loader
Foto

Исроил ҳужумларида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 23 мингдан ошди

Ғазо секторида 7 октябрдан бери давом этаётган Исроил ҳужумларида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 23 минг 469 нафарга, ярадорлар сони эса 59 минг 604 нафарга етди.



Исроил армиясининг охирги бир суткада содир қилган ҳужумларида яна 112 нафар фаластинлик ҳаётдан кўз юмди.

Фаластин расмий агентлиги WАФА хабарига кўра, Исроил қўшини Ғазо секторининг турли жойларида уйлар, кўчирилган фаластинликлар бошпана топган жойлар ва қочқинлар лагерларини бомбардимон қилишда давом этмоқда.

Фаластин Қизил Ярим Ой жамияти, Исроил ҳарбийлари Рафаҳ шаҳридаги бир уйни нишонга олиши ортидан ходимлар 9 кишининг жасадини олиб чиққанини билдирди.

Исроил жанговар самолётлари Рафаҳ шаҳрининг шарқидаги ал-Шавка ҳудудидаги бир уйни нишонга олиши оқибатида камида 9 киши ҳаётдан кўз юмди, кўплаб одам тан жароҳати олди.

Исроил Ғазо секторининг турли нуқталарини ҳаводан ва қуруқликдан узлуксиз бомбардимон қилишлари натижасида 30 нафар фаластинлик ҳаётдан кўз юмди.

Исроил самолётлари Хон Юнис марказига шиддатли ҳужумлар уюштирар экан, жасадлар ва ярадорларга етиб боришга ҳаракат қилаётган тез ёрдам ва қутқарув гуруҳларини ҳам нишонга олди.