қуръонда қисса қилинган уч пайғамбарнинг Исо Масиҳҳаворийлари эмаслигига уч далил бор. Биринчиси шуки, оятда хабар берилган пайғамбарларни Аллоҳ томонидан юборилганига «Ўшанда Биз уларга иккита элчини юборганимизда улар иккисини ёлғончига чиқаришгач, учинчи элчи билан қувватлантирдик», деган мазмун далолат қилиб турибди. Агар улар Исо Масиҳ юборган ҳаворийлар бўлганида, оятнинг лафзи шунга муносиб бўларди.

Иккинчиси шуки, Қуръонда зикр этилган қавм итоатсизликлари учун ҳалок этилганлар. Исо Масиҳдавридаги қавм эса биринчилардан бўлиб имонга келганлар.

Учинчиси шуки, Антокияга Исо Масиҳнинг даъватчилар юборишлари яҳудийларга Таврот нозил бўлгандан узоқ вақт кейин содир бўлган. Ҳамма уламоларнинг иттифоқ қилишларича, Таврот нозил бўлгандан кейин бирор қавмга оммавий ҳалокат юборилмаган, балки, пайғамбарга унамаган қавмга нисбатан чора кўриш ва улар билан пайғамбар бошчилигида урушиш мусулмонларга буюрилган.

Демак, Қуръоннинг «Ёсин» сурасида хабар берилган ва ҳалокатга учраган қавм яшаган жойнинг номи Антокия эмас ёки қадимда Антокия деб номланган бўлса ҳам, у қишлоқ Рум еридаги Антокия эмас, деб хулоса чиқаришимиз мумкин.

Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг

"Пайғамбарлар тарихи исломият тариҳидир" китобидан