Ҳадислардан бирида айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага кўчиб келгач, иудаизм тарафдорлари ҳам шу куни рўза тутишларини кўрган эканлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу рўзанинг сабаби билан қизиққанларида, яҳудийлар шу куни Мусо ва Исроил халқи Миср фиръавни қўшинларидан қутулиб қолганликларини айтиб берадилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу анъанани маъқуллаб, мусулмонлар Мусо таълимотига яҳудийлардан ҳам яқинроқ эканлигини айтадилар. Шу кундан бошлаб, рўзанинг яҳудийлар рўзаси билан мос тушмаслиги учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга Ашурага қўшимча равишда ундан олдинги ёки кейинги кун, ёхуд умуман уч кун рўза тутишни тавсия қилдилар. Шунингдек, Муҳаррам ойи Рамазондан кейин рўза учун энг яхши ой ҳисобланишини айтдилар.