Қозоғистон парламенти Мажилиси педофиллар ва бола ўлдирганларга фақат умрбод қамоқ жазоси беришни назарда тутувчи ўзгартиришларни биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар берди.
Гап президент Қосим-Жўмарт Тўқаев топшириғига биноан ишлаб чиқилган “Аёллар ҳуқуқлари ва болалар хавфсизлигини таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳақида кетмоқда. Ўзгартиришлар қийноқ, 18 ёшга тўлмаган ёки ночор аҳволда бўлган шахсларнинг соғлиғига оғир ва ўртача оғирликдаги зарар етказганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутади. Вояга етмаганларни ўлдириш ёки педофилия учун фақат умрбод қамоқ жазоси қўлланади.
Болаларга қарши жиноят содир этганлар суд қарори билан тиббий ташкилотларга психологик ёрдам олиш учун юборилиши мумкин. Бундан ташқари, улар назоратга олинади. Шунингдек, жиноятчиларнинг хулқ-атворига алоҳида талабларни белгиловчи қоидалар ҳам жорий этилиши мумкин. Ҳуқуқ-тартибот идоралари оммавий ахборот воситаларидаги зўравонлик ҳақидаги хабарларга жавоб бериш ваколатига эга.
Ўз жонига қасд қилишга ундаш 5 йилдан 9 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади. Бундан ташқари, суицидни тарғиб қилганлик, вояга етмаган шахсга нисбатан буллинг ва кибербуллинг учун жарима белгиланмоқда.