Исроил Бош вазирининг сўзларига кўра, Ғазо секторида давом этаётган жанглар натижаси Исроил учун “мутлақ ғалаба” бўлиши керак.
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху ҲАМАС қўлида ушлаб турилган маҳбусларни озод қилиш эвазига Ғазодан аскарларини олиб чиқишни ўз ичига олган келишувни қабул қилмаслигини маълум қилди.
“Мен ҳар хил келишувлар ҳақидаги баёнотларни эшитяпман, шунинг учун буни аниқ айтмоқчиманки, биз бу урушни барча мақсадларимизга эришмагунимизча тўхтатмаймиз. Яъни ҲАМАСни йўқ қилиш, барча гаровга олинганларимизни қайтариш ва Ғазо эндиликда Исроилга таҳдид солмаслигини таъминлашдир. Биз қўшинни Ғазо секторидан олиб чиқмаймиз ва минглаб террорчиларни озод қилмаймиз. Буларнинг ҳеч бири бўлмайди. Лекин нима бўлади? Тўлиқ ғалаба бўлади”, дейди Нетаняху.
Исроил Бош вазирининг сўзларига кўра, Ғазо секторида давом этаётган жанглар натижаси Исроил учун “мутлақ ғалаба” бўлиши керак.
“Бизга мутлақ ғалаба керак. Бундан ками эмас. Мен бунга содиқман, бизнинг жангчиларимиз ва халқимизнинг мутлақ кўпчилиги бунга содиқ. Биз мутлақ ғалабадан ками билан кифояланмаймиз”, дейди Нетаняху.
Қайд этилишича, 28 январ куни Франция пойтахти Парижда АҚШ, Миср ва Қатар воситачилигида Ҳамас ва Исроил ўртасида янги маҳбуслар алмашинуви ва ўт очишни тўхтатиш масаласи муҳокама қилинган эди.
Миср разведкаси ҲАМАСга Миср, Исроил, АҚШ разведка хизматлари раҳбарлари ва Қатар Бош вазирининг Париждаги йиғилишида эришилган гаровдагиларни озод қилиш бўйича дастлабки таклифни етказганди.
Исроил бош вазирлигининг хабар беришича, учрашув “конструктив” ўтган, бироқ томонлар ўртасида ҳали ҳам жиддий келишмовчиликлар мавжуд.
Музокарачилар умумий маънода консенсусга эришган бўлса-да, келишувнинг аниқ тафсилотлари бўйича келишиб олиш, катта эҳтимол билан, осон бўлмайди.
Дастлабки шартларга кўра, гаровга олинганларни қайтаришнинг биринчи босқичи жанговар ҳаракатлар олиб боришда олти ҳафталик танаффусни назарда тутади.
Шу билан бирга, ҲАМАС қўл остидаги ҳар бир фуқаро Исроил қамоқхоналарида сақланаётган уч нафар фаластинлик билан алмаштирилади. Бу нисбат Исроил армияси ходимларини алмашиш учун оширилиши мумкин ва олти ҳафталик сулҳдан кейин узоқроқ пауза бўлиши мумкин.