Бу ғазот Оллоҳнинг Китоби у ҳақда сўзлагани ва алоҳида эътибор қаратганини ҳисоби билан бошқа ғазотлар етмаган мавқега эга бўлди. Сиз Тавба сурасида Оллоҳ Йўлида жон билан ҳам, мол билан ҳам курашишнинг аҳамиятини ва бу нарса мусулмоннинг Исломи чинлигига ягона далолат қилувчи ҳамда у мусулмонлар билан мунофиқларнинг орасини ажратиб турувчи нарса эканини баён қилган оятларни, балки саҳифаларни ўқишингиз мумкин. Шунингдек, у оятларда мунофиқлар ва уларнинг хуфёна, маразли ғаразлари ҳам фош қилинган.
У оятлардан олинадиган дарс ҳамма асрда ҳам мунофиқликнинг ҳамда мунофиқларнинг мусулмонларга бўлган хатари катталигини баён қилиш ва мусулмонлик шундай даъвоки, уни мол ёки жон билан ғазот қилиш орқали, машаққатларга кўндаланг бўлиш орқали тасдиқлаш лозимлигини баён қилишдир. Табук ғазоти ана шу Қуръоний дарснинг татбиқи бўлди. Яъни, унда мусулмонлар буюк Илоҳий синовдан ўтдилар. Бу синов Мадинада яшириниб юрган нифоқ чимматини очди ва чин мусулмонлардан мунофиқларни ажратиб берди. Сўнг Оллоҳ таолонинг Китобида мунофиқларнинг кирдикорларини, сиру асрорларини ошкор қилувчи ҳамда мусулмонлар улардан ҳар замон ва маконда эҳтиёт бўлишларига чақирувчи оятлар пайдар-пай нозил бўла бошлади:
"(Жиҳодга чиқишдан) қолган (қочган мунофиқлар) Оллоҳнинг Пайғамбарига хилоф қилиб қолганларидан хурсанд бўлдилар ва молу жонлари билан Оллоҳ Иўлида жиҳод қилишни ёмон кўрдилар ҳамда (бир-бирларига): "Бу иссиқда урушга чиқманглар", дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом), айтинг: "Агар улар англай олсалар жаҳаннам оташи янада иссиқроқдир". Бас, ўзларининг касб қилган нарсалари (яъни, кофирликни танлаганлари) жазосига улар (бу дунёда) озгина кулсинлар, (сўнгра Охиратда) кўп — абадий йигласинлар! Энди агар Оллоҳ Сизни ("Табук" жангидан сўнг) улардан бирон тоифага қайтариб, (рўбарў қилса) бас, улар Сиздан (бундан буён бўладиган ғазотларга) чиқиш учун изн сўрасалар, айтингки: "Мен билан ҳаргиз чиқмайсизлар ва мен билан бирга бирон душманга қарши жанг ҳам қилмайсизлар. Чунки сизлар аввал-бошда чиқмай ўтиришга рози бўлдингиз, бас, яна қолгувчи кимсалар билан бирга ўтираверинглар" (Тавба сураси, 81-83-оятлар).
Рамазон Бутийнинг
"Фиқҳус-сийра - Сийратни англаш" китобидан
Зиёуддин Мансур ҳафизаҳуллоҳ таржимаси