loader
Foto

Суннат ҳақида

«Суннат» сўзи эса, араб тилида «тариқат–маънавий йўл» маъносини англатади. Фалончининг суннати дегани унинг ҳаётий йўли, деганидир. Шундан келиб чиқиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, деганда тарийқатлари, йўлларини тушунамиз.

Суннат муҳаддислар истилоҳида, қуйидагича таъриф қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш, тақрир, халқий (тана тузилиши), ахлоқий сифатлар ва таржимаи ҳолга тегишли маълумотлар «Суннат» дейилади».

Ушбу таъриф Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган ва ишончли манбаълар орқали ривоят қилинган бир неча хил нарсани ўз ичига олмоқда ва ўша нарсаларнинг тўплами «Суннат», деб номланишини англатмоқда. Ана ўша таърифда зикри келган нарсаларга биттадан мисол келтирайлик.

1. «Гап» – бунга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг турли ҳолат ва муносабатларда гапирган гаплари киради.

Мисол учун «Албатта, ишлар ниятга боғлиқдир» - деганлар.

Ушбу муборак гапни эшитган одамлар, омонат билан уни эшитмаганларга етказганлар. Шу тарийқа авлоддан-авлодга ўтиб муҳаддис олимгача етиб келган. Муҳаддис эса илмий йўллар билан текшириб, унинг ҳадис эканлигига ишонч ҳосил қилгандан сўнг ки-тобига ёзган. Буни «қавлий (гап) суннат» дейилади.

2. «Иш» – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган иш–амалларидир. Мисол учун таҳорат қилиш, намоз ўқиш, ҳаж қилиш ва бошқа ишларни олиш мумкин. Шунга ўхшаш амалларни кўрган кишилар бу ҳақда кўрмаганларга айтиб, кўрсатиб бер-ган. Бундай маълумотлар шу тарийқа ҳадис олимига етиб келган. Пайғамбар сол-лаллоҳу алайҳи васалламнинг қилган ишлари сифатида асар бўлиб қолган. Буни, «ама-лий (иш) суннат» дейилади.

3. «Тақрир» – бир нарсага иқрор бўлиш, унинг тўғрилигини тасдиқлаш-маъқуллаш маъносини англатади. Суннатдаги тақрир эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг саҳобаи киромлар томонидан содир бўлган баъзи нарсаларни маъқуллашлари-дан иборатдир. Бунга мисол: Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз юборган бир тўп лашкарга бош эди. Борган жойида жунуб бўлиб қолди ва совуқдан қўрқиб ғусл қилмасдан, таяммум билан намоз ўқиди. Унинг шериклари буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказишган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қилган ишини маъқуллаганлар. Маъқуллаш, гап билан маъқул, деб айтиш ёки инкор қилмай, индамай қўйиш билан ҳам бўлади Буни «тақририй суннат» - дейилади.

4. «Халқий» – тана тузилишидаги сифатлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васал-ламни кўрган кишилар У зотнинг бўй-бастлари, тана тузилишлари сочлари, кўзлари ва бошқа аъзоларини батафсил васф қилиб берганлар. Бу маълумотлар ҳам ривоят бўлиб муҳаддисларга, улар орқали Ислом умматига етиб келган. Масалан, Имом Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадийя» асарлари, айнан шу масалага бағишланган алоҳида китоб-дир. Барча муҳаддисларимиз ҳам алоҳида китоб таълиф қилмасаларда, ушбу маънодаги ҳадиси шарифлардан ўзларига етганларини ривоят қилиб қолдирганлар.

5. «Хулқий - Ахлоқий сифатлар». Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз сол-лаллоҳу алайҳи васалламнинг сабрлари, ҳилмлари, шижоатлари, саҳийликлари каби барча ахлоқий фазийлатларини ҳам ривоят қилиб қолдирганлар. Бу ҳақдаги маълумот-лар ҳам суннатга киради.

6. «Таржиами ҳол». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳаётлари,  У зот таваллуд топганларидан бошлаб, то Роббиларига мулоқот бўлгунлари-ча таржимаи ҳоллари ўта аниқлик ва бутун тафсилотлари билан ривоят қилинган. Бу бобга тегишли ривоятлар тўпламини «Сийрат», ҳам дейилади.

Муҳаддис уламоларимиз ушбу олти бандга тегишли ҳар бир маълумотни атрофлича, чуқур ўрганиб, сўнгра ўз китобларига киритганлар.

Ўз-ўзидан маълум бўлмоқдаки, Суннат Ислом учун, мусулмонлар учун ўта муҳим манбаъдир. Чунки, у Ислом Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг–Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал динини ўз ҳаётларида тўлиқ татбиқ қилиб кўрсат-ган муборак зотнинг–гаплари, ишлари, маъқуллашлари, халқий, хулқий сифатлари ва таржимаи ҳоллари тўпламидан иборатдир.

Илоҳий, абадий ва мўъжизакор дастур Қуръони Каримни ҳаётга татбиқ қилиш йўллари ва услубларини ҳам Суннатдан ўрганамиз. Чунки, Қуръони Каримни қабул қилиб олган, одамларга етказган ва ўз ҳаётида татбиқ қилиб кўрсатган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Қуръони Каримнинг тафсирини ҳам Суннатдан ўрганамиз. Чунки, Қуръоннинг бирин-чи ва бош тафсирчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У киши ўзларига нозил бўлган оятларини атрофларидаги кишиларга ўқиб берар, зарур бўлганда тафсир қилиб ҳам берар эдилар. Кўпгина саҳобалар ўзлари тушунмай қолган жойларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб олар эдилар. Ана ўша нарсалар ҳам ҳадисларда келган.

Қуръони Карим Бош дастур сифатида умумий ҳолда амр қилган ишларнинг тафсило-тини ҳам суннатдан билинади. Мисол учун Аллоҳу таоло Қуръонда Намоз ўқишга амр қилган. Лекин намозни қандоқ қилиб ўқишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васал-лам батафсил айтиб, кўрсатиб берганлар. Шунингдек, Қуръони Каримда закот бериш фарзлиги айтилган, закотни қайси турдаги молдан, қанча миқдорда ва қандоқ қилиб бе-риш ҳам Суннати мутаҳҳарада батафсил баён қилинган.

Шунингдек, умумий йўналиш ва қоидалар Қуръонда зикр этилиб, шу асосда шариат-нинг бир мунча ҳукмлари Суннат ила собит бўлгандир. Демак, Суннат Ислом шариатида Қуръони Каримдан кейинги иккинчи масдар-манбаъдир. Бу солиштириб кўриб мулоҳаза қилиб айтилган фикр эмас. Балки, Суннатнинг Ислом шариатида иккинчи масдар экан-лигини Аллоҳу таоло ва Унинг Расули Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган-дир. Бу–мусулмонларнинг асрлар оша иттифоқ ўлароқ амал қилиб келаётган ишидир. Бу–соғлом ақл ва тафаккур тақозосидир.

Аллоҳу таоло Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида мўминларни аввало Ўзига ито-ат қилишга амр қилганидан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилишга амр қилган. Қуръони Каримда:

«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинглар ва Расулига итоат қилинглар» ояти такрор-такрор келган.

Аллоҳга итоат қилиш Қуръонга итоат қилиш билан бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, тирикликларида шахсларига иотат қилиш билан бўлса, У зотнинг вафотларидан кейин эса суннатларига амал қилиш билан бўлади. Кези кел-ганда шуни айтиб ўтиш лозимки, Аллоҳга итоат қилиш билан Пайғамбарга итоат қилиш алоҳида-алоҳида икки хил нарса эмас.

Чунки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам доимо Аллоҳнинг итоатида бўлганлар. Аллоҳнинг иотатидан ташқари нарсага буюрмаганлар. Гап Аллоҳу таолонинг бевосита Қуръонда келган амрларига итоат қилиш билан, Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари воситаси ила келган амарларига ҳам итоат қилиш ҳақида кетмоқда.

Қуръони Карим лафз ва маъно жиҳатидан Аллоҳнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборган, ожиз қолдирувчи ваҳийсидир.

Суннат-ҳадис–эса маъноси Аллоҳдан, лафзи Пайғамбардан бўлган ваҳийдир. Динди-ёнат, шариат ва бошқа маъноларда Пайғамбармиз ўз шахсий фикрларини эмас, Ал-лоҳнинг ваҳийсини ўз иборалари билан тақдим этганлар. Аллоҳу таоло У зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васфларида:

«У ҳаводан гапирмас. Бу фақат қилинадиган ваҳийдир»-деган.

Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир гаплари Аллоҳнинг ваҳийсидир. У киши ўз ҳавойи нафсларидан гапирмаслар. Ана шундан кўриниб турибди-ки, Суннат шариатимизнинг иккинчи масдари–манбаъсидир.

 Соғлом ақл ҳам Суннат Қуръондан кейинги иккинчи масдар эканини тасдиқ қилади. Аллоҳу таоло Ўзи танлаб олиб пайғамбар қилган зотнинг суннати иккинчи масдар бўл-май, кимники бўлиши мумкин? Албатта, ҳар бир соғлом фикр эгаси бу саволга, фақатги-на Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларигина Ислом шариатига ик-кинчи масдар бўлади, деб жавоб беради.

Аллоҳу таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони Каримнинг биринчи оятларини нозил қилиб, У зотни охирги Пайғамбар, деб эълон қилди. Муҳаммад сол-лаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига иймон келтирмаган одам мўмин бўла олмаслиги узил-кесил ошкор бўлди. Мўминларнинг У зотга эргашишлари ва иқтидо қилишлари лозиму лобуд бўлди. Юқорида зикр қилинганидек, бу ҳақиқатни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қайта-қайта таъкидлади. Исломнинг биринчи кунидан бошлаб, мўмин-мусулмонлар каттаю-кичик ҳар бир нарсани ўз пайғамбарларидан  ўргана бошладилар. Улар У зотдан илоҳий дастур бўлган Қуръони Карим оятларидан тортиб, то оддий таҳорат олишгача бўлган ҳамма нарсаларни аста-секин қубул қилиб олар эдилар. Шу-нинг учун ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳаётларининг бирор лаҳзаси ҳам саҳобаи киромларнинг диққат-эътиборларидан четда қолмас эди.

Чунки: У зотнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, ўзларидан содир бўлган ҳар бир ҳаракат шариат ҳукми, ўрнак, шахсий мисол, ҳикмат, насиҳат ва кўрсатма си-фатида қабул қилинарди. Инсоният тарихида ҳаёти бунчалик тўкис очиқчасига, оммавий равишда, кўпчилик томонидан ўрганилган яккаю-ягона шахс Муҳаммад сол-лаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зоти бобаракотнинг ҳатто ўта нозик ва хос ҳаётла-ри, бугунги кун истилоҳи билан айтилганда жинсий ҳаётлари ҳам тўлалигича ўрганилиб ривоят қилингандир.

Чунки, Ислом дини мукаммал дин бўлгандан ва инсон ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олганидан буларнинг ҳаммасидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсий ўрнаклари бўлиши керак эди. Ифодали қилиб айтилганда у зот Қуръонни ўз шахсларида татбиқ қилиб одамларга кўрсатишлари керак эди. Амалда шундоқ бўлди ҳам.

Хулоса шулки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам содир бўлган заррача нарса ҳам саҳобаларнинг эътиборидан четда қолмаган. Буни душманлар ҳам тан олган-лар.

Шундай қилиб, Пайғамбаримиз ҳадислари улкан иноят билан сақланиб, ёдланиб, ривоят қилиб келинди. Бунда саҳобаи киромларнинг хизматлари ғоятда катта бўлди. У зотлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тириклик пайтларида бу ишга кат-та аҳамият берган бўлсалар, У зот вафотларидан кейиин аҳамиятлари яна ҳам ортди.

Инсоният тарихида ўзининг кенг кўламлиги, ихлослилиги, поклиги, аниқлиги ва бошқа жиҳатлари билан мисли кўрилмаган бу илмий ҳаракатга Аллоҳ таоло улкан са-маралар берди. Бу самаралар фақат мусулмонлар учун эмас, балки бутун дунё учун ҳам фойдали эканлиги кундан-кунга равшанлашиб бормоқда.

СУННАТ ВА ИЛМИЙ МЎЪЖИЗАЛАР

Суннат барча тарафдан Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда туради. Балоғат ва фасоҳатда ҳам, шаръий ҳукмларда ҳам, жумладан, илмий мўъжизаларга далолат қилишда ҳам. Яъни, суннат оддий одамлардан содир бўладиган гап сўз ёки ҳатти ҳара-катлар эмаслиги аён. Суннатда собит бўлган баъи илмий мўъжизалар ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақ пайғамбар ва Исломнинг ҳақ дин эканига ёрқин далолат бўлиб келади. Қуръони Каримнинг илмий мўъжизаларидан кўпроқ далиллар келтирганимиз учун суннатдаги илмий мўъжизалардан иккитагина далил келтириб ўтамиз.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Идишларнини устини ёпинг. Мешларни боғланг. Эшикларни беркитинг. Чироқларни ўчиринг. Бас, шайтон мешларни еча олмас. Эшикларни оча олмас. Идишларнинг устини очолмас. Агар бирингиз ҳеч нарса топа олмаса, идишининг устига бир чўпни кўндаланг қўйиб бўлса ҳам, Аллоҳнинг исмини зикр қилиб қўйсин. Албатта, фосиқча уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юборур», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилган.

Абу Довуднинг лафзида: «Эшигингни беркит ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Чироғингни ўчир ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Идишингнинг устини ёп ва Аллоҳнинг исмини зикр қил. Мешингни боғла ва Аллоҳнинг исмини зикр қил», дейилган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сиз билан биз умматларига бошқаларнинг кўзида арзимас бўлиб кўринса ҳам, аслида ўта муҳим бўлган ишларда иршод бермоқдалар.

Жумладан, «Чироғингни ўчир ва Аллоҳнинг исмини зикр қил», демоқдалар.

Ушбу амри набавийга амал қилган ҳолда ҳар бир мусулмон кечқурун чироғини ўчи-риб ётмоғи лозим бўлади. Чироғни ўчирмай ётишда зарар борлиги сир эмас. Бу ишнинг зарарларидан бири ҳадиси шарифнинг ўзида айтиб ўтилмоқда:

«Албатта, фосиқча уй аҳлининг устидан уйларига ўт қўйиб юбо-рур».

Кечаси заруратсиз чироқни ўчирмай ётганда бундан бошқа кўнгилсизликлар ҳам бўлиши мумкин. Ҳеч бўлмаганда, кечаси билан беҳуда ёниб чиққан чироқдан оила иқтисодига зарар етиши турган гап.

«ал-Араб» газетининг 1999 йил, 14-15 май куни учун чиққан 5620 ададига назар солиб туриб, охирги саҳифада «Ёруғликда ухлаш узоқни кўра олмасликка сабаб бўлади» деб номланган илмий мақола чиқди. Унда хабар берилишича, АҚШнинг Флорида вилоятидаги «Фанселвания» дорулфунуни тиб факултетида олиб борилган илмий тажриба натижаси ҳақида сўз борарган. Доктор Ричард Ставун раҳбарлигида узоқни кўра олмаслик хасталигига учраган 479та иккидан 22ёшгача бўлган беморлар устида олиб борли-ган тажриба ҳақида ҳам маълумотлар берилган эди. Унда айтилишича, 479 бемордан ўн фоизи қоронғуда, 34 фоизи ним ёруғда ва 56 фоизи тўла ёриғда ухлар эканлар. Демак узоқни кўра олмаслик хасталиги асосан чироқни ўчирмай ухлашдан бўлар экан.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадиси шарифларидан бири-нинг бир бўлагида айтилган иршоднинг ўша вақтда ва ундан кейин ҳам бировнинг ақли-га ҳам келмаган фойдаси минг тўрт юз йилдан кейин илмий равишда тасдиқлангани ажойиб.

Ҳа, Ислом шариатида келган ҳукмлар ва кўрсатмаларнинг ҳикмати давр ўтган сари, илм ривожланган сари ўз тасдиғини яна ҳам кучлироқ топиб бораверади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Ююсуф (роҳимаҳуллоҳ)

"Иймон" китобидан