Мусулмон одам жуда ҳам покиза бўлади. Жисмини тоза тутади, ҳаммом қилишни одат қилади. Ана шунда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг комил ғусл қилиш, хушбўйланиш, хусусан, жумъа кунлари шундай қилишга ундаган амрларига бўйинсунган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Жумъа куни ғусл қилинглар. Гарчи жунуб бўлмасанглар ҳам бошларингизни ювинглар. Хушбўй суртинглар” (Бухорий ривояти).
Ҳатто у зотнинг ҳаммом қилишга каттиқ ундаганларидан баъзи имомлар жумъа намозига ғусл қилиш вожиб деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят килинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ҳар бир мусулмон учун ҳафтада бир кун ғусл қилиб, боши, танасини ювмоқлиги вожибдир” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Ҳақиқий мусулмоннинг кийими, пайпоғи тоза бўлади, уларни вақти-вақти билан назорат қилиб туради. У кийими, оёқларидан нохуш ҳид келишига йўл қўймайди ва бунинг учун махсус хушбўйлардан фойдаланади. Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Молининг учдан бирини хушбўй нарсаларга ишлатган одам исрофгар эмасдир”.
Яна у оғзига эътибор қаратади, токи бирортаси ундан озор берувчи ҳидни сезмасин. Бу эса ҳар куни тишларни мисвок, тиш чўткалари ва бошка асбоблар орқали тозалаш билан бўлади. Демак, у оғзини назоратга олади. Ҳеч бўлмаганда йилда бир марта тиш табибларига, агар эҳтиёж сезса, оғиз, томоқ, ҳалқумни даволайдиган табибларга учрайди ва оғзидан хушбўй ҳид таралишини йўлга қўяди. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, айтди:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечасими, кундузими ухлаб турсалар, таҳорат олишдан аввал мисвок ишлатар эдилар” (Аҳмад, АбуДовуд ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизни тоза тутишликка ортиқ даражада эътибор беришлари буларни айтишларига сабаб бўлди: “Агар умматимга қийин бўлмаганда уларни хар намоздан аввал мисвок тутишга буюрган бўлар эдим” (Бухорий ва Муслим ривояти).
Оиша розияллоху анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирганларида энг аввал нимадан бошлар эдилар, деб сўралди. Шунда у мисвокдан, деб жавоб берди. Минг афсус, баъзи мусулмонлар бунга эътибор бермайдилар, ваҳоланки, бу тозалик - Исломнинг мағзи, аслидир. Улар оғизлари, баданлари ва кийимларининг тозалигига бепарво бўладилар. Улар масжидларда зикр, дарс, музокара мажлисларига борадилар, аммо уларнинг ёқимсиз ҳидлари ўша ерда ҳозир бўлганларга озор беради, улуғ макон - масжидни ўраб олган фаришталарни қочиради. Энг ажабланарлиси, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пиёз, саримсоқ еганлар оғизларидан келаёттан бадбўй ҳид билан фаришталар ва одамларга озор бермасликлари учун масжидга яқинлашмасин, деган ҳадисларини эшитиб, ўқиб туриб, яна бунга беэътибор бўладилар: “Саримсоқ, пиёз еган одам масжидимизга яқинлашмасин, чунки фаришталар одамлар озорланган нарсадан озорланадилар” (Муслим ривояти).
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳиди ёқимсиз бўлган полиз экинларини еган одамларни фаришталар ва одамлар улардан келаётган нохуш ҳиддан озор топмасликлари учун масжидга яқинлашишдан қайтарганлар. Лекин бу тозалиқцан ғофил бўлган, натижада одамларга озор берадиган баъзи шахслардан тараладиган ёқимсиз ҳид, кирланган бадан, ҳидланган кийимларнинг бадбўйлиги юқоридан айтилган сабзавотларнинг нохуш ҳидидан кам эмасдир.
Имом Аҳмад ва Насоий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: У айтди: “Бизнинг олдимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам зиёрат учун келдилар ва кийими кир бўлган бир кишини кўриб: “Мана бу одам кийимини тозалайдиган нарса топмадими?!” - дедилар”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни халқ олдига ювиб тоза қилишга қодир бўлатуриб кир кийимда чиқишдан қайтарганлар. Демак, мусулмон инсоннинг доимо кийими тоза, кўриниши чиройли, суюкли бўлиши керак экан. Яна у зот айтадилар: “Бировинглар иш кийимидан ташқари, жумъа куни учун икки кийим тайёрлаб қуйиши унга зарар қилмайди”.
Ислом дини ўз умматини тозаликка ундайди. Кийимлари хушбўй бўлишини, жисмларидан муаттар ҳидлар таралишини истайди. Бу фазилат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда бор эди. Имом Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади. У киши айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидларидан хушбўйроқ мушкни ҳам, анбарни ҳам, бошқа нарсани ҳам ҳидламадим”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жисмлари, кийимлари, ҳидларининг хушбўйлиги ҳақида кўп ҳадислар бордир. Шулардан бири, Расулуллоҳ сол-лаллоҳу алайҳи васаллам бирортаси билан кўл бериб кўришсалар, ўша одамнинг қўлидан кун бўйи хушбўй ҳид кетмас эди. У зот қўлларини бирор гўдакнинг бошига кўйсалар ўша гўдак бошқа гўдаклар орасидан покиза бўй билан танилиб турар эди. Бухорий “Тарий-хул кабир”да Жобирдан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор йўлдан ўтсалар, ортидан юрган одам бу йўлдан Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам юрганларини йўлнинг хушбўйлигидан билиб олар эди. Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васаллам бир сафар Анаснинг ҳовлисида ухладилар. У зот терлаган эдилар. Шунда Анаснинг онаси у зотнинг терларини йиғиб олиш учун идиш олиб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан бу ҳақда сўраганида, у: “Сизнинг терингизни хушбўйлик қилиб ишлатамиз. У энг яхши хушбўйдир”, деди”.
Ҳа, мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига нақадар муҳтожлар!
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сочни парваришлаш, уни ўнглаш ва Ислом шариатига мувофиқ уни чиройли тутишга буюрганлар. Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Кимнинг сочи бўлса - уни ҳурмат қилсин”.
Ислом одобида сочни ҳурмат қилиш уни тоза тутиш, тараб юриш, хушбўйлаш ва шаклини чиройли қилиш билан бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон сочига аҳамият бермай, ўз ҳолига тўзғиганча ташлаб қўйиб, одамларнинг кўзига алвастига ўхшаб кўринишини ёмон кўрганлар ва ундайларни шайтонга ўхшатганлар. Имом Молик “Муватто” китобида Ато ибн Ясордан ривоят қилади, айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда эканлар, соч-соқоли тўзғиган киши кириб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга сочини, соқолини ўнглашни буюриб, қўли билан ишора қилдилар. У соч-соқолини ўнглаб, қайтиб келди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шайтонга ўхшаб сочи тўзғиган ҳолда юришдан кўра мана бу ҳолат яхшироқ эмасми?!” дедилар.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочи ҳурпайган одамни шайтонта ўхшатишлари, Ислом дини чиройли кўринишга, гўзал суратга нақадар қаттиқ эътибор бериши, хунук кўринишни, густоҳликни ёмон кўришидан далолатдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсоннинг ҳайъатидаги гўзалликка доимо эътибор берганлар. Бирорта кўриниши хунук, сочига беэътибор одамни кўрсалар, унинг бу ишини ёмон кўрар эдилар.
Имом Аҳмад Насоий Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни зиёрат қилиш учун келдилар. Сочи тўзғиган одамни кўриб: “Мана бу одам бошини, сочини тўғрилайдиган нарса топа олмабдими?” дедилар”.
Муҳаммад Али Ҳошимийнинг
"Мусулмон ахлоқи" китобидан