Намознинг қиёмида оёқлар орасини ҳаддан ошиқ очиб туриш ҳам ватанимиз мустақиллигидан кейин пайдо бўлган ихтилофлардан бири. Табиийки, бир қарашда кибру ҳавони ифодаловчи оёқлар орасини кенг очиб туриш, кўпчиликка эриш туюлади, ҳатто ёши улуғ отахонлар ёшларга танбеҳ ҳам беришади. Лекин бу гапларнинг таъсири сезилмайди. Ўзларича далилларни келтириб, қилаётган амалларини суннатга мувофиқ эканини даъво қиладилар.
Келинг, ўзимизнинг фикримиз билан эмас, шариатимизда далил бўладиган сўзлар билан масалага холис баҳо берайлик. Намоз улуғ ибодат саналади. Ибодат бўлганда ҳам диннинг устуни ҳисобланади. Ибодатнинг моҳияти банда Раббиси хузурида синиқлик, илтижо ва хушуъ билан туришдир. Бу ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
Яъни: "Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир". (Муъминун сураси, 1-2-оятлар)
Демак, оятга мувофиқ киши намозини хушуъ-хузуъ билан адо этиши лозим. Ибодатни кибр билан, камтарликка зид кўринишда бажариши юқоридаги оятга зид келади.
Намозда оёқлар ҳолати ҳақида қандай далил келган? Бу борада биргина ҳадис келган. Баъзилар мана шу ҳадисни зоҳирини олиб кўпчиликни ташвишга қўяди, турли ихтилофларга сабаб бўлади. Мазкур ҳадис "Саҳихул Бухорий”да келган бўлиб, қуйида унинг матни ва маъноси билан танишамиз. Анас ибн Молик розияллоху анхудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафларингизни тўғриланг. Зеро, мен сизларни ортимдан кўраман" дедилар". Анас розияллоҳу анҳу айтади: Биримиз шеригининг елкасига елкасини, оёғига оёгини текказиб турар эди" (Имом Бухорий ривоятлари). Ҳақиқатда ҳадис баъзилар даъво қилаётганидек намозда оёқларини ёнидаги кишининг оёғига текказиб туришга далил бўладими? Бунга аниқлик киритиш учун ушбу ҳадисни шархдаган олимларнинг сўзларига мурожаат қилайлик. "Саҳихул Бухорий”нинг энг машхур ва мўътабар шарҳи "Фатхул Борий" асарида Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ айтади: "Бундан сафларни тўғрилаш ва бўшлиқни тўлдиришда муболаға назарда тутилган”.
Яна Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ мазкур асарда ҳадис сўнгида келган “Биримиз шеригининг елкасига елкасини, оёғига оёғини текказиб турар эди” деган қўшимчани ровий томондан қўшилганлигини таъкидлайди. Яъни, "Саъийд ибн Мансур Бухорийнинг ривоятидаги ҳадис охирида келган қўшимчани Анас розияллоху анхунинг сўзи эканлигини очиқ ойдин айтган”, дейди. Аллома Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг "Саҳихул Бухорий"га ёзган шарҳи "Файзул Борий" китобида Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳадисга айтган юқоридаги шарҳини келтириб, бу тўрт мазҳаб фақихдарининг ҳам йўлидир, деган. Ва гапида давом этиб, қуйидагиларни илова қилган: "Шархул виқояда: "Икки оёғи орасини тўрт бармоқ миқдорича очади ва бу Шофеийларнинг ҳам сўзидир. Бошқа сўзга кўра, бир қарич миқдорича очади” Мен (Анвар Шоҳ) айтаманки: "Салафлар наздида ёлғиз намоз ўқувчидан жамоатда намоз ўқувчи қадамини кўпроқ очади деган фарқ келганини топмадим. Бу фақат бемазҳаблар пайдо қилган масаладир”.
Кашмирий раҳматуллоҳи алайҳ "Сунани Термизийга" битган шарҳи ”Ал арфуш-шазий”да ҳам бу ҳақида сўз юритиб жумладан шундай деган: "Тўпиқни тўпиққа ёпиштириш ҳақидаги "Саҳихул Бухорий"да келган ривоятга келсак, уни баъзилар ҳақиқат деб ўйлайди. Ваҳоланки, у ровийнинг муболағасидир. Аслида бу борада бирор ўлчов йўқдир. Энг муносиби хушуъга яқин бўладиган кўринишдир". Бу ҳадис матнига муҳаддислар томонидан берилган шархдар эди. Энди фақихдарнинг сўзларига мурожат қилайлик. Ҳанафий мазҳабида намозда қиём ҳолатида оёқлар қандай туриши ҳақида турли ривоятлар келган. Масалани мўътабар манбаларда келган далиллар билан ўрганиб чиқайлик. Ҳанафийларнинг катта фақихдаридан бири Абдулҳай Лакнавий раҳматуллоҳи алайҳўзининг "Фатово” китобида:
"Намозда оёқлар текказиладими ёки ажратиладими?" саволига қуйидагича жавоб берган: "Афзали, "Жомеъур румуз” ва "Хизонатул муфтиййин" китобларида келганидек тўрт бармоқ миқдорича бўлишидир". Бунга ўхшаш гап "Ҳошияту ибн Обидийн" китобида ҳам келган:
"Намозда узрсиз бир оёқда туриш макруҳ ҳисобланади. Намозда икки қадам ораси қўл бармоқларининг тўрттаси миқдорида бўлиши лозим. Мана шу хушуъга яқинроқдир. Абу Наср Дабусий раҳматуллоҳи алайҳдан мана шундай қилиши ривоят қилинган. "Ал кубро” китобида ҳам шундай келган. Тўпиқни тўпиққа ёпиштириш ҳақида ривоят қилинган ҳадисдан жамоат кўзда тутилган. Яъни, ҳар бир киши бошқанинг ёнида туради (натижада жамоат кўпаяди). "Фатовойи Самарқанд” китобида шундай мазкурдир”.
"Мафатиҳул жинон" китобида: "Оёқлар орасини жуда ҳам очиб юбормайди, бир-бирига текказиб ҳам олмайди, балки қиём ҳолатида икки қадами ораси тўрт бармоқ миқдорича бўлиши лозим” дейилган.
Намозда оёқларни ҳаддан ортиқ кериб, оёғини ўнг ёки чап томондаги кишиларнинг оёғига текказиб туришни тўрт мазҳаб вакилларидан бирортаси айтмаган. Бу намозда янги пайдо бўлган кўринишлардан бири саналади. Тўпиқларни текказиш ҳақида келган ривоятларни фақихдар бошқа маънода эканини таъкидлаганлар.
Қиём ҳолатида оёқлар орасидаги масофа қанча бўлиши керак? Бу борада фақиҳларимиз турлича фикр айтганлар: баъзилар тўрт бармоқ миқдорича деган бўлса, яна бошқалар бир қарич бўлиши керак деганлар. Баъзиларнинг намоз давомида оёқларини такаллуф билан кериб туришлари ёнидаги инсонларга озор ҳисобланиб, у на суннатга, на фиқҳга алоқаси бор. Оёқни бундай кериб турувчи киши сажда, ташаҳҳуд ва икки сажда ўртасида қандай ўтиради? Бу амри маҳол ишдир.
Намозда қиёмда турганда оёқлар ораси қандай ҳолатда туриши борасидаги мазҳаблар фикри ҳақида Абдурраҳмон ал-Жазийрийнинг «ал-Фиқҳ ъала-л-ма-зоҳиб ал-арбаъа» китобида қуйидагилар зикр қилинган:
«Қиём ҳолатида икки оёқни очиш миқдори жуда яқин ҳам, жуда узоқ ҳам бўлмаслиги керак. Фақат семизлик, тўлалик, барвасталик ва шунга ўхшаш узр билан бўлса, жоиз. Мазҳабларда унинг миқдори борасида ихтилофлар бор. Ҳанафийлар икки оёқ орасини тўрт бармоқ миқдори очиш деб белгилаганлар. Ундан ортиқ ёки кам бўлса, макруҳ бўлади. Шофиъийлар эса бир қарич деб белгилаганлар. Улар ораси бундан қисқа ёки ортиқ очилса, макруҳ бўлади. Худди бу бир оёқ олдинроқда, бириси орқароқда тургандек макруҳ бўлади. Моликийлар икки оёқ орасини очишни суннат эмас, балки мандуб бўлади, дейдилар. Улар фикрича, икки оёқ ораси бир-бирига теккизилган ёки жуда очилган ҳолатда эмас, балки урфда ёмон кўрилмайдиган ҳолатдаги ўртача очилиши керак. Ҳанбалийларнинг фикрлари ҳам моликийлар сингаридир, фақат улар мандуб ёки суннат деб белгилаган эмаслар» (Абдурраҳмон ал-Жа-зийрий. Ал-Фиқҳ ъала-л-мазоҳиб ал-арбаъа. 1-жилд, 202-бет).
Саҳобалардан бири Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан келган бир ривоятда шундай дейилади:
Яъни: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга юзларини қаратиб, «Сафларингизни тўғриланглар!» дея уч марта марҳамат қилдилар ва бундай дедилар: «Аллоҳга қасамки, сафларингизни тўғриланглар ёки Аллоҳ қалбларингизни бир-бирига мухолиф қилиб қўяди».
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен одамларни шеригининг елкасига елкасини, тиззасига тиззасини ва тўпиғини тўпиғига ёпиштирганини кўрдим» (Имом Абу Довуд, Имом Байҳақий ривоятлари).
Буюк муҳаддис олимлар Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ва Бадриддин ал-Айний юқоридаги сафларда бир-бирининг оёқларига оёқларини теккизиб туриш ҳақидаги ҳадис борасида жумладан шундай дейишган:
«Бундан мурод сафларни тўғрилаш ва унинг очиқлигини йўқотиш борасидаги муболағадир» (Манба: "Фатҳ ал-Борий" ва "Умдатул-Қорий" китоблари).
Яъни, бундан намозхонлар оёқларни бир-бириникига теккизиш ҳақиқий маънода эмас, балки сафларни жипслаштириб туриш маъносида тушунилиши керак. Яъни, оёқларни бир-бировникига теккизиш суннат ёки мустаҳаб эмас, балки ҳадис ибораларидан жуда текис ва ўта жипс ҳолда сафланиш лозим эканини тушуниш керак бўлади. Валлоҳу аълам.
Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,
Фатво маркази директорининг
"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан