loader
Foto

Исроил хорижий давлатларга босим ўтказиб, БМТ судидан қочишга ҳаракат қилмоқда

Афтидан, Исроил элчихоналари ташқи ишлар вазирлигидан хорижий дипломатлар ва сиёсатчиларга Халқаро судда ЖАРнинг Исроилга қарши даъвоси бўйича "тўғри" позицияни эгаллашлари учун босим ўтказиш бўйича кўрсатма олган, деб хабар бермоқда Axios портали тегишли телеграммага таяниб.  Хабар берганимиздек, Жанубий Африка Республикаси ўтган йил охирида Исроилни Ғазо секторидаги геноцид учун жавобгарликка тортиш талаби билан Халқаро судга мурожаат қилган эди.

Биринчи учрашув келаси ҳафта бўлиб ўтади. Нашрнинг ёзишича, Исроил ТИВ Тел-Авивни геноцид айбловларидан қутқариш ва судга Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатларига тақиқ қўйишга рухсат бермаслик учун коалиция тузиш режасини ишлаб чиққан. "Сиздан зудлик билан ... қуйидаги йўналишлар бўйича очиқ баёнот беришингизни сўраймиз: ... сизнинг мамлакатингиз Исроилга қарши қўйилган энг ғайритабиий ... ва асоссиз айбловларни рад этишини эълон қилинг", дейилади Исроил манбалари анонимлик шарти билан нашрга тақдим этган телеграммада. Исроил хорижий сиёсатчиларни Исроил гўёки Ғазога гуманитар ёрдам етказиб беришни кўпайтириш ва Ғазо тинч аҳолисига етказиладиган зарарни минималлаштириш чораларини кўраётгани ҳақида оммавий баёнот беришга мажбурлашга умид қилмоқда. Биринчи бўлиб Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларида геноцидни кўрмаган АҚШ Давлат департаментининг расмий вакили Метю Миллер шундай баёнот берди.