loader
Foto

Туркия президенти аёлларни Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклади

Ражаб Тоййиб Эрдўған Туркияда аёлларнинг имкониятларини кенгайтиришга бағишланган дастурда нутқ сўзлади.



Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған барча аёлларни Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклаб, 8-март тинчлик, дўстлик, биродарлик ва ҳамжиҳатлик олиб келишига умид билдирди. Бу ҳақда Туркия етакчиси Туркияда аёллар ҳуқуқларини кенгайтиришга бағишланган дастурда сўзлаганида айтиб ўтди.



Президент Эрдўған бутун дунё аёлларига миннатдорчилик билдирди, шунингдек, Ватан, Турк байроғи ва мамлакат мустақиллиги учун жон фидо қилган мард турк аёлларига ҳурмат бажо келтирди.



“Нафақат 8-март, балки йилнинг қолган 364 куни ҳам аёллар байрамига айланиши керак. Аёлларнинг давлатимиз, халқимиз ва инсониятга, шахсий ҳаётига қўшган ҳиссаси жуда катта, муҳим ва қимматли, бир йилда бир кун билан чекланиб бўлмайди”, — деди Эрдўған.



Бундан ташқари, Туркия раҳбари минтақа аёлларига, хусусан, “Фаластин ва Ғазонинг юраги синган аёллар”га табрик ва миннатдорчилик сўзларини етказди.



Шу билан бирга, Туркия раҳбари “икки томонлама стандартлар” ва ҳуқуқлар ҳақида тез-тез гапирадиган, лекин Ғазо секторига келганда ҳеч нарса қилмайдиган халқаро ташкилотларнинг ёндашувларига эътибор қаратди.



“Дунёда “аёллар ҳуқуқлари” ҳақида шов-шув кўтараётганларнинг 7-октабрдан бери Фаластинда ўлдирилган 32 мингдан ортиқ бегуноҳ аёл ва болаларни ҳимоя қилиш учун овозларини баланд кўтарганини эшитганмисиз? Қолган инсониятга ҳуқуқий сабоқ бераётганлар Исроилнинг геноцид сиёсатига қарши ҳаракат қилганини кўрдингизми? Исроил томонидан ўлдирилган 100 дан ортиқ журналистлар юзасидан мамлакатларга матбуот эркинлиги ҳисоботларини тарқатаётганларнинг муносабатига гувоҳ бўлдингизми? Охирги ҳисоботида Туркияни танқид қилган Европа Кенгаши ва бошқа Европа Иттифоқи (ЕИ) институтларининг Исроилни яширин ва очиқ қўллаб-қувватлашдан бошқа баёнотини эшитдингизми? Суриядан Фаластингача бўлган ҳудудларда ўн минглаб аёллар ва болаларнинг ваҳшийларча ўлдирилишига бефарқ бўлганларни қандай жиддий қабул қилишимиз мумкин? Фаластин халқининг геноциди ҳақида сукут сақлаганлар ва бу қирғинларни менсимайдиганлар изчил, самарали ва холис бўла оладими? Албатта, бу мумкин эмас”, деди Эрдўған.

Президент Туркия ўз позициясини намоён этганини, адолатсизликка дипломатия ва ташаббуслар билан қаттиқ қаршилик кўрсатганини таъкидлади.

"Чунки биз улар каби иккиюзламачи эмасмиз ва ҳеч қачон бўлмаймиз ҳам", деб хулоса қилди у.