loader
Foto

Таврот

Таврот ибрий (қадимий яҳудий) тилида юборилган. «Тора» — «қонун, шариат», деганидир.

Таврот ҳам Аллоҳнинг ҳидоят китоби бўлгани учун, унинг аслий нусхасида, аввало, Исроил авлодларини Аллоҳнинг борлиги ва бирлигига имон келтиришга, тавҳидга чақирилган, яҳудийларни одоб-ахлоққа, инсоний фазилатларни касб қилишга, пайғамбарларига итоат этишга ва Аллоҳга ибодат қилишга чақирилган. Қуръоннинг кўплаб оятларида Таврот оятларидан жумлалар иқтибос қилинганки, бу оятларнинг мазмунини Қуръоннинг бошқа оятлари билан таққосланганда яҳудийларга ҳам мусулмонларга буюрилган амаллар ва ибодатлар буюрилганлигининг шоҳиди бўламиз. «Ал-Аъло» сурасида шундай дейилган:

«Нажот топувчи одам, ҳақиқатан (куфру-исёндан) пок бўлур ва Парвардигорининг номини ёд этиб, намоз ўқир. Ҳа, сизлар (эй, кофирлар) дунё ҳаётини устун қўюрсизлар. Ҳолбуки, охират яхшироқ ва боқийроқдир. Дарвоқе, бу (насиҳатлар) аввалги (пайғамбарларга нозил бўлган) саҳифаларда — Иброҳим ва Мусо саҳифаларида (ҳам) бордир». (Аъло, 14-19)

Тариҳдан маълумки, Бобил подшоҳи Бухтуннаср (мелоддан олдин 605-562 йилларда яшаган) ҳукмронлиги даврида Исроил авлодларининг муқаддас диний маркази бўлган Еврушалим (Қуддус шаҳри) вайрон этилиб, яҳудийлар асир олинган ва барча диний китоблар ёқиб юборилган, йўқ қилинган. Тавротнинг асл нусхаси ҳам ўша пайтда йўқолган. Уни ёд олган оз сонли тавротхонлар оламдан кўз юмганлар. Тавротни ёд олган биргина Узайр алайҳиссалом юз йилдан кўпроқ вақт ўтгандан сўнггина уни қайта ёзиб, китоб ҳолатига келтирганлар. Аллоҳ ўзининг қудратини намоён қилиш учун Узайр алайҳиссаломни узоқ муддат — юз йил ухлатиб, қайта ўзларига келтирди ва бу муддатда йўқолиб кетган Тавротни Узайрнинг қўллари билан асл ҳолатига келтириб ёздирди.

«Яҳудий қомуси»да бундай дейилади: «Улар унутилиб кетган эди, аммо Азро уларни қайта тиклади».

Иқтибослардан кўриниб турибдики, Тавротнинг умумий матни, Узайр алайҳиссалом нусхаларидан қатъи назар, Аллоҳ таоло дастлаб нозил қилган пайтдагидек соф, мусаффо ҳолда сақланган эмас.

Демак, Исо алайҳиссаломдан қарийб 450 йил аввал яшаган Узайр алайҳиссалом даврларида Таврот ва бошқа китоблар аралаш-қуралаш бўлиб кетган. Ўша пайтдаёқ бу китобларнинг бирорта ишончли нусхаси йўқ эди.

Тавротнинг одамлар қўли билан ўзгартирилгани, баъзи ҳукмлар олиб ташлангани, кераксиз нарсалар қўшиб юборилгани ҳақида Аллоҳ шундай хабар беради:

«Ваҳолонки, улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитиб, англаб олганларидан сўнг, била туриб, уни ўзгартирар эдилар».

(Бақара, 75)

Қатода розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Мусо алайҳиссалом дедилар: «Раббим, менга нозил қилган китобингда «умматларнинг энг яхшиси» ҳақида хабар топдим. Улар одамларни яхшиликка буюрар, ёмонликдан қайтарар эканлар. Ўшаларни менинг умматим қилгин!» Аллоҳтаоло деди: «Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидир».

Мусо алайҳиссалом дедилар: «Раббим, китобда мен бир уммат ҳақида хабар топдимки, улар охир замонда яратиладилар, аммо жаннатга биринчи кирадилар. Ўшаларни менинг умматим қилгин!» Аллоҳдеди: «Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидир».

Мусо алайҳиссалом дедилар: «Раббим мен китобда бир умматнинг хабарини топдимки, улар сенинг муқаддас китобингни ёддан ўқир эканлар. Улардан аввалги қавмлар китобларини қараб ўқир эканлар, китоб кўтарилиб кетгандан кейин эса уни ёддан ўқувчилар топилмагани учун аҳкомлардан бехабар қолар эканлар. Мазкур умматга эса аввалгиларга берилмаган «ҳифз» неъматини ато этганинг учун, улар орасидан аҳкомлар йўқолмас экан. Ўшаларни менинг умматим қилгин!» Аллоҳ деди: «Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидир».

Мусо алайҳиссалом дедилар: «Раббим, китобда бир умматнинг хабарини топдимки, улар сенинг ҳузурингдан нозил қилинган биринчи китобга ҳам, охирги китобга ҳам, яъни барча муқаддас китобларга имон келтирар эканлар, залолатга қарши жиҳод қилар эканлар, ҳаттоки «ғилай каззоб» (Дажжол)га ҳам қарши курашар эканлар. Ўшаларни менинг умматим қилгин!» Аллоҳ деди: «Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидир».

Мусо алайҳиссалом дедилар: «Раббим, мен китобда бир умматни топдимки, уларнинг бири садақа қилса, иккинчиси бу садақани ер ва садақа қилувчига эса ажр ёзилар экан. Аввалги умматларнинг садақасини Аллоҳ даргоҳида қабул қилса, осмондан олов тушиб, садақани еб кетар, агар қабул қилмаса, осмондан олов тушмас ва садақани қурт-қумурсқалар, ваҳший ҳайвонлар ер эди. Мазкур умматнинг садақалари бойларидан олиниб, камбағалларига берилар экан. Ўшаларни менинг умматим қилгин». Аллоҳ деди: «Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидир».

Мусо алайҳиссалом дедилар: «Раббим, китобда мен бир уммат-нинг хабарини топдимки, улардан бири яхшиликни ният қилса, аммо амалга оширмаса, унга бир савоб, агар амалга оширса, унга ўнтадан етти юзтагача савоб ёзилар экан. Ўшаларни менинг умматим қилгин!» Аллоҳдеди: «Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам-нинг умматларидир».

Мусо алайҳиссалом дедилар: «Раббим, китобда мен бир уммат-нинг хабарини топдимки, улар шафоат қилар ва шафоатлари қабул қилинар экан. Ўшаларни менинг умматим қилгин!» Аллоҳ деди: «Улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидир».

Қатода айтади: «Менга ривоят қилишларича, Мусо алайҳиссалом китобдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари ҳақидаги яна кўплаб марҳаматларни кўриб, ҳавас қилиб: «Раббим, ўшаларни менинг умматим қилгин!», деб муножот қилдилар».((Ибн Касир. Қисасул-анбиё.-Қоҳира: 284-6).)

Мусо алайҳиссаломнинг Парвардигорга қилган муножотлари борасида кўплаб китоблар ва тафсирларда турли ривоятлар келганки, уларнинг ростлигига ҳеч қандай далил ва асос йўқлиги сабабли эътибордан четда қолиб кетган. Аммо қуйида биз келтирадиган ривоятлар эса оят ва ҳадислар билан ўз исботини топган.

Муғийра ибн Шўъба минбарда туриб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят келтиради:

«Мусо алайҳиссалом Парвардигордан: «Аҳли жаннатларнинг энг паст даражаси қандай бўлади?», деб сўрадилар. Аллоҳ таоло шундай жавоб берди: «Барча аҳли жаннатлар жаннатга кириб, ўз мақомларига эга бўлганларидан кейин, бир жаннатини олиб келина-ди ва унга: «Жаннатга кир!» деб амр этилади. Жаннати одам: «Мен қаерга кираман, аввал кирганлар жаннатнинг ҳамма жойларини эгаллаб олибдиларку?!», дейди. Аллоҳтаоло ундан: «Сенга жаннатдан Ердаги подшоҳлар эгаллаган мулкчалик мулк берсам, етадими?», деб сўрайди. Жаннати рози бўлгач, Аллоҳ таоло унга: «Сен рози бўлган мулкдан икки баробарини сенга бердим!», дейди. Жаннати одам розилик билдиргач, Аллоҳунга яна: «Бундан ташқари кўнглинг нимани тусаса, кўзинг нимадан қувонса, ўша нарсалар ҳам сенга!», дейди.

Мусо алайҳиссалом Аллоҳ таолодан: «Ахди жаннатларнинг энг афзали қандай бўлади?», деб сўрадилар. Аллоҳ таоло Мусога: «Уларнинг боғларини мен ўз қўлим билан яратганман, уларга бериладиган неъматнинг қиёси йўқ, дунёда у ҳақда бирор қулоқ эшитмаган, бирор кишининг тасаввурига тушмаган, бирор кўз уни кўрмаган», деди.((Термизий. Сунан. 3198-ҳ. Саҳиҳи Муслим, 312-ҳ Мазкур ҳадис Ибн Ҳаббоннинг «Саҳиҳи»да ҳам келтирилган. Ибн Касир. Қисасул-анбиё. Қоҳира: Дорул манор, 287-6).)

Бу маъно Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримасида баён этилади:

«Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас». (Сажда, 17)

Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мусо алайҳиссалом муножот пайтида Раббиларидан етти нарсани сўрадилар. Уларнинг олтитаси ўзлари учун эди, еттинчисини эса Мусо алайҳиссалом яхши кўрмас эдилар.

Мусо дедилар: — Раббим, қайси банданг тақволироқдир?

Аллоҳ таоло деди: - Мени доим эслаб юрадиган ва унутмайдиган бандам.

Мусо дедилар: — Қайси банданг энг тўғри йўлда?

Аллоҳ деди: — Ҳидоятга эргашгани.

Мусо дедилар: — Қайси бандангнинг ҳукми ўткирроқ?

Аллоҳ деди: — Одамларга худди ўзига ҳукм қилаётгандек ҳукм қилгани.

Мусо дедилар: — Қайси банданг билувчироқ?

Аллоҳ деди: — Илмга тўймайдиган ва одамларнинг илмини ўз илми билан жамлайдигани.

Мусо дедилар: — Қайси банданг азизроқ?

Аллоҳ деди: — Қодир бўла туриб кечиргани.

Мусо дедилар: — Қайси банданг бойроқ?

Аллоҳ деди: — Берилганига шукр қилгани.

Мусо дедилар: — Қайси банданг фақирроқ?

Аллоҳ деди: — Нуқсон соҳиби ».

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Исроил авлодлари Мусо алайҳиссаломдан: «Раббингиз ухлайдими?», деб сўраган эдилар. Мусо алайҳиссалом уларни: «Бундай дейишга Аллоҳдан қўрқинглар!», деб уларни қайтарган эдилар. Муножот пайтида Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ деди: «Эй Мусо, қавмингиз сиздан: «Аллоҳ ҳам ухлайдими?» деб сўраган эдилар. Сиз қўлингизга икки ойнани олиб, кечаси тик туринг!», деб амр этди. Мусо алайҳиссаломни кечанинг учдан бир қисми ўтганда мудроқ босди ва қўлларидаги ойналар тиззаларига тушди. Мусо алайҳиссалом дарҳол ҳушёр тортиб, ойналарни маҳкам ушладилар. Тонг отишга келганда қаттиқ уйқу элтди ва қўлларидан ойналар тушиб кетиб чил-чил синди. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга хитоб қилиб: «Эй, Мусо, агар мен ухласам Ер ва осмонлар шундай ҳалокатга учрайди», деди.((Ибн Абу Ҳотам. Тафсирул Қуръон. Оят ал-Курси тафсирида).)

Мусо алайҳиссалом қавмларига Тавротни келтирганларидан кейин, ундаги аҳкомларга амал қилишни буюрдилар. Исроил авлодлари Мусо алайҳиссаломга эътироз билдиришиб: «Тавротдаги барча ҳукмларни бизга шарҳтаб тушунтириб беринг, агар бизга маъқул келса, биз уларни қабул этамиз ва амал қиламиз», дедилар. Мусо алайҳиссалом уларга бир неча марта мурожаат қилсалар ҳам, улар ўз сўзларидан қайтмадилар. Аллоҳ таоло фаришталарга буюрди ва улар катта тоғни кўтаришиб Мусо алайҳиссаломнинг қавмлари устига келишди. Тоғ қавм устида қора булутдек соя солиб турди. Фаришталар қавмга хитоб қилиб: «Агар Тавротда бор ҳукмларни тўлалигича қабул қилмасаларингиз, бошларингизга мана шу тоғни ташлаб юборамиз», дейишди. Қавм Тавротни қабул қилдилар, сажда қилишга буюрилган эдилар, тоғнинг бошларига тушиб кетишидан хавф қилишиб, бир юзларини ерга қўйиб, иккинчисини осмонга қилиб, кўзларининг қири билан тоғни кузатган ҳолда сажда қилдилар.

Улар доим айтиб юрадиларки, бизлар учун энг улуғ сажда бошимиздан Аллоҳнинг азоби кўтарилган кундаги саждадир.

Уламолардан Абу Бакр ибн Абдуллоҳ айтадилар: «Аллоҳнинг фаришталари тоғни кўтариб, Исроил авлодлари қавмига таҳдид қилиб, кейин азоб кўтарилганда, Ер юзидаги жамики тоғлар, тошлар ва дарахтлар силкиниб кетдилар. Яҳудийларнинг бирортаси ҳузурида Таврот тиловат қилинса, дарҳол уни қалтироқбосиши ва бошини кўтариб осмонга қараши ана шу даҳшатли кундан одат бўлиб қолган».((Ибн Касир. Қисасул-анбиё. Қоҳира: Дорул манор, 290-6).)

Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг

"Пайғамбарлар тарихи исломият тариҳидир" китобидан