loader
Foto

"Ғазодаги уруш халқаро ҳамжамият учун маънавий мағлубиятдир" - Қизил Хоч раҳбари

Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси (ХҚХҚ) раҳбари Миряна Шполярич-Еггер (Mirjana Špoljarić Egger) сешанба куни Ғазо секторидаги можарони халқаро ҳамжамият учун "маънавий мағлубият" деб қоралади ҳамда Исроил ва Хамасни жанговар ҳаракатларни тугатиш учун янги келишув тузишга чақирди, деб хабар беради Reuters.

"Мен маънавий мағлубият ҳақида гапирдим, чунки бу давом этаркан, ҳар куни халқаро ҳамжамият ўзини бундай юқори даражадаги азоб-уқубатларга барҳам беришга қодир эмаслигини исботлай олмаган яна бир кун ҳисобланади - бу нафақат Ғазода, балки авлодлар учун ҳам таъсир қилади", - деди ХҚХҚ президенти Ғазо сектори ва Исроилга сафари ортидан Женевада журналистларга.

ХҚХҚ президенти 7  октябрь куни Исроил жанубида Хамас ҳужуми натижасида асирга олинган исроиллик гаровга олинганлар озод этилганини тилга олиб, ҳар икки томонни музокараларни давом эттиришга чақирди: "Озод қилишнинг ўзи жуда қийин ва жуда нозик миссиядир". Ноябрь ойи охирида Қатар ва Миср воситачилигида тузилган сулҳ натижасида Ғазо секторида гаровга олинган 110 нафар [исроиллик] Исроил қамоқхоналаридаги 240 нафар фаластинлик аёл ва ўсмир эвазига озод қилинди. Шунга қарамай, 1 декабрь куни жанговар ҳаракатлар қайта бошланди ва Исроил ҳукумати шошилинч равишда гаровга олинганларнинг бир қисми ўлганини эълон қилди.

ХҚХҚ сулҳ даврида гаровга олинганларни озод қилишга фаол ёрдам берган бўлса-да, баъзи исроилликлар ташкилотни бу борада кўпроқ иш қилиши мумкин бўлгани сабабли танқид қилди. Баъзи ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Қизил Хочни гаровга олинганларни Ғазо секторидан олиб чиқиб кетувчи такси хизматига қиёслади.

"Сиз шунчаки у ерга бориб, гаровга олиб, уларни олиб чиқиб кета олмайсиз", деди Шполярич, Uber ёки такси хизматига ўхшатиш "қабул қилиб бўлмайдиган ва жуда ёмон" эканлигини айтиб. "Бизнинг ҳамкасбларимиз ўз ҳаётларини, хавфсизлигини ва ушбу операциялар хавфсизлигини хавф остига қўйишди, бу воқеалар давом этаётганда гаровга олинганлар жиддий хавф остида."

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху ўтган ҳафтада Исроил разведка хизмати раҳбари Қатар бош вазири билан учрашганидан сўнг, Хамас томонидан гаровга олинганларни қайтариш бўйича янги музокаралар олиб борилаётганини тасдиқлаган кўринади. Шполярич Қизил Хоч ташкилоти томонлар келишувга эришгандан сўнг яна ёрдам беришга тайёр бўлишини айтди: "Биз томонлар билан улар эришган келишувни амалга оширишга тайёр бўлишимиз учун музокараларни давом эттирмоқдамиз".