loader
Foto

Сийратни ёзиш қандай бошланди ва қандай ривожланди?

Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг сийратларини китобат ҳолига келтириш у зотнинг суннатларини, яъни ҳадисларини ёзишга нисбатан олганда вақт жиҳатдан кейинги ўринда туради. Чунки суннатни битиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлик чоғларидаёқ ўзларининг рухсатлари, балки амр-лари билан бошланган. Табиийки, у зот дастлаб Қуръон билан Ҳадис орасида нақадар катта фарқ борлигини англаган саҳобаларидан кўнгли тўқ бўлгандан кейингина бу ишга рози бўлганлар. Пайғамбар сийратини ёзишга биринчи эҳтимом қилган инсонлар: ҳижрий 92 йилда вафот топган Урва ибн аз-Зубайр сўнг Уббон ибн Усмон (105 ҳ.), Ваҳб ибн Мунаббиҳ (110 ҳ.), Шураҳбил ибн Саъд (123 ҳ.) ва Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийлардир (124 ҳ.).

Яекин уларнинг ёзиб қолдирган битиклари бизгача етиб келмаган, замон ўтиши билан йўқолиб кетган. Фақат Ваҳб ибн Мунаббиҳ ёзган китобнинг озгина қисми Олмония шаҳарларининг бирида сақланаётгани ҳақида маълумотлар бор. Аммо яқин замонда яшаган баъзи олимлар ана шу илк тарихнависларнинг қайдларини ўқиб-ўрганиб, ўз китобларига киритганлар. Афсуски, у китобларнинг аксариси бизгача етиб келган эмас. Ана шундай олимларнинг бошида ҳижрий 152 йилда вафот этган Муҳаммад ибн Исҳоқ туради. Тадқиқотчилар Пайғамбар сийрати ҳақида Муҳаммад ибн Исҳоқ ўз замонида ёзган "Ал-Мағозий" номли асарини мазкур мавзуда оид энг ишончли манба эканини таъкидлаганлар. Унинг асл нусхаси сақланиб қолмаган бўлса-да, лекин у кишига замондош Абдулмалик ибн Ҳишом уни ўқиб-ўрганиб, таҳрир қилиб бизга етказганлар. Ўшанда ибн Исҳоқ бу китобни ёзганига тақрибан эллик йил бўлган эди.

Ибн Халликон айтади: "Ибн Ҳишом Ибн Исҳоқнинг "ал-Мағозий" китобидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини олиб, таҳрир қилиб ихчам ҳолга келтирган ва у одамлар орасида "Сийроту ибни Ҳишом" номи билан машҳурдир".

Шайх Рамазон Бутийнинг

"Фиқҳус-сийра - Сийратни англаш" китобидан

Зиёуддин Мансур ҳафизаҳуллоҳ таржимаси