loader
Foto

Нима учун Туркиядан депортация қилишлари мумкин? Ҳар бир чет эллик резидент ушбу қоидаларни билиши керак

Ҳар бир давлат маҳаллий қонунларни бузган чет элликларни депортация қилиш ҳуқуқига эга ва Туркия ҳам бундан мустасно эмас! Ушбу мақолада сиз бунинг асосий сабабларини билиб оласиз.

Чет элликлар ва халқаро ҳимоя тўғрисидаги қонунда чет эл фуқаролари ўз мамлакатларига тўғридан-тўғри, бошқа давлат орқали транзитда ёки учинчи давлатга депортация қилиниши мумкинлиги айтилган.

Чет эллик миллий хавфсизликка, жамоат тартиби ёки соғлиқни сақлашга таҳдид туғдирган ҳолларда депортация амалга оширилади. Бундан ташқари, мамлакатга кириш, Туркияда яшаш ва ишлаш билан боғлиқ қоидаларнинг бузилиши депортация учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Қуйидаги ҳолларда чет элликлар Туркиядан депортация қилиниши мумкин:

•  чет эл фуқароси жиноят содир этган ва Туркия жиноят кодексига мувофиқ жазо олган. Жазо муддати тугагандан сўнг давлат уни дарҳол депортация қилиши мумкин.

•  чет эл фуқаросининг террористик ва жиноий гуруҳлар ва тақиқланган ташкилотлар билан алоқаси аниқланган.

•  чет эл фуқароси Туркияга киришда ёки яшаш гувономаси олишда қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган.

•  чет эл фуқароси ноқонуний даромадга эга ёки рухсатномасиз ишлайди.

•  чет эл фуқароси жамоат тартиби, хавфсизлик ёки соғлиқни сақлашга таҳдид туғдиради.

•  чет эл фуқароси визанинг амал қилиш муддати ёки визасиз бўлиб туриш муддати тугагандан кейин Туркияда 10 кундан ортиқ бўлган ҳоллар.

•  чет эл фуқароси кириш тақиқланганига қарамай Туркияга келган ҳоллар.

Чет эл фуқароси томонидан содир этилган жиноят қанчалик жиддийлигига қараб, давлат киришни тақиқлаш муддатини белгилайди, бу бир ойдан 5 йилгача бўлиши мумкин. Чет эл фуқароси депортация қилинганидан кейин Туркияга фақат виза ва жиддий сабаблар билан келиши мумкин. Агар сиз виза ёки яшаш учун рухсатномангиз муддатидан ошиб кетган бўлсангиз, аэропортда жарима тўлашга мажбур бўлишингиз мумкин ва буни сизга қатъий тавсия қиламиз.

Агар жаримани тўлаган бўлсангиз, кириш тақиқланган муддатлар анча юмшатилади:

уч ойгача кечикиш: жарима тўланган ҳолатда киришни тақиқлаш йўқ.

3 ойдан 6 ойгача кечикиш: жарима тўлангандан кейин 1 ойга киришни тақиқлаш.

6 ойдан 1 йилгача кечикиш: жарима тўлангандан кейин 3 ойга киришни тақиқлаш.

1 йилдан 2 йилгача кечикиш: жарима тўлангандан кейин 1 йил муддатга киришни тақиқлаш.

2 йилдан 3 йилгача кечикиш: жарима тўлангандан кейин 2 йил муддатга киришни тақиқлаш.

3 йилдан ортиқ: жарима тўлангандан кейин 5 йилга кириш тақиқланади.

Абу Муслим