loader
Foto

Греция парламенти бир жинсли никоҳни қонунийлаштирди

Греция парламенти бир жинсли никоҳни қонунийлаштирувчи қонунни қабул қилди ва бундай жуфтликларга фарзанд асраб олишга ҳам рухсат берди. Овоз беришда 300 нафар депутатдан 254 нафари иштирок этди. Қонунни 176 депутат қўллаб-қувватлади, 76 нафари қарши чиқди, икки нафари бетараф қолди. Греция бир жинсли никоҳни қонунийлаштирган биринчи православ давлатга айланди.

Греция Бош вазири Кириакос Митсотакис баҳс давомида бу ташаббус бошқа одамларни ҳуқуқларидан маҳрум қилмасдан, мамлакат фуқароларининг ҳаётини яхшилашини айтди. Унинг аниқлик киритишича, ислоҳот биринчи навбатда фарзандли бўлган жуфтликларга тааллуқлидир. Жаноб Митсотакиснинг қўшимча қилишича, қонун “ота” ва “она” тушунчаларини “ота-она 1” ва “ота-она 2” билан алмаштиришни назарда тутмайди.

“Ҳозирча бир жинсли жуфтликларнинг иккала ота-онаси ҳам қонуний равишда фарзандларини мактабдан олиб кетиш, улар билан бирга саёҳат қилиш ёки касалхонага ҳамроҳлик қилиш имкониятига эга эмас. Биз бу бўшлиқни ҳар кимга, агар хоҳласа, ўз муносабатларини ҳетеросексуал жуфтликлар сингари шаҳар мериясидаги маросим билан расмийлаштиришга рухсат бериш орқали ёпмоқдамиз”, — дея тушунтирди бош вазир (ТАССдан иқтибос).

2015 йил декабр ойида Греция парламенти мамлакат фуқароларига бир жинсли фуқаролик бирлашмаларига киришга рухсат берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. Ушбу қонун бир жинсли бирлашмаларда мулк ва мерос билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш имконини берди, лекин у бундай жуфтликлар томонидан болаларни асраб олиш масаласини ҳал қилмади. Юнон православ черковининг Муқаддас Синоди бир жинсли эр-хотинларнинг никоҳига ва уларнинг фарзанд асраб олишига қарши чиқди.