loader
Foto

Мусулмон шахс зулм қилмайди

Зеро, зулм золимлар бошига тушадиган зулматлардир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Зулмдан сақланинглар, чунки зулм Қиёмат кунида зулматлардир” (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло зулмни қатъий ҳаромлигини баён қилган мана бу ҳадиси Қудсийда зулмдан чиройли йўл билан қайтарилган: “Эй Бандам, Мен зулмни Ўзимга ҳаром қилдим, уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, ўзаро зулм қилманглар” (Муслим ривояти).

Бас, шундан кейин ҳам динининг мустаҳкам арконини ушлаган мусулмон томонидан зулм воқе бўлиши жоизми?

Шароит қандай бўлишидан қатъи назар, чинакам мусулмон зулм қилмайди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий мусулмоннинг сифатларини баён қилаётганда айтганлар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди ва уни ўз ҳолига ташлаб ҳам қўймайди. Ким биродарининг ҳожати билан юрса, Аллоҳ ҳам унинг ҳожатида бўлади. Ким мусулмондан ғамни кетказса, Аллоҳ ҳам унинг Қиёмат кунидаги ғамларидан бирини кетказади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ Қиёмат куни унинг айбини беркитади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмондан зулмни нафий қилиш билан кифояланмадилар, чунки у зот мусулмондан зулм содир бўлишини тасаввур ҳам қилмас эдилар. Балки у зот мусулмон ўз биродарини ёрдамсиз қолдиришдан қайтарганлар.

Чунки бунда зулм бордир. Яна биродарининг ҳожатини чиқариш, унинг ғамини аритишга рағбатлантирдилар. У зот бу билан мана шу фазилатлардан бош тортиш зулм, биродари ҳақида адолатсизлик қилиш деб ишора қилаётгандеклар гўё.

Ўтган сарлавҳа остида айтилган оят, ҳадислар яхши кўриш, ёмон кўриш, қариндошлик, насл-насабдан қатъи назар. адолат қилишга ундаганини кўрган бўлсак, энди бу ерда оят, ҳадислар мутлақ зулмдан қайтарганини кўряпмиз. Бу эса ҳар бир инсонга, ҳатто ғайридинларга ҳам адолатли бўлишни, зулмдан узоқ бўлишни юклайди. Чунки Аллоҳ таоло адолат, эҳсонга буюриб, зулмдан, одамларга ёмонлик қилишдан қайтарган:

“Аллоҳ Дин(ингиз - Ислом) тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлиш-ларингиздан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилгувчиларни севар” (Мумтаҳана сураси, 8-оят).

Муҳаммад Али Ҳошимийнинг

"Мусулмон ахлоқи" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси