НАТО ҳарбий қўмитаси раҳбари Роб Бауэрнинг айтишича, альянс кучлари яқин йигирма йил ичида Россия билан кенг кўламли урушга тайёргарлик кўрмоқда. У Натога аъзо давлатлар ҳукумати ва уларнинг тинч аҳолисини можаро ва эҳтимолий ҳарбий хизматга тайёрланишга чақирди.
"Шуни тушунишимиз керакки, бизнинг мавжудлигимиз ўз-ўзидан аниқ эмас. Шунинг учун биз Россия билан зиддиятга тайёрланишимиз керак. Бунга ҳар жиҳатдан тайёр бўлишимиз керак. Уруш содир бўладими ёки йўқми, бундан қатъи назар, бизга кўпроқ одамларни тайёрлаш имконини берадиган тизимни тайёрлашимиз керак", — деди жаноб Бауэр (The Telegraph иқтибоси).
Ҳарбий қўмита раҳбарининг таъкидлашича, Натога аъзо барча давлатлар ҳарбий тўқнашув юзага келган тақдирда тезда қурол ва ўқ-дориларни ишлаб чиқаришга қодир бўлган саноат тармоғини тайёрлаши зарур.
Келгуси ҳафта НАТО сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик «Steadfast Defender 2024» машғулотларини бошлайди. Машғулотлар Германия, Польша ва Болтиқбўйи мамлакатларида бўлиб ўтади. Уларда жами 90 мингга яқин ҳарбий хизматчилар қатнашади. Роб Бауэрнинг сўзларига кўра, Steadfast Defender машғулотлари Натонинг шарқий қанотида Россиянинг эҳтимолий босқинини такрорлашдан иборат.
18 январ куни Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров қурол назорати масаласида АҚШ билан ҳамкорлик ҳақида гапирди. Унинг тушунтиришича, Россия мулоқотни давом эттиришдан бош тортди, чунки у АҚШ таклифларини ҳозирги геосиёсий шароитда номақбул деб ҳисоблайди.