Араб давлатлари лигаси БМТ Хавфсизлик Кенгашидан Исроил ҳужумларини тўхтатиш учун мажбурий қарор қабул қилишга чақирди
Араб давлатлари лигаси (АДЛ) Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашига Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳужумларини тўхтатиш бўйича мажбурий қарор қабул қилиш талаби билан мурожаат қилди, деб хабар беради Anadolu Agency.
Араб давлатлари лигаси Фаластиннинг чақириғи билан доимий вакиллари даражасида фавқулодда йиғилиш ўтказди. Марокаш раислигидаги йиғилиш Араб Лигасининг Қоҳирадаги қароргоҳида бўлиб ўтди.
Араб Лигаси БМТ Хавфсизлик Кенгашидан халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлаш бўйича ўз масъулиятини бажаришини ва Исроилнинг Фаластин халқига қарши мунтазам ва кенг кўламли жиноятларини тўхтатиш учун мажбурий қарор қабул қилишни талаб қилди”, дейилади Араб Лигаси йиғилиш якунлари бўйича эълон қилинган баёнотда.
Араб Лигаси АҚШ ва БМТ Хавфсизлик Кенгашида икки томонлама стандартларни қўллаётган ва Исроил агрессиясини қўллаб-қувватлаётган давлатларни халқаро ҳуқуққа мувофиқ позицияни эгаллашга ва Ғазо секторида тўлиқ ва барқарор ўт очишни тўхтатишга чақирди.
Бундан ташқари, БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатларни Исроилни Фаластин халқига қарши ҳужумларни тўхтатишга, Ғазо секторидан чиқиб кетишга, эксклав блокадасини олиб ташлашга чақирилди.
Араб Лигаси, шунингдек, Исроилнинг босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги жиноятларининг кучайиб бораётганини, жумладан, Фаластин қочқинлар лагерлари ва инфратузилмаларини мунтазам равишда йўқ қилишини ҳамда Исроилнинг Ал-Ақса масжидини 100 кундан ортиқ қамал қилишини қоралади.
Шунингдек, Жанубий Африканинг Исроилга қарши Халқаро судда (ХC) қўзғатган геноцид ишидан мамнунлигини билдирди ва Исроилнинг жазодан қутулиб қолмаслигини таъминлаш учун унга қарши кўпроқ иш қўзғатилишига чақирди.
Араб Лигаси халқаро судларни ҳеч қандай сиёсий ғоялар таъсирига тушмасдан, даъво ва шикоятларни имкон қадар тезроқ текшириш ва қарор қабул қилишга чақирди. Фаластиннинг Араб Лигасидаги доимий вакили, элчи Муҳеннед ал-Ақлуқ 17 январь куни Рамаллаҳ Араб Лигасини Исроил ҳужумлари юзасидан фавқулодда йиғилиш ўтказишга чақирганини айтди.