loader
Foto

Мухолифат етакчиси: Нетаняху "Исроилни бошқаришга ҳаққи йўқ"

Яир Лапид исроиллик мухолиф қонунчиларни, жумладан, Исроилнинг амалдаги ҳарбий кенгаши аъзоси, собиқ мудофаа вазири Бенни Ганц ҳукмрон коалицияни тарк этишга чақирди.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху "мамлакатни бошқаришга қодир эмас", деди душанба куни мухолифат етакчиси Яир Лапид. Лапид Х-да исроиллик мухолиф қонунчиларни, жумладан, собиқ мудофаа вазири, Исроилнинг ҳозирги ҳарбий кенгаши аъзоси Бенни Ганцни ҳукмрон коалициядан чиқишга чақирди.

"Бу миллий бирлик ҳукумати эмас, бу фавқулодда ҳукумат эмас. Улар Исроил давлатини эмас, Нетаняхуни қутқармоқда", - дея қўшимча қилди Лапид.

Мухолифат етакчисининг таъкидлашича, унинг "Еш Атид" ("Келажак бор") партиясидан 24 депутат Исроилнинг амалдаги ҳукуматини ўзгартириш бўйича ҳар қандай ҳаракатни қўллаб-қувватлайди.

Исроилда янги сайловлар ўтказишга чақириқлар Нетаняхунинг Хамаснинг 7 октябрдаги ҳужуми учун жавобгарликни ўз зиммасига олмагани учун танқид қилиниши фонида кучайди.

Охирги бир неча кун ичида Исроил оммавий ахборот воситалари томонидан ўтказилган сўровлар шуни кўрсатдики, агар муддатидан олдинги сайловлар ҳозир ўтказилса, Нетаняху ҳукумат туза олмайди, Бенни Ганц эса энг муваффақиятли номзод деб ҳисобланади.

Ғазо сектори соғлиқни сақлаш идоралари маълумотларига кўра, Исроил 7 октябрдан бери Ғазо секторига ҳаводан ва қуруқликдан ҳужумлар уюштириши натижасида камида 23 084 фаластинлик ҳалок бўлди, 58 926 киши яраланди.