Таровеҳ намози Рамазон ойи кечаларида адо қилинувчи намозлардан бўлиб, у эркагу аёллар учун суннати муъаккада ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давридан то ҳозирга қадар уни салафлару халафлардан бизга шундай нақл қилганлар ("Фатовои Қозихон” китоби).
Таровеҳ намозининг неча ракат экани борасида фуқаҳолар ўртасида ихтилоф мавжуд бўлиб, жумҳур уламолар, Таровеҳ намози йигирма ракат, деб ҳисоблайдилар.
Ҳанафийлар, Шофеийлар ва Ҳанбалийлар мазҳабига кўра таровеҳ намози йигирма ракатдан иборат бўлиб, ҳар икки ракатда салом бериб ўқилади. Ҳар тўрт ракатда бир оз дам олинади. Охирида уч ракат витр билан намоз тугатилади.
Моликийларга кўра эса таровеҳ намози ўттиз олти ракатдан иборат. Улар буни қуйидагича изоҳлаганлар: Аслида таровеҳ намози Маккаи Мукаррамада йигирма ракат яъни беш тарвеҳа билан ҳар тарвеҳада тўрт ракатдан ўқилар эди. Макка аҳли ҳар икки тарвеҳадан кейин байтуллоҳни етти маротаба тавоф қилар эдилар. Тавофдан сўнг одатга кўра тавофнинг икки ракатини ўқир эдилар. Шунда Мадина аҳли ҳам мазкур фазилатда Макка аҳлига тенглашмоқчи бўлдилар. Шунинг учун улар Макка аҳлиниг ҳар бир тавофи ўрнига бир тарвеҳа яъни тўрт ракат қўшимча ўқидилар. Шу маънода улар тўрт тарвеҳа яъни ўн олти ракат қўшимча намоз ўқидилар. Бу эса йигирма ракатга қўшилганда ўттиз олти ракат бўлади. ("Шархи Мухтасари Халил” китоби, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал Хорший ал-Моликий)
Бирор мазҳабга мансуб бўлмаган яна бир тоифа борки, уларнинг тушунчасига кўра таровеҳ саккиз ракатдан иборат бўлиб, уч ракат витр намози билан қўшиб ҳисоблаганда ўн бир ракат, деб юритилади. Улар ўзларининг сўзларига Абу Салама ибн Абдурроҳман розияллоҳу анҳунинг қуйидаги ҳадисини далил қиладилар:
Абу Салама ибн Абдурроҳман розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳодан: "Пайғамбар алайҳиссаломнинг Рамазондаги намозлари қандай бўлган?” - деб сўраган. Оиша розияллоҳу анҳо: "У Зот Рамазонда ҳам бошқа ойларда ҳам ўн бир ракатга зиёда қилмас эдилар. (Аввал) тўрт ракат ўқир эдилар. Аммо уларни нақадар гўзал ва узоқ ўқишлари ҳақида сўрамай қўяқол. Ундан сўнг яна тўрт ракат ўқир эдилар. Уларни нақадар гўзал ва узоқ ўқишлари ҳақида сўрамай қўяқол. Сўнг уч ракат (витр) ўқир эдилар. Мен У Зотдан: "Эй, Аллоҳнинг Расули! Сиз витрдан олдин ухлайсизми!?” - деб сўрасам У Зот: "Эй, Оиша! Албатта, менинг кўзларим ухлайди, лекин қалбим ухламайди!" - деб жавоб бердилар” - дедилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Мазкур тоифанинг фикрига кўра, ушбу ҳадис Пайғамбар алайҳиссалом Рамазонда ҳам бошқа вақтларда ҳам доимо шундай қилганликларига далолат қилади.
Уламолар бунга раддия сифатида: бу Пайғамбар алайҳисаломнинг феълларига алоқадор ҳадисдир. Феъл эса вожибликни ифода қилмайди, деганлар.
Қуйида таровеҳ намозининг миқдорини йигирма ракат деб билган жумҳур уламоларнинг далилларини келтирамиз:
Имом Байҳақий "Маърифатус сунан вал Осор" китобида Соиб ибн Язиддан ривоят қилади: "Умар ибн Хаттобнинг замонида йигирма ракат қиёмул-лайл қилар эдик ва витр ўқир эдик. Мулло Али Қорий "Мирқот" китобида ва Камол ибнул Хумом "Фатҳул Қадир” китобида келтирганидек, Нававий раҳимаҳуллоҳ "Ал-Хулоса" китобида мазкур ҳадиснинг санади саҳиҳ деган.
Имом Молик раҳимаҳуллоҳ "Муватто" китобида Язийд ибн Румондан ривоят қилади: "Одамлар Умар ибн Хаттобнинг даврида (Рамазон кечаларида) йигирма уч ракат билан қоим бўлар эдилар. Яъни, витр билан. Ушбу ҳадиснинг санади қувватлидир. "Базлул Мажҳуд”китобида шунга ишора қилинган.
Ибн Абу Шайба Яҳё ибн Саъиддан ривоят қилади: "Албатта Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир кишига улар учун йигирма ракат намоз ўқиб беришни буюрди (Санади қувватли).
Ибн Абу Шайба Абдулазиз ибн Рафиъдан ривоят қи-лади: "Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу Мадинада Рамазонда одамларга йигирма ракат намоз ўқир эди ва уч ракат билан витр ўқир эди.” "Базлул мажҳуд” китобида айтилганидек, санади қувватлидир.
Муҳаммад ибн Наср Зайд ибн Ваҳбдан ривоят қилади: "Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Рамазон ойида бизга намоз ўқиб, ҳамон тун мавжудлигида уйига қайтар эди. Аъмаш айтишича ўшанда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу йигирма ракат (таровеҳ) ва уч ракат витр ўқир эди."
Бунга ўхшаш жуда кўплаб ҳадислар мавжуд. Уларнинг барчаси бир бўлиб, таровеҳ намозининг миқдори йигирма ракат бўлганига саҳиҳ ва қувватли далил бўлади.
Таровеҳнинг йигирма ракат эканига далолат қилувчи ҳадисларнинг барчаси саҳобалар ва тобеинлардан ривоят қилинган. Улар бидъатчи бўлмаганлар. Балки Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига эргашувчи бўлганлар.
Улар собит далиллари бўлмай туриб, ўз хоҳишларидан келиб чиққан ҳолда, минглаб мусулмонларга Рамазонда имом бўлиб йигирма ракат ўқиб беришлари ақлан ҳам шаръан ҳам амримаҳол ишдир.
Умар ибн Хаттоб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳумлар ва улардан кейинги қанчадан қанча буюк тобеинлар таровеҳ намозининг саккиз ракат эканига далолат қилувчи ҳадисга амал қилмасдан, ўзларича йигирма ракат ўқиган, деб ўйлаш мумкинми!? Асло ундай эмас.
Ҳанафий мазҳабининг буюк олимларидан бири Фахруддин Ҳасан ибн Мансур Қозихон ўзларининг машҳур "Фатовои Қозихон” номли фатволар тўпламида таровеҳнинг йигирма ракат экани борасида қуйидагиларни айтиб ўтганлар:
"Таровеҳнамозининг миқдори асҳобларимиз (яъни, Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳам-мад раҳматуллоҳи алайҳим) ва имом Шофеий наздида Имом Ҳасаннинг ривоятидаги кабидир. Унга кўра: Рамазон ойи кечаларида қоим бўлиш суннат бўлиб, уни тарк қилмаслик лозим бўлади. Ҳар бир масжид аҳли ҳар кеча витрдан ташқари беш тарвеҳа, ҳар икки ракатда салом бериб, ўн салом билан йигирма ракат ўқийдилар. Имом Молик раҳимаҳулоҳ эса витрдан ташқари ўттиз олти ракат ўқийди, деганлар. Имом Моликнинг далили Ҳазрати Умар ва Али розияллоҳу анҳумолар ўттиз олти ракат намоз ўқир эдилар, деган ривоятдир.
Бизга эса Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган: "Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойида йигирма ракат ўқир эдилар ва ундан сўнг уч ракат витр ўқир эдилар”, деган ҳадис далилдир.
Ҳадисда "Рамазон ойида” деб хослашидан таровеҳ намози назарда тутилгани зоҳирдир. Саҳобалар ва тобеинлардан ҳам шу миқдор машҳурдир".
Мавзунинг якуни сифатида таровеҳ намозининг миқдори ҳақида "Ислом олами уламолари бирлашмаси”га берилган саволнинг жавобида келтирилган маълумотларнинг хулосасини келтириб ўтиш мақсадга мувофиқдир.
Хулоса шуки: албатта, таровеҳ ва унинг йигирма ракат экани хулафои рошидинларнинг суннатидир. Ҳазрати Умар, Усмон, Алий ва барча имомлар, муҳаддислар ва фуқаҳолар таровеҳнинг йигирма ракатли суннат эканига қавлий, феълий ва сукутий жиҳатдан ижмоъ қилганлар. Буни инкор қилган кишининг далили йўқдир. Чунки бунинг хилофи ижмоъга зиддир. Валлоҳу
аълам.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан