НАТО бош котиби Енс Столтенберг НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳида Грузиянинг янги бош вазири Ираклий Кобахидзе билан учрашди.
Учрашувда Грузия ва НАТО ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди.
Столтенберг суҳбат чоғида Грузиянинг НАТО ва Европа Иттифоқи таркибига киришини қўллаб-қувватлашини билдирди.
У шунингдек, НАТО шериги Грузиянинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини ва Россия томонидан босиб олинган ҳудудларда аннексия қарорининг қабул қилиниши мумкин эмаслигини таъкидлади.
“Биз Грузиянинг Евро-Атлантика оиласига тўлақонли аъзо бўлиши ва яна ҳам мустаҳкам демократия ва фаровонлик сари интилаётганини кўришни хоҳлаймиз”, - деди Столтенберг.
Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе ўз навбатида, лавозимга тайинланиши билан биринчи хорижий ташрифи Брюссел, Европа Иттифоқи ва НАТОга бўлганини ва бу унинг ўз мамлакатини "Европа оиласи"нинг бир қисмига айлантириш истагини акс эттирганини тилга олди.
Грузия ўтган йиллар давомида НАТО бошчилигидаги миссия ва амалиётларда иштирок этганини таъкидлаган Кобахидзе, бунинг НАТО билан мудофаа салоҳиятини уйғунлаштиришга ҳисса қўшганини айтди.
Грузия ҳудудининг 20 фоизи ишғол остида эканини таъкидлаган Кобахидзе, НАТО ва иттифоқчиларни Грузияни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ қўллаб-қувватлашга чақирди.
Грузия Бош вазири кеча Еврокенгаш раиси Чарлз Мишел, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеп Боррел ва Европа Иттифоқи комиссиясининг қўшничилик ва кенгайиш бўйича масъул аъзоси Оливер Вархели билан учрашди.
Грузия декабр ойида Европа Иттифоқига номзод давлат мақомини олганди.