loader
Foto

Президент Эрдўған яна Францияни хижолатда қолдирди

Эрдўған: улар инсониятни ёлғон хабарлар билан шунчалик чалғитадики, инсоният уларни ёқимли ва яхши одамлар деб ўйлайди, лекин, албатта, бундай эмас. Жаноблар, бизнинг архивларимиз бизнинг кучимиз, олдимизда турган энг катта муаммолардан бири бу - арманлар масаласи, бугунги кунда бизни арман геноцидида айблаётганлар, агар биз уларнинг ўтмишига яхшилаб назар ташласак, ўша мамлакатларнинг тарихи узлуксиз геноцидлардан иборат эканлигини кўришимиз мумкин, бизнинг аждодларимиз бўлган Усмонлиларга эса туҳмат қилиб, сохта геноцидда айблайди, ваҳоланки улар ҳар доим халқларнинг қалбини забт этганлар, Усмонлилар ҳеч қачон халқларга зулм қилмаганлар, бу қотиллар ва золимлардан фарқли ўлароқ, улар халқларни ўз адолати билан забт этган. Бугунги кунда Ғарб эришган мутлақ ҳокимият буюк ғоянинг натижаси эмас, шунингдек, улар буюк қадриятларнинг эгалари эканликларининг ҳам натижаси эмас, улар ҳар доим шахсий ютуқларни инсоний қадриятлардан устун қўйганлиги ҳисобига ҳозирги мавқеига эришган, улар ҳокимият ва бойлик учун инсоният ва табиатга қарши шафқатсиз уруш очганлар. Сўнгги бир неча асрлар давомида юз берган барча урушлар ва тартибсизликларда айбдор бўлганлар бугунги кунда инсон ҳуқуқлари ва демократия ниқоби остида яширинмоқда. Улар инсониятга қарши бу даҳшатли жиноятларни содир этишганида, биз улар ҳокимият ва бойликка бўлган очофат иштиёқлари қурбонлари бўлдик, ахир йўлда учраган ҳамма нарсани вайрон қилиб, бошқа халқларнинг бойликларини талон-тарож қилиб, шунча кўп салиб юришлари қилган биз эмас-ку? 50 миллиондан ортиқ қурбон бўлган африкаликлар, ҳиндлар ва аборигенларни ўлдирган ёки қул қилганлар биз эмас-ку?

70 миллиондан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган иккита жаҳон урушини биз бошладикми? Наҳотки биз, турклар ёки мусулмонлар, бутун дунёни мустамлака қилиб, халқларни ва уларнинг бойликларини  талаган  бўлсак? Тарих бизнинг ота-боболаримиз ҳеч қачон инсониятга зулм қилмаганлиги ва уни эксплуатация килиш билан шуғулланмаганлигининг гувоҳидир ва бизнинг архивларимиз буни тасдиқлайди. Бизни геноцидда айблаётганлар бундан атиги 80 йил олдин Европанинг марказида миллионлаб яҳудийларни қириб ташлаганди, ўйлашимча, уларнинг хотираси панд бериб, буни унутиб қўйган шекилли? Шунингдек, миллионлаб қрим-татарлар, месхети-турклари вагонларга ортилиб, муқаррар ўлим домига жўнатилгани ҳам ёдимизда, биз буни ҳам эсдан чиқармадик ва асло эсдан чиқармаймиз. Франция қандай қилиб атиги 25 йил олдин 800 мингдан ортиқ руандаликни уларнинг олмосларига эга чиқиш учун кимёвий қурол билан йўқ қилганлиги ҳам ёдимизда, тағин шу французлар бизга маданиятни ўргатишга журъат қилмоқда, айнан французлар миллионлаб жазоирликларни қасддан ўлдирган, архивларимизда бунинг ҳам далил-исботлари бор, агар биз ғарбнинг ҳарбий жиноятлари далилларига тўла архивларимизни очишни бошласак, улар шармандаликдан асло бошини кўтара олмай қолади. Афсуски, ёлғон хабарлар тарқатиш билан улар бутун дунёни лақиллатяпти ва инсоният уларни «оппоқ» ва яхши одамлар деб ўйлаяпти, бу эса катта хатодир.

Шу сабабли, ҳурматли жаноблар, инсониятга ҳақиқатни очиб бериш учун кўп ишлашимиз керак, бизнинг энг кучли далилларимиз бу – бизнинг архивларимиздир.

Бундан атиги йигирма йил муқаддам дунё Қорабоғда озарбайжонларга ва Босниядаги боснияликларга қарши ҳарбий жиноятларга гувоҳ бўлган, ана шу демократия тарафдорлари жимгина кузатиб туришган ва бундан ташқари, бу геноцидларни амалга оширишда яширинча ҳомийлик қилишган ва ёрдам беришган, бизда бу халқларнинг туркийлар, мусулмонлар эканлиги сабаблигина ўлдирилгани ҳақида далилларимиз бор. Бугунги кунда Ироқ ва Сурияда миллионлаб одамларни ким ўлдирганлиги ҳақида гапириш бефойда, қотиллар кимлигини ҳамма шундоқ ҳам билади, яна бир бор такрорлайман, ҳақиқий ҳарбий жиноятчилари, қотиллар, азоб-уқубатлар ва бетартиблик уруғларини сочганлар бугунги кунда демократия ва инсон ҳуқуқлари ҳақида энг баланд овозда гапираётганлардир. Биз, турк давлати, аждодларимиз сингари, ҳамон ўз приципларимизга содиқмиз ва мазлумлар билан бирга бўлишда давом этамиз, кучсизларни ҳимоя қиламиз ва мазлумларнинг кўз ёшларини артамиз, бу бизнинг маданиятимиздир. Ушбу тарихий ҳақиқатга қарамай, бугунги кунда қотиллар бизни арманларни геноцид қилиш афсонасида айбламоқда, бунга жавобан биз уларнинг қонли ўтмишини инсониятга очиб беришга мажбурмиз. Шу билан бирга, бу ёлғончилар арман бандитлари Қорабоғда болалар, аёллар ва қарияларни қандай қирғин қилганликларини эсламасликка ҳаракат қилмоқдалар, нега бу ҳақда жимсизлар?

Мен бутун инсониятга, менинг нутқимни тинглаётганларнинг барчасига мурожаат қиламан ва очиқ айтаман: "Биз турк давлати барча архивларимизни очдик, келинглар ва текширинглар, қайсидир халққа қарши геноцид қилганмиканмиз?"  Агар бу сизга етарли бўлмаса, бизни айблаётган давлатларнинг архивларини очишни сўрайман, бу бутун дунёга тааллуқли, мен барча мамлакатларга мурожаат қиламан, агар сизнинг архивларингизда бизнинг жиноятларимиз ҳақида далиллар бўлса, уларни бутун дунёга кўрсатинг! Келинг, халқаро комиссия тузайлик, у бизнинг ва сизнинг архивларимизни кўриб чиқсин ва натижа маълум бўлгандан кейин бутун дунёга эълон қиламиз, агар биз айбдор бўлсак, биз бунинг бадалини тўлашга тайёрмиз, лекин сиз буни ҳеч қачон қилмайсиз, чунки сиз ёлғон гапираётганингизни биласиз. Бизда ҳеч қандай сир йўқ, ҳаммаси очиқ, келинг ва текширинг, дунёда арманлар геноцидини тан олган биронта давлат шу пайтгача ўзининг архивидан ёки бизнинг архивимиздан бу ҳақида биронта ҳужжат тақдим этмаган. Биз бу давлатларнинг мақсади ҳақиқат эмаслигини, балки Туркияга босим ўтказиш воситаси мавжуд бўлиши эканлигини яхши биламиз.

Абу Муслим таржимаси