Ғазо ҳукумати ахборот бюроси томонидан эълон қилинган баёнотда, Исроил армиясининг Ғазога ҳужуми 75 кун давом этаётгани маълум қилинди. Баёнотга кўра, Исроил ҳужумлари натижасида 20 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган, улардан камида 8 минг нафари болалар ва 6 минг 200 нафари аёллар. Шунингдек, вайрон бўлган бинолар вайроналари остида 6700 киши бедарак йўқолганлар рўйхатида эканлиги, уларнинг 70 фоизи аёллар ва болалар эканлиги кўрсатилган.
Худди шу маълумотларга кўра, Исроилнинг Ғазодаги ҳужумлари натижасида яраланганлар сони 52 600 кишидан ошди. 7 октябрдан бери Исроил армияси 310 тиббиёт ходими, 35 фуқаро мудофааси ходими ва 97 журналистни ўлдирди, 99 тиббиёт ходими ва 8 журналистни ҳибсга олди. Баёнотда, шунингдек, Исроилнинг Ғазо секторидаги 140 та тиббиёт муассасасига зарба бергани, 23 касалхона ва 53 тиббиёт марказига зарар етказганлиги, 102 та тез ёрдам машинасини ишдан чиқаргани қайд этилди.
Бундан ташқари, Ғазо секторидаги 53 минг уй бутунлай вайрон бўлган, 255 минг уй қисман вайрон бўлган, жами зарар кўрган уйлар сони 308 мингтани ташкил қилган. Шунингдек, Исроил Ғазо секторидаги 126 та давлат муассасаси ва 90 та мактаб ва университетларга зарба бериб, уларни бутунлай вайрон қилган, 283 та мактаб ва университетга зарар етказган. Баёнотда, Исроилнинг диний жойларга ҳам ҳужум қилгани таъкидланди: Ғазодаги 114 та масжид бутунлай вайрон бўлган, 200 таси зарар кўрган, 3 та черков нишонга олинган.